December 1, 2020

Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этишнинг янги тизими жорий қилинади

Фуқаролар ва тадбиркорлар ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш, суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ўз вақтида ва сифатли ижро этишнинг самарали механизмларини жорий этиш, аҳолининг оди судловга ишончини янада мустаҳкамлаш мақсадида давлат раҳбарининг жорий йилнинг 24 ноябрдаги “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6118-сон Фармони қабул қилинди.

Фармон билан Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш самарадорлигини ошириш бўйича республика кенгаши (Республика кенгаши) ҳамда ҳудудий кенгашлар ташкил этилиб, уларнинг асосий вазифаси ижро ҳужжатларининг мажбурий ижросини таъминлаш жараёнида юзага келаётган муаммоларнинг сабаб ва шарт-шароитларини муҳокама қилиш ҳамда уларни бартараф этиш ва келгусида олдини олишни таъминлаш ҳисобланади.

Фармонга кўра, 2021 йил 1 январдан:

- Бюро ҳудудий бошқармалари ва туман (шаҳар) бўлимлари бошлиқлари ўз фаолияти тўғрисида тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига ҳар ярим йилда ҳисобот тақдим этиб боради;

- давлат ижрочиси лавозимига янги тайинланган шахсларга Бош прокуратура Академиясида махсус дастур бўйича бошланғич тайёргарлик курсларини ўтаганидан сўнг ўз хизмат вазифаларига киришишга рухсат бериш тартиби жорий этилади.

Фармонга биноан, алимент мажбуриятларини ижро этиш ва назорат қилишнинг ягона ахборот тизими яратилади ҳамда алимент мажбуриятлари бўйича алоҳида банк ҳисобварағи очилади.

Шунингдек, 2021 йил 1 мартдан:

- ижро ҳужжатлари бўйича алимент мажбуриятларини бажариш қарздорлар томонидан Алимент мажбуриятларини ижро этиш ва назорат қилишнинг ягона ахборот тизими орқали амалга оширилади;

- суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатлари мажбурий ижроси доирасида мол-мулкни шартнома-воситачилик асосларида сотиш фақатгина мол-мулкни қабул қилишдан уни сотишгача бўлган жараёнларни масофавий мониторинг қилиш электрон тизимини жорий қилган савдо ташкилотлари томонидан амалга оширилади;

- суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатлари мажбурий ижроси доирасида мол-мулкни шартнома-воситачилик асосларида сотиш бўйича савдо дўконларини танлаб олишда мол-мулкни интернет-дўконлар орқали сотишни амалга оширувчи савдо ташкилотларига устунлик берилади;

- ижро ҳужжатларида мажбурий тартибда қарздор-жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами, шунингдек, қарздор–юридик шахснинг солиқ тўловчи идентификация рақами кўрсатилади.

Фармонга мувофиқ, 2020 йил 1 декабрдан:

- жиноят натижасида давлатга етказилган зарар, давлат божлари, жиноий ва маъмурий жарималар, давлат фойдасига бошқа турдаги ундирувлар ҳамда давлат даромадига ўтказиладиган олиб қўйилган мол-мулкни сотишга оид ижро ҳужжатлари бўйича келиб тушган маблағлар алоҳида ғазначилик ҳисобрақамида жамланади ва белгиланган миқдорда “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқароларни қўллаб-қувватлаш учун очилган ҳисоб рақамларига пропорционал тартибда йўналтирилади;

- ижро ҳужжатини мажбурий ижро этиш давомида қарздорнинг хатланган мол-мулки бошланғич нархдан 30 фоизлик чегирма билан, Давлат бюджетига ундиришни назарда тутувчи ижро ҳужжатлари бўйича сотилаётган мол-мулк эса – ҳудудий кенгашлар қарорига мувофиқ 50 фоизгача чегирма билан нархни ошириб бориш услубида ўтказиладиган дастлабки электрон онлайн-аукционга қўйилади (бундан гаровга қўйилган мол-мулк билан таъминланган қарздорликни ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжатлари мустасно).

Мулкий тусга эга бўлган ижро ҳужжатлари бўйича ундириладиган ижро йиғими:

- ундирув суммаси 1 000 базавий ҳисоблаш миқдоридан ортиқ бўлмаган ижро ҳужжатлари бўйича – ундирилаётган сумманинг 5 фоизи;

- ундирув суммаси 1 000 базавий ҳисоблаш миқдоридан ортиқ бўлган ижро ҳужжатлари бўйича – ундирилаётган сумманинг 2 фоизи миқдорида ўрнатилади.

Шунингдек, электр, иссиқлик энергияси, газ, водопроводдан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ жиноятларни аниқлаш, бартараф этиш ва уларнинг олдини олиш вазифаси – Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан амалга оширилади.

Электр, иссиқлик энергияси, газдан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, бартараф этиш ва уларнинг олдини олиш вазифаси – ички ишлар органлари томонидан амалга оширилади.