Банкдан кредит олиш тартиби

Кредит операциялари тижорат банклари фаолиятида муҳим ўрин тутади. Банк юридик ҳамда жисмоний шахсларнинг омонатга жалб этилган маблағлари, ўз маблағлари ҳамда ташкил этилган мақсадли давлат маблағлари ҳисобига жисмоний ва юридик шахсларга берилган кредитлардан фоиз олиб, тижорат фаолиятини амалга оширади.

Ҳозирги кунда давлатимиз томонидан кичик бизнесни ривожлантиришга катта эътибор берилиб, тижорат банклари тадбиркорлик субъектларига имтиёзли кредитлар ажратмоқда.

Кредит муносабатларини амалга оширишнинг асосий ҳуқуқий шакли кредит шартномасидир.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 744-моддасига асосан кредит шартномаси бўйича бир тараф банк ёки бошқа кредит ташкилоти (кредитор) иккинчи тарафга (қарз олувчига) шартномада назарда тутилган миқдорда ва шартлар асосида пул маблағлари (кредит) бериш, қарз олувчи эса олинган пул суммасини қайтариш ва унинг учун фоизлар тўлаш мажбуриятини олади.

Қонун ҳужжатларига мувофиқ кредит ташкилотлари бўлмаган тижорат ташкилотларининг кредитлашни амалга оширишига йўл қўйилган ҳолларда кредит шартномаси тўғрисидаги қоидалар бундай тижорат ташкилотлари амалга оширадиган кредитлаш муносабатларига нисбатан қўлланади.

Фуқаролик кодексининг 745-моддасига асосан кредит шартномаси ёзма шаклда тузилиши шарт. Ёзма шаклга риоя қилмаслик кредит шартномасининг ҳақиқий бўлмаслигига олиб келади. Бундай шартнома ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмайди.

Тарафлар ўртасида имзоланган кредит шартномасида тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларидан ташқари кредитнинг таъминоти ҳам акс эттирилади.

Ҳозирги кунда кредитларнинг таъминоти сифатида, асосан, қарздорга тегишли мол-мул�� гаровга олинмоқда. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 271-моддасига кўра, ипотека тўғрисидаги шартнома, шунингдек, нотариал тасдиқланиши керак бўлган шартномага мувофиқ олинадиган мажбуриятларни таъминлаш юзасидан кўчар мол-мулкни ёки мол-мулкка бўлган ҳуқуқларни гаровга қўйиш тўғрисидаги шартнома нотариал тасдиқланиши шарт.

Нотариал ҳаракатлар амалга оширилгани учун Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 3 ноябрдаги 533-сон қарори билан тасдиқланган Давлат божи ставкаларида белгиланган миқдорда давлат божи ундирилади.

“Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисида”ги Йуриқноманинг 121 ва 124-бандларига асосан кўчмас мулкни гаровга (ипотекага) қўйиш тўғрисидаги шартнома шу мулк жойлашган ҳудуддаги нотариус томонидан тасдиқланиши лозим. Бундай шартномани нотариал тасдиқлаш пайтида нотариус ипотекага қўйилаётган мулк ипотекага қўювчи шахсга тегишли эканлигини, уни бошқа шахсга ўтказиш тақиқланмаганлиги ва хатланмаганлигини, бошқа ипотекага қўйилган ёки қўйилмаганлигини, қарзлари йўқлигини, ипотекага олувчи ва ипотекага қўювчи юридик шахсларнинг ҳуқуқ лаёқатларини, жисмоний шахсларнинг шахсини ва вакилларнинг ваколатларини текширади.

Таъкидлаб ўтиш жоизки, Банклар томонидан кредитларни ўзининг ички кредит сиёсати ва кредит операцияларини юритишнинг умумий шартлари, банк томонидан кредит шартномаси асосида пул шаклида берилиши тартиби “Ўзбекистон Республикаси банкларида кредит ҳужжатларини юритиш тартиби тўғрисида”ги низом (рўйхат рақами 906, 2000 йил 2 март) асосида амалга оширилади.

Сўнги вақтларда юртдошлари��из томонидан истеъмол кредитига алоҳида қизиқиш билдирилиб келинмоқда.

Истеъмол кредити бериш қоидаларига мувофиқ истеъмолчи истеъмол кредити олиш учун кредит буюртмасини ва ўз даромадлари тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилган бошқа ҳужжатларни истеъмол кредити берувчи ташкилотга тақдим этади.

Кредит буюртмасида қуйидаги маълумотлар кўрсатилади:

истеъмолчининг фамилияси, исми, отасининг исми, паспорти (ёки паспорт ўрнини босувчи ҳужжати) серияси ва рақами ҳамда яшаш жойи;

истеъмол кредитининг объекти;

истеъмол кредитининг муддати;

истеъмолчининг фаолият тури ва даромадлари;

истеъмолчи томонидан шартнома бўйича мажбуриятларнинг бажарилишини таъминлаш усули.

Кредит буюртмаси буюртма берилган сана кўрсатилган ҳолда истеъмолчи томонидан имзоланади.

Тадбиркорлик субьектлари ва барча аҳоли қатламининг имтиёзли микрокредитлардан кенг фойдаланишини таъминлаш, шунингдек, якка тартибдаги меҳнат фаолиятини рағбатлантириш орқали аҳоли бандлигини янада ошириш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 17 мартда “Тадбиркорлик субъектлари ва кенг аҳоли қатламига микрокредитлар ажратиш тизимини янада соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-2844-сон қарори қабул қилинди.

Мазкур қарор талаблари эндиликда тижорат банкларининг юридик шахсни ташкил этмасдан янги рўйхатга олинган якка тартибдаги тадбиркорлар ва оилавий тадбиркорлик субъектларига микрокредит ажратиш бўйича соддалаштирилган механизмни жорий этишда қуйидагилар маъқулланди:

янги рўйхатдан ўтган юридик шахс ташкил этмаган якка тартибдаги тадбиркорлар ва оилавий тадбиркорлик субъектларига фаолиятини амалга ошириш учун олинган товарларни гаров сифатида ҳисобга олган ҳолда энг кам иш ҳақининг 20 баробаригача миқдорда микрокредитлар ажратиш;

давлат рўйхатидан ўтган юридик шахс ташкил этмаган якка тартибдаги тадбиркорлар ва оилавий тадбиркорларга тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун энг кам иш ҳақининг 60 баробаригача миқдорда микрокредитлар кредитлашга оид қонун ҳужжатларида назарда тутилган таъминот турлари билан бир қаторда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 11-моддасида кўрсатилган ваколатлар доирасида кафиллиги асосида ажратишни кенгайтириш белгилаб берилди.

Шунингдек, мазкур қарорда кўрсатилган соҳадаги фаолият турлари билан шуғулланадиган янги рўйхатга олинган юридик шахс ташкил этмаган ҳолда фаолият юритаётган якка тартибдаги тадбиркорлар ва оилавий тадбиркорлик субъектлари 2021 йилнинг 1 январига қадар юқорида кўзда тутилган қоидаларга биноан микрокредитларни расмийлаштиришда 6 ой муддатга қатъий белгиланган солиқ тўловларидан озод этилади.

Бундан ташқари, қарорда назарда тутилган имтиёзлардан фойдаланадиган қатъий белгиланган солиқ тўловчилар, улар давлат рўйхатига олинган кундан эътиборан ўн икки ой ичида тугатилса ёки 

уч ёхуд ундан кўп ой муддатга фаолиятини тўхтатса, фаолият кўрсатган даври учун қатъий белгиланган солиқларни тўлаши лозимлиги белгиланди.

“Тижорат банклари томонидан янги рўйхатга олинган юридик шахс ташкил этмасдан фаолият юритаётган якка тартибдаги тадбиркорлар ва оилавий тадбиркорлик субъектларига микрокредитлар ажратиш тартиби тўғрисида”ги низомга (2017 йил 12 май, рўйхат рақами 2883) мувофиқ, микрокредит тижорат банклари томонидан янги рўйхатга олинган юридик шахс ташкил этмасдан фаолият юритаётган якка тартибдаги тадбиркорлар ва оилавий тадбиркорлик субъектларига давлат рўйхатидан ўтказилган кундан бошлаб олти ой мобайнида тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун тўловлилик, муддатлилик, таъминланганлик, пул маблағларидан мақсадли фойдаланиш ва қайтариш шартлари асосида 

энг кам иш ҳақининг 100 баробаригача миқдорда бери��ади.

Микрокредит қарз олувчига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 7 январдаги 6-сон қарори билан тасдиқланган Хусусий тадбиркорлар юридик шахс ташкил этмасдан шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари рўйхатида белгиланган мақсадлар учун (савдо соҳаси ва умумий овқатланишдан ташқари) бир йиллик имтиёзли давр билан уч йил муддатга берилади.

Тижорат банклари томонидан микрокредитдан фойдаланишнинг бутун муддати давомида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходими иштирокида микрокредитдан самарали ҳамда мақсадли фойдаланилаётганлигини аниқлаш бўйича бевосита жойига чиқиб доимий мониторинг ўтказилади. Мониторинг қарз олувчининг шартнома шартларини бажариши учун ёрдам кўрсатишга йўналтирилган бўлиши керак.

Микрокредитдан фойдаланганлик учун фоиз ставкаси миқдори Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкаси даражасидан юқори бўлмаган миқдорда, банкнинг Имтиёзли кредитлаш жамғармаси ҳисобидан микрокредит ажратилган тақдирда Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкасининг 50 фоизи миқдорида белгиланади.

Фоиз ставкаси миқдори Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкаси камайишига қараб камайиши мумкин. Бироқ Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкаси оширилган тақдирда шартномада кўрсатилган фоиз ставкаси ўзгаришсиз қолдирилади.

Қарз олувчилар микрокредит олиш учун банкка буюртма тақдим этиб, унга қуйидаги ҳужжатларни илова қилади:

қарз олувчининг банк ҳисобварағига пул тушумлари прогнози кўрсатилган бизнес-режа;

кредит таъминоти турларидан бири.

 

Ж.Сирожев, Тошкент шаҳар адлия бошқармаси масъул ходими 


Бизнес клубга аъзо бўлинг!

https://t.me/on_business

https://t.me/joinchat/AAAAAEJ9gD_kTW5F1wNOsA