August 25, 2018

Адвокатларга тергов ҳибсхоналарида мобил телефондан фойдаланишга рухсат берилади

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги тергов ҳибсхоналарининг ички тартиб қоидаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги буйруқ Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилди.

Киритилган ўзгартиришларга мувофиқ эндиликда адвокатнинг ҳимоя остидаги шахс билан аудио ва видео кузатув қурилмалари бўлмаган махсус хонада ҳамда бегона шахсларнинг иштирокисиз ўз вақтида ва ҳеч қандай тўсиқларсиз учрашиши таъминланади, бунда адвокат ва ҳимоя остидаги шахснинг суҳбатини учинчи шахслар эшитишини истисно этган ҳолда уларни визуал кўриб туриш имконияти сақлаб қолинади.

Шунингдек, адвокатнинг ҳимоя остидаги шахс билан учрашиш жараёнида электрон воситалардан (мобил телефон, фотоаппарат ва диктофон) фойдаланиш имконияти яратилади. Бунда адвокат томонидан электрон воситалардан маълумотларни қайд этиш билан боғлиқ бўлмаган бошқа мақсадларда фойдаланиш тақиқланади.