June 9, 2021

ТУМАН ҲОКИМИНИНГ ҚОНУНГА ЗИД ҚАРОРИ БИЛАН 2 МЛРД ПУЛ МАБЛАҒЛАРИ РЕСПУБЛИКА БЮДЖЕТИГА ЎТКАЗИЛМАГАН

Асака туман адлия бўлими томонидан Асака туман ҳокимлиги томонидан жорий йилда қабул қилинган қарорлар реестри олиниб мониторинг тартибида ўрганилганида қуйидагилар аниқланган.

Жумладан, Асака туман ҳокимининг 2021 йил 15 февраль кунги № 102-Қ-сонли қарори билан тумандаги “Шарқ хақиқати” массиви ҳудудидаги туман захирасига олинган ер майдонидан Асака туман “INTER SANOAT IMKON” МЧЖга “Замоновий гидропоника усулидаги иссиқхонаси” ни лойихалаш ва қуриш учун ер майдони доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан қишлоқ хўжалик харитасининг 467-контуридаги 2,0 гектар ер майдони ажратилган ҳамда туман ҳокимининг 2021 йил 15 январь кунги № 15-Қ-сонли қарори билан “Янги хаёт” массиви ҳудудидаги қишлоқ хўжалик харитасининг 208-контуридан 0.30 гектар ер майдони фуқаро Ж.Ғопировга иссиқхона ташкил этишлик учун ер майдони ажратиб берилган.

Бироқ, мазкур ўтказилган мониторинг давомида Асака туман Ер ресусрслари ва давлат кадастр бўлимига сўровнома юборилганида, “Шарқ хақиқати” массиви ҳудудидаги туман захирасига олинган қишлоқ хўжалик харитасининг 467-контуридаги 2,0 гектар ер майдони ҳамда “Янги хаёт” массиви ҳудудидаги қишлоқ хўжалик харитасининг 208-контуридан 0.30 гектар ер майдони қишлоқ хўжалигида суғориладиган ерлар тоифасига киришлиги маълум қилинган.

Ваҳоланки, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 25 февралдаги 167-сонқарори билан тасдиқланган “Тадбиркорлик субъектларига ажратилган ер участкаларида мева-сабзавот маҳсулотларини бевосита уларни етиштириш жойларида суғориш, тайёрлаш ва сақлаш бўйича енгил конструкцияли инфратузилма объектларни қуриш учун ер участкаси ажратиш тартиби тўғрисида”ги Низомда енгил конструкцияли иссиқхоналар қуриш учун ер участкаси қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги ерларидан ажратилган тақдирда, ер участкаларини ажратиш бўйича материаллар ва туман (шаҳар) ҳокимлигининг таклифлари бир иш кунида тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига ёки вилоят ҳокимлигига кўриб чиқиш учун юборилиши ва вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги ер участкаларини бериш (реализация қилиш) масалаларини кўриб чиқувчи комиссиянинг ижобий хулосасига асосан фақат вилоятлар ҳокимларининг тегишли қарори қабул қилиниши белгиланган.

Шунингдек, мазкур низомга асосан туман ҳокимининг енгил конструкцияли иссиқхоналар қуриш учун ер участкаси ажратиш тўғрисидаги қарорида “енгил конструкцияли иссиқхоналар қуриладиган ер участкаси кимга, қандай мақсадлар учун ва қанча муддатга (ер вақтинча фойдаланишга ва ижарага берилганда аниқ муддати кўрсатилади) берилиши, қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги ишлаб чиқариш нобудгарчиликлари миқдорлари ҳамда уларни тўлаш муддатлари” акс эттирилиши керак бўлсада лекин ушбу талаблар бажарилмаган.

Ваҳоланки, Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 25 майдаги 146-сон қарори билан тасдиқланган низомда ер участкалари берилаётган юридик ва жисмоний шахслар томонидан қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши нобудгарчиликларининг ўрнини қопланиши бўйича маблағларни 95 фоизи Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетига ўтказилиши белгиланган бўлсада лекин мазкур Асака туман ҳокимининг қарорларига асосан иссиқхоналарни қуриш учун қишлоқ хўжалигида суғориладиган ерларни нобудгарчиликларининг ўрни қопланмаган ва натижада ўртача 2 млрд пул маблағлари Республика бюджетга ўтказилмаган.

Юқоридагиларга асосан, Асака туман ҳокимлиги мансабдор шахсларининг мазкур хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш учун тўпланган ҳужжатлар Асака туман прокуратурасига юборилди.

Асака туман адлия бўлими