July 24, 2020

ЭКАЛОГИЯ СОҲАСИДАГИ ИШЛАМАЁТГАН НОРМАЛАР ҲАҚИДА

Ижтимоий соҳадаги муаммоларни ҳал этишда давлат билан бир вақтда жамоатчиликнинг ўрни беқиёс даражада.

Жамоатчиликнинг ўрни ва ролини ошириш борасида етарлича қонун ва қонуности ҳужжатлар қабул қилинмоқда. Фақатгина уларнинг ижросини таъминласак бас, уларга риоя этсак бўлди.

Экология соҳасида ҳам айнан шундай. “Экологик назорати тўғрисида”ги, “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги, “Волонтёрлик фаолияти тўғрисида”ги қонунлар экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги жамоатчиларнинг, эковолонтёрларнинг кўнгилли фаолиятига тўлиқ йўл очиб берган.

Кўнгилли табиат қўриқчилари сони қанча кўпайса, шунчалик яхши бўлади, улар қанчалик кўп сонли бўлса, дов-дарахтлар асраб қолинади, ҳар жойга чиқинди ташланмайди, тоза хавони, сувларни ифлослантириш ҳолатлари кескин камаяди.

Бироқ, яна айтиб ўтаман, экология соҳасига тегишли жамоатчилик фаолиятига оид қонун ҳужжатларимиз етарли бўлсада, амалда уларга шунчаки риоя қилинмаяпти.

Фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органларини ваколатларини таҳлил қилиш давомида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 7 октябрдаги 274-сон қарори билан “Фуқаролар йиғинининг экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш бўйича комиссияси тўғрисида”ги намунавий низом тасдиқланганлиги эътиборимни тортди.

Мазкур Қарорга кўра, комиссиянинг асосий фаолият мақсади жамоатчилик органи сифатида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, фуқаролар йиғини ҳудудининг санитария ва экология ҳолатини назорат қилиш, уни ободонлаштириш ҳамда кўкаламзорлаштириш, аҳолининг экологик маданиятини юксалтиришга доир чора-тадбирларни амалга оширишга кўмаклашишдир.

Бироқ, 274-сонли қарорнинг мана шу 9-иловаси амалда мана 7 йилдан бери ишламасдан келмоқда, бирор-бир махаллада ана шу комиссиянинг экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилишга оид фаолияти кўзга ташланмаганлигини қандай тушуниш мумкин, ахир?

Энди кейингисига қарасак. Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 8 октябрдаги 287-сонли қарорига асосан “Экологик назоратнинг жамоатчи инспекторлари тўғрисида”ги намунавий низом тасдиқланган.

Бу низомга асосан фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат-нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари ўзларида эковолонтёрлар, яъни экологик назоратнинг жамоатчи инспекторлари фаолиятини йўлга қўйиши мумкин.

Ушбу жамоатчи инспекторларга эса етарлича ҳуқуқ ва ваколат берилганки, улар ҳозирда давлат экологик инспекторларига ўхшаб, қонунбузарларга нисбатан маъмурий жарима қўллай олмайди холос. Буни ҳисобга олмаганда, улардаги ваколат ва ҳуқуқдан фойдаланилса, жойлардаги кам сонли давлат инспекторлари учун яхшигина кўмакчи улар.

Хуллас, бу жуда самарали ва фойдали тизимлигини айтишдан чарчамаймиз.

Тасаввур қилиб кўринг, ҳозирги кунда 10 мингга яқин фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари бўлса ва уларнинг ҳар бирида кўнгилли жамоатчи экологлар фаолият юритса, қандай бўлади? Давлат инспекторларига қўшимча яна 10 мингга яқин табиатни асровчи жамоатчилик командаси йўлга қўйилган бўладику.

Шахсан ўзим мутахассис сифатида шундай хулосага келдим: махалла органлари бу масалага ҳам шунчаки жиддий қарамади, уларга фарқи йўқдек, гўё.

Ўзиз ўйлаб кўринг, жамоатчилик экологик назорати тизими, экологик жамоатчи инспекторлар фаолияти ташкил этилишига оид 287-сон қарор қабул қилинганига мана 4 йилдан ошди.

Бироқ, ҳали бирорта фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органида ҳали бирорта экологик жамоатчи инспектор фаолияти йўлга қўйилмади, яъни бу тизим ишламади ҳисоб.

Андижон шаҳар адлия бўлими