April 18, 2020

ДАРАХТ КЎЧАТЛАРИ ТАРҚАТИЛДИ.

Мамлакатимизда эпидемилогик вазият бўлишига қарамай, томорқа ер майдонларида кўкаламзорлаштириш, кўчатлар ўтқазиш ишлари изчил давом этаяпти. Ангрен шаҳри иқлим шароити, тоғли ҳудудда жойлашганлиги боис, кўчат ўтқазиш, экин билан боғлиқ ишлар бошқа туман, шаҳарларга нисбатан муддатида анча фарқ бор. Айни дамда Ангрен шаҳрида кўчат ўтқазиш ишлари бошланиб кетган. Ангрен шаҳар ҳокимининг ташаббуси билан ерли аҳоли хонадонларида, шаҳардаги кўп қаватли уйлар ён-атрофидаги бўш ер майдонларига мевали ва манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилиб, боғ-роғлар ташкил этилаяпти. Шаҳар ҳокими Шукурулла Маҳмудовнинг ушбу ташаббусини Олий Мажлис Қонунчилик Палатаси депутати Носиржон Аминов ҳам қўллаб-қувватлади. Шу мақсадда Ангрен шаҳрига уч мингта мевали дарахт кўчатининг етказилишида амалий ёрдам кўрсатди. Ушбу жараёнга Тошкент тумани "Боғ ниҳол зиё файз" фермер хўжалиги раҳбари Абдурауф Рихсиев. Экопартия Марказий Кенгаш Ижроия девони бўлим раҳбари Шодиёр Азизовлар ҳам бош қўшдилар. Жумладан, шаҳримизга олма, шафтоли, нок каби олий навли дарахт кўчатларининг ажратилишида яқиндан ёрдам бердилар.
Ушбу дарахт кўчатлари Ободонлаштириш бошқармаси томонидан Ангрен шаҳрига келтирилди ва уч мингта кўчат энг аввало кам таъминланган ва эҳтиёжманд оилаларга ва томорқаси мавжуд хонадонларга ҳам тарқатилди.
– Мақсадимиз – Ангрен шаҳрида одамлар оиласига, қолаверса, шаҳарга иқтисодий фойда келтирадиган ўсимлик турларини кўпайтириш, фаровон турмуш барқарорлигини таъминлаш, - дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Носиржон Аминов. - Шу боис аҳоли яшаш ҳудудлари атрофига экиш учун уч минг дона кўчат аҳолига тарқатилмоқда. Экиладиган кўчат турларини тўғри танланса ва экиш агротехникасига амал қилинса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Амалга оширилаётган бундай хайрли амаллар ва бажарилаётган юмушлар Ангрен шаҳрида экологик муҳит барқарорлигига эришиш ва аҳоли фаровонлигининг янада ошишига хизмат қилади