June 28, 2020

“Фольксваген” енгил тижорат автомобилларининг замонавий моделлари ишлаб чиқарилади

“Ўзбекистон Республикасида “Фольксваген” енгил тижорат автомобиллари ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” Президент қарори (ПҚ–4757-сон, 25.06.2020 й.) қабул қилинди.

✅ Қарор билан "Жиззах автомобиль заводи МЧЖ негизида "Ўзбекистон енгил тижорат автомобилларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш" инвестиция лойиҳасини амалга оширишни давом эттириш бўйича “Фольксваген” компанияси томонидан таклиф этилаётган концепция маъқулланди.

🔰 Концепцияда, жумладан, қуйидагилар назарда тутилган:

👉 Биринчи босқичда 2020-2021 йилларда:

▫️бозорни ўрганиш ҳамда маркетинг таҳлилини ўтказиш мақсадида “Фольксваген” ва “Шкода” маркаларидаги тайёр автомобилларни етказиб беришни ташкил қилиш;

▫️Компаниянинг юқори малакали мутахассисларини жалб қилган ҳолда “Жиззах автомобиль заводи” МЧЖ ходимларини йирик узелли автомобилларни йиғиш бўйича ўқитишни ташкил этиш;

▫️ “Фольксваген Кедди” моделини йирик узелли йиғишни ташкил этиш мақсадида бутловчи қисмларни етказиб бериш;

▫️ мамлакатнинг барча ҳудудларида дилерлик тармоғи ва сервис хизматларини кўрсатиш станцияларини ташкил этиш.

👉 Иккинчи босқичда 2022 йилдан бошлаб енгил тижорат автомобилларининг замонавий моделларини ишлаб чиқаришнинг тўлиқ циклини ўзлаштириш.

📌 2020 йил июль ойидан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида “Евро-5” стандарти талабларига жавоб берадиган юқори сифатли дизель ёқилғиси ва автобензинга эга камида битта автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаси бўлиши таъминланади.