December 8, 2018

БАРБОД БЎЛГАН ЎҒРИЛИК

• Ёвуз ниятлилар ҳамма даврда бўлган. Улар қора ниятларини амалга ошириш учун ҳар қандай разилликдан тап тортишмаган ва мақсадларига эришиш йўлида нима қилиш лозим бўлса уни қилишган.

• Мана шундай бадниятларнинг ишларидан бири тарихда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак жасадларини Андалусга ўғирлаб олиб кетмоқчи бўлган испан роҳибларининг уринишидир.

• Ибн Касир роҳимаҳуллоҳ «Ал Бидоя ван Ниҳоя»да ёзилишларича ўн чоғли кишидан таркиб топган испан роҳиблари мусулмонларнинг Пайғамбари жасадини Европага олиб кетиб, шу йўл билан улар орасига шубҳа ва фитна солиш, умматни боши берк кўчага киритишга уриниш бўлган.

• Салб юришларида майдондаги жангавор мужодала орқали эриша олмаган муваффақиятларига номардларча мана шу хиёнат йўллари билан эришишга уриниб кўришган.

• Бугунги кунда ҳам Исломга душман тоифа олиб бораётган фаолиятларига этибор қаратилса айни провакатив ҳатти-ҳаракатлар янгича усулларда давом этаётганини кўрамиз.

• Масаланинг аслига келсак:

- ХII асрда нима бўлган эди?!

- Икки ғайридин Ислом либоси ва шиорлари билан Андалусдан Мадинага келди. Мақсадалари пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жасадини ўғирлаш.

• Улар бамисоли ҳажга келган мусулмон қиёфасига кириб, Мадинага кирдилар. Масжидун Набавийнинг қибла тарафидан Равзайи шарифга яқин жойда бир уйга жойлашишди. Намозларини масжидда ўқиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабрларини «зиёрат» қилишар, ҳар тонгда Бақиъ қабристонига, шанба кунлари эса Қубо масжидига боришарди.

• Юриш-туришлари ва фақирларга қилган ёрдамлари билан халқнинг ишончига кириб олган бу кишилар, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак жасадларини ўғирлаш ниятида кечалари, ўзлари турган уйдан қабри шариф томон яширин ерости йўли қазий бошладилар. У ердан чиққан тупроқларни ҳалталарга тўлдириб, қабрларни зиёрат қилиш баҳонасида Жаннатул Бақиъ қабристонига олиб бориб тўкишар эди. Уларнинг бу ишидан мусулмонлар бехабар эди. Шундай кунларнинг бирида адолатли ҳукмдорлардан бири Салжуқли амирлардан бўлган Нуриддин Маҳмуд

Зангий Оқсунгур (1146-1174) таҳажжуд намозини ўқигач ухлайди ва тушида Пайғамбаримизни кўради. Ҳабибимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам икки бегона инсонни кўрсатиб:

«Эй Нуриддин мени булардан қутқар!» дейдилар.

Ҳукмдор бу тушининг таъсиридан бақирган ҳолда, чўчиб уйғонади. Таҳорат олиб, намоз ўқиб яна уйқуга кетади ва айни тушни яна кўради. Кетма- кет уч марта шу тушни кўргач, ўрнидан туриб, солиҳ инсонлардан бўлган вазири Жамолиддин Мувсилийни ёнига чақирди. Унга кўрган туши ҳақида хабар берди. Ўзаро маслаҳатлашиб Мадинага боришга қарор қиладилар. Ҳеч кимга хабар бермасдан ҳукмдор, вазири ва йигирмата отлиқ билан бир қанча нарсани олиб Шомдан Мадинага қараб йўлга тушадилар. Кеча-кундуз йўл юриб ўн олти кунда Мадинага етиб келишади. Ҳукмдор таҳорат олиб, Масжиди Набавийга кириб, икки ракаат намоз ўқийди ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг равзаларини зиёрат қилади. Мадина аҳли ҳукмдорнинг ёнига тўпланишади. Шунда вазир:

«Ҳукмдоримиз , Пайғамбаримизни зиёрат қилиш мақсадида келдилар. Ўзлари билан Мадина аҳлига ҳадялар келтирдилар. Ҳар бир Мадиналикнинг исмларини ёзиб рўйҳат тузинг» дейди. Ҳамманинг исми ёзилади. Шунга кўра ҳамма бирма-бир келиб, ўз ҳадясини ола бошлайди.

• Бундан мақсад ҳукмдорнинг тушидаги икки кишини аниқлаш эди. Шунинг учун ҳар бир фуқаро ҳадясини хукмдорнинг ҳузурига ўзи келиб олади. Ҳукмдор ҳар бир келган одамга диққат билан эътибор берарди. Исмлар рўйхати тугаб, ҳамма ҳадясини олиб бўлган лекин ҳукмдор тушида Пайғамбаримиз ишора қилган икки кишини кўринмаганди.

«Ҳадя олмаган бирор киши қолдими?» деб сўради ҳукмдор.

«Ҳеч ким қолмади, фақат Андалусдан келган икки «тақводор» киши бор. Улар ҳеч кимдан нарса олишмайди, муҳтожларга садақа беришади» дейишди.

• Шунда ҳукмдор уларни ҳам чақиришни буюрди. Нуриддин уларни кўргач айнан ўшалар тушида ишора қилинган кишилар эканини билди ва: «Қаердансизлар?» деб, сўради. Улар:

«Андалусдан, ҳаж ниятида келганмиз, бир муддат Пайғамбармизга яқин бўлишни хоҳлагандик», дейишди.Ҳукмдор қаерда туришганини сўраганида улар масжиднинг яқинига жойлашганини айтишди. Нуриддин улар билан бирга уйларига борди. Уйда бир қанча безакли китоблар, қимматбаҳо буюмларни кўрди. Шу аснода халқ уларни ҳар кун рўза тутишини, намозларини масжидда ўқишини, ҳеч бир тиланчини қуруқ қайтармасликларини айтиб уларни мақташарди. Нуриддин Зангий хонани кўздан кечириб юрар экан бўйрани кўтарган эди тагида қазилган ерости йўли кўринди. Бу ер ости йўли Пайғамбаримизнинг равзаларига қадар қазиб борилганди. Буни кўрган халқнинг хижолатдан бошлари эгилиб, айтишга сўз топа олмай қолишди. Бу хусусда ҳукмдор у икки кишини сўроқ қилди. Шунда улар ҳақиқатда мусулмон эмасликларини, уларга Пайғамбаримизнин�� жасадини ўғирлаб, ўз юртларига олиб кетиш вазифаси юклатилганини тан олишди. Бу қора ниятларига эришиш йўлида «тақводор» қиёфасига кириб, халқни ишончини қозониб олгандан сўнг кечалари ер ости йўли қазганликларини айтишди ва: «Равзага яқинлашган кечамиз осмонда момоқалдироқ гумбурлаб, чақмоқ чақиб, шундай бир силкиниш вужудга келдики гўё тоғлар ўрнидан силжиб кетди. Бундан қаттиқ қўрқиб кетдик ва эрталаб сизнинг келганингизни хабарини олдик» дейишди...

• Шу воқеадан кейин Нуриддин Зангий Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг равзалари атрофига чуқур ҳандақ қаздирди ва бу ҳандақни эритилган қўрғошин билан тўлдириб, равзайи саодатнинг атрофини қўрғошин билан ҳимоялади.

• Бу воқеа ҳижрий 557, Милодий 1162- йилда бўлиб ўтганди.

• Аллоҳим! Уммати Мухаммадга ўзинг нусрат бер, душман макрини ўзининг зарарига бур!

• Амин!

• Амин!

• Амин!

• Манбалар:

1. «Ар равзатайн фий ахборид давлатайн» Абу Шома;

2. «Ал Бидоя ван Ниҳоя» Ибн Касир;

3. «Ад Дуррус самин фий сийрати Нуриддин» Ибн Қозий Шаҳба;

4. «Шазаротуз заҳаб» Ибн Имод;

5. «Назҳатун назирийн» Барзанжий.

Улашинг! Каналимиз манзили

👉 https://t.me/turkiston_tg👈