Кончилик ва металлургия саноати ходимлари куни.

Кончилар кунни тунга улаб, эл, Ватан, келажак ҳамда оиласи учун жавлон уриб меҳнат қилаётир. Бугунги кунда "Ўзбеккўмир" акциядорлик жамияти ана шундай фахрли касб эгаларини бир жойга жамлаган.

Мамлакатимизда, мана йигирма йилдирки, май ойининг учинчи якшанбаси кончилик ва металлургия саноати ходимлари куни сифатида кенг нишонланиб келинади. Ўзининг касб байрамини нишонлаётган акцядорлик жамиятимиз жамоаси мустақиллик йилларидан буён улкан бунёдкорлик ва иқтисодий юксалишлар йўлини босиб ўтди.

Ҳозирги кунда 6 минг 200 нафардан зиёд турли касб эгалари меҳнат қилаётган Жамият Республикамизда йирик кўмир саноати корхонаси бўлиб, тасарруфидаги мавжуд иккита очиқ кўмир ҳавзаси ва битта ёпиқ усулдаги кондан йилига ўртача тўрт миллион тонна кўмир қазиб олинмоқда. Тайёр маҳсулот Ангрен ва Янги Ангрен иссиқлик электр станциялари, шунингдек, ижтимоий соҳа объектлари ва республика аҳолиси эҳтиёжлари учун етказиб берилмоқда.