July 20, 2020

Туман ҳокимининг қарори ҳақиқий эмас деб топилди, нега?

Адлия органлари томонидан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва манфаатларини қонун йўли билан ҳимоя қилишга муҳим эътибор қаратилмоқда. Шофиркон туман адлия бўлими тадбиркорлик субъектларининг муаммоли масалаларини ҳал этиш борасида тегишли таъсир чоралар киритиш натижасида уларни қонуний ҳал қилиб бормоқда.

Жумладан, Шофиркон тумани, Тезгузар МФЙ, Болтақара қишлоғида яшовчи “Нусратбобо” фермер хўжалиги раҳбари Ғ.А. туман ҳокимлигининг айрим мансабдор шахслари хатти-ҳаракатларидан норози бўлиб, туман ҳокимининг 2016 йилдаги ноқонуний қарорини бекор қилишни сўраб қилган мурожаати Шофиркон туман адлия бўлими ходимлари томонидан батафсил ўрганиб чиқилди.

Ўрганиш давомида аниқланишича, туман ҳокимлиги томонидан 2004 йилда “Нусратбобо” фермер хўжалигига 2,95 гектар экин ер майдони ҳамда 2012 йилда кўшимча равишда туман ҳокимининг қарори билан 64,0 гектар қўшимча ер майдони ажратилган, бироқ туман ҳокимининг 2016 йил 12 мартдаги 210-сонли қарорига асосан фермер хўжалигига тегишли 40,6 гектар ер майдони фермер хўжалиги раҳбарининг ер участкасидан ихтиёрий воз кечиш тўғрисидаги сохта имзоли аризасига асосан туман ҳокимлиги захирасига қайтарилган. Шофиркон тумани прокуратурасининг 20.02.2020 йилдаги хабарномасига кўра “Нусратбобо” фермер хўжалиги ер майдонларини туман ҳоқимлиги захирасига қайтариш тўғрисида ёзилган аризадаги имзо Ғ.А. томонидан қўйилмаганлиги, имзо шахсини аниқлаш имкони бўлмаган номаълум шахс томонидан бажарилганлиги маълум қилинган.

Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 36-моддаси биринчи қисмининг 126 — 101213-бандларида назарда тутилган ҳолларда ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқини тугатиш ушбу Кодекснинг 24-моддасида назарда тутилган тартибда ер участкасининг ижара шартномасини бекор қилиш йўли билан амалга оширилиши белгиланган бўлиб, ер участкаларини ижарага олиш шартномасини муддатидан олдин бекор қилиш тарафларнинг келишуви билан, бундай келишувга эришилмаган тақдирда эса, суднинг ҳал қилув қарори билан амалга оширилиши кўрсатилган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 12-моддасида давлат органининг ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлмаган ҳамда фуқароларнинг ёки юридик шахснинг фуқаролик ҳуқуқларини ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузадиган ҳужжати суд томонидан ҳақиқий эмас, деб топилиши кўрсатилган.

Шунга кўра, туман адлия бўлими ходимлари томонидан Шофиркон тумани ҳокимининг 12.03.2016 йилдаги 210-сонли қарори амалдаги ерга доир қонун хужжатлари талабларига зид эканлиги сабабли, “Нусратбобо” фермер хўжалиги раҳбари Ғ.А.нинг манфаатларини кўзлаб, туман ҳокимининг қарорини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида Шофиркон туман маъмурий судига ариза киритилди ва суднинг ҳал қилув қарорига асосан туман ҳокимлигининг 12.03.2016 йилдаги 210-сонли қарори ҳақиқий эмас деб топилди.

ШОҲРУХ САИДОВ, Шофиркон туман адлия бўлими етакчи маслаҳатчиси