ИНТИЗОМИЙ ЖАЗОЛАРНИ КИМ ҚЎЛЛАЙДИ?
Telegramm ижтимоий тармоғидан меҳнат интизомини бузган ходимларга нисбатан интизомий жазони ким қўллаши борасида тушунтириш беришимиз тўғрисида сўровлар келиб тушди, яни жазони раҳбарлардан айнан кимлари қўллаши борасида. Ҳозир шу масалада айрим фикрларимни билдириб ўтамиз.
✳️ Кўпинча, ўзининг туман ва вилоят бўлинмаларига эга бўлган йирик ташкилотлар, масалан вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларида юқори даражадаги бошқарув органлари (масалан, вазирлар, қўмита раислари, ёки бош раҳбарлар) туман ёки вилоятлардаги ходимларга нисбатан тўғридан-тўғри интизомий жазо қўллайдилар.
📝 Мисол учун, бир тижорат банкининг Бошқарув раиси шу банкнинг туман филиалида фаолият юритувчи кредит бўлими бошлиғига нисбатан “хайфсан” эълон қилиш тўғрисида буйруқ чиқаради. Ёки вазир шу вазирликнинг вилоят бошқармасидаги, дейлик, девонхона мудирига нисбатан ўртача ойлик иш ҳақининг 50 фоизи миқдорида интизомий жарима жазоси қўллайди.
Бироқ, эътиборли томони шундаки, туман филиалидаги кредит бўлим бошлиғини шу туман филиали бошлиғи ишга қабул қилган, вазирликдаги вилоят бошқармаси девонхона мудирини эса вилоят бошқарма бошлиғи ишга қабул қилган.
Айнан шу каби вазиятларда унутманг: ИНТИЗОМНИ БУЗГАН ХОДИМГА ИНТИЗОМИЙ ЖАЗОНИ УНИ ИШГА ҚАБУЛ ҚИЛИШ ҲУҚУҚИГА ЭГА БЎЛГАН РАҲБАРГИНА ҚЎЛЛАШИ МУМКИН.
Бу борада амалдаги Меҳнат кодексининг 182-моддасида айтилишича, “интизомий жазолар ишга қабул қилиш ҳуқуқи берилган шахслар (органлар) томонидан қўлланилади (82-модда)”. Кўряпсизми, бу қоида қатъий қоида ва унга кўра, интизомни бузган ходимга нисбатан иш берувчи ҳисобланмаган бошқа бир раҳбар интизомий жазо қўлласа, қонунбузилиши келиб чиқади.
МКнинг 82-моддасига кўра:
Ишга қабул қилиш иш берувчининг буйруғи билан расмийлаштирилади. Буйруқ чиқариш учун ходим билан тузилган меҳнат шартномаси асос бўлади.
Корхона раҳбари корхона мулкдори унга берган ваколатлар доирасида ходимлар билан меҳнат шартномалари тузади.
☝️ Юқоридаги қоидадан кўриниб турибдики, ходимни ишга қабул қилган шахс, яъни унинг иш берувчиси деганда, у билан меҳнат шартномасини имзолаган шу корхонанинг биринчи раҳбари тушунилади.
✳️ Юқори даражадаги раҳбарлар, масалан вазирлар, қўмиталар раислари ёки банкларнинг бошқарув раислари фақат ўзлари билан меҳнат шартномаси тузган ходимлар (яъни ташкилот марказий идораси ходимлари, ҳудудий бошқармалар бошлиқлари ва уларнинг ўринбосарлари, тизимидаги ташкилотлар раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарларига) гагина интизомий жазо қўллаши мумкин.
✳️ Уларнинг ходим сифатида улар билан меҳнат шартномаси тузмаган ходимларга тўғридан-тўғри интизомий жазо қўллаши ва бу бўйича тўғридан-тўғри буйруқ чиқариши Меҳнат кодексининг 182-моддаси талабларига зиддир.
✅ МАСАЛАНИНГ ЕЧИМИ СИФАТИДА ҚУЙИДАГИЛАРГА ЭЪТИБОР БЕРИНГ.
✔️ Агар қуйи тизимдаги ходимларни интизомий жазога тортиш зарурияти юзага келганда, юқори бошқарув органлари (яъни вазирлар, қўмиталар раислари, йирик идоралар раҳбарлари, банклар бошқарув раислари) ўз қуйи тизимидаги раҳбарларга уларининг интизомсиз ходимларига нисбатан интизомий жазо қўллаш масаласини кўриб чиқиш тўғрисида КЎРСАТМА ЁКИ ТАВСИЯ БЕРИШИ ТЎҒРИ ЙЎЛ ҲИСОБЛАНАДИ.
✔️ Шунда бу кўрсатма ёки тавсияга биноан қуйи тизим раҳбари ўзи билан меҳнат шартномасини тузган ходимга Меҳнат кодексининг 181-моддасида кўрсатилган интизомий жазолардан бирини қўллаши мумкин бўлади.
Андижон шаҳар адлия бўлими