April 16, 2020

Қорамолларни гўштликка боқиш усуллари

Қорамолларнинг гўшт маҳсулдорлиги ва унинг сифати ёш молларни ўстириш ва сўқимлашни тўғри ташкил этишга боғлиқдир. Одатда сўқимга новвослар, подани тўлдиришга лаёқатсиз пучак қилинган сигирлар қўйилади. Сўқимлаш муддати молларнинг ёши ва тирик вазнига боғлиқ бўлиб, 3-6 ойни ташкил этади.

Ёш моллар 15-18 ойлигидан сўқимланади. Сўқимлаш даврида молларни боғлаб боқиш мақсадга мувофиқдир. Сўқимга боғланадиган молларнинг тирик вазни 300-350 кг бўлиши керак, ана шунда уларнинг ўртача кунлик семириши 800-1200 г га тенг бўлганда, сўқимлаш якунида, уларнинг тирик вазни 450-500 кг га етади.

Силос билан сўқимлаш

Сўқимланаётган молларга маккажўхори, кунгабоқар ёки ҳар ҳил ўтлардан тайёрланган силос берилади. Рацион таркибининг 50-65% ни силос ташкил этади. 15-20% дағал озиқа, 23-25% ем берилади. Бу тартибда бериладиган озиқалар таркибида протеин ва минерал моддаларга эхтиёжининг 25-30% ҳисобида мочевина қўшиб берилади. Новвослар ана шу усулда сўқимланганда ўртача кунлик семириши 850-950 граммни ташкил этади. 1 кг эт олиш учун эса 7,5-8,0 озиқа бирлиги сарфланади.

Сенаж билан сўқимлаш

Ҳайвонлар сенаж ейишга тез ўрганишади ва кунига 20 кг гача истеъмол қилиши мумкин. Бу усулда сўқимланганда дастлабки даврда рацион таркибидаги омихта емнинг миқдори тўйимлилиги бўйича 15-20% ни, якунловчи даврда эса 30-35% ни ташкил этади. Бунда новвосларнинг ўртача кунлик семириши 900-1000 грамм тенг бўлиб, 1 кг семириш учун 7,5-6,0 озиқа бирлиги сарфланади.

Омихта ем билан сўқимлаш

Новвосларга фақат омиҳта емнинг ўзи берилса организмда кечадиган физиологик жараёнлар бузилади. Шунинг учун рацион таркибига сомон ва беда пичани киритилса ем билан дағал хашакнинг нисбатини 4:1 га тенглаштириш керак. Бунда ўртача кунлик ўсиш 1100-1200 гр. га тенг бўлиб, 1 кг эт олиш учун 7,0-7,5 озиқа бирлиги сарфланади.

Шўлха билан сўқимлаш

Маълумки, Республикамизда чигит шўлхаси кўп миқдорда ишлаб чиқарилади. Новвосларни бўрдоқилашда ундан самарали фойдаланиш мумкин. Лекин ёш молларга 2 ойдан ортиқ бериб бўлмайди. Чунки шўлха таркибида госсипол деган заҳарли модда бўлиб, организмга салбий таъсир кўрсатади. Яъни қўтир аломатлари юз бериши, кўз хиралашиши, мувозанат юқотиш ҳолатлари рўй бериши мумкин. Заҳарланишни олдини олиш учун рацион таркибига кўк озиқалар киритиш ва 1 кг ҳисобига 0,5 грамм темир кўпороси қўшиб бериш керак. Новвосларга 10-12 кг шўлха берилади, у рационнинг 35-40 % ни ташкил этади.

Пучак қилинган сигирларни сўқимлаш

Катта ёшдаги пучак қилинган сигирлар юқори семизлик даражасига етгунча сўқимланади. Уларга бериладиган озиқа турлари ва сифати унча фарқланмайди. Бундай вақтда суви сиқиб олинган маҳсулотлар барда, ички пўстлоқ, шўлха, силос, сенаж, полиз маҳсулотлари ва илдиз мевалардан фойдаланиш мумкин. Кўк озиқалардан фойдаланиш катта ёшдаги молларни сўқимга боқишни арзонлаштиради. Бериладиган озиқаларнинг турлари ва сигирларнинг ориқ-семизлигига қараб сўқимлаш муддати 80-120 кун оралиғида бўлиши мумкин.