April 13, 2021

Адлия бўлимлари уч ёшда: фаолиятдаги дадил қадамлар

Ҳаммамизга маълумки, бундан 3 йил аввал, айнан шу куни — 2018 йил
13 апрелда Президентнинг “Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилиниб, унга мувофиқ республикамизнинг барча — 200 та туман ва шаҳарларида адлия бўлимлари, шундан 13 таси Бухоро вилоятида ташкил этилган эди.

Шунга кўра, бугун 13 апрель куни Адлия бўлимлари фаолиятининг 3 йиллиги муносабати билан вилоят адлия бошқармасида туман ва шаҳар адлия бўлимлари ходимлари иштирокида кўтаринки кайфиятда байрам нишонланиб, тизимда сидқидилдан меҳнат фаолиятини олиб бораётган ходимлар рағбатлантирилди.

Шунингдек, тадбир давомида бошқарма раҳбарияти томонидан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири Р.Давлетовнинг табриги ҳамда махсус тайёрланган байрамона байрам тортлар ўз эгаларига топширилди.

Энди эса тизимдаги туман ва шаҳар адлия бўлимларининг фаолияти ва ундаги айрим рақамларга назар ташласак.

Адлия бўлимлари фаолиятидан асосий мақсад – ҳуқуқни қўллаш амалиётини тизимли таҳлил қилиш ва унинг изчиллиги ва бир хиллигини таъминлаш бўйича таъсирчан чораларни ишлаб чиқиш, ҳуқуқий нормаларнинг ўзбошимчалик билан ва нотўғри талқин қилинишига йўл қўймаслик юзасидан жойларда давлат органлари ва бошқа ташкилотларга ҳуқуқий маслаҳатлар бериш, шунингдек фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари уларнинг ҳақиқий эҳтиёжлари билан боғлиқ ҳолда таъминланишига эришишдан иборат бўлиб, бу ҳамюртларимизнинг вилоятлар марказига юзлаб чақирим йўл босиб ўтирмай, уларнинг ҳуқуқий муаммоларини ортиқча оворагарчиликсиз жойида ҳал этишга имкон яратди.

Бинобарин, вилоятда туман ва шаҳар адлия бўлимлари томонидан ўтган 3 йил давомида адлия бўлимлари инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг самарали ҳимоя қилинишини таъминлаш, ҳуқуқни қўллаш, юридик ва ҳуқуқий хизматни тартибга солиш, шунингдек аҳолининг ҳуқуқий маданиятини янада оширишнинг яхлит тизимини жорий этишда ўз ўрнига эга бўлди дейиш мумкин. Хусусан, адлия бўлимлари ташкил этилгандан бошлаб, ўтган 3 йил давомида улар томонидан бир қатор ишлар амалга оширилди.

Жумладан, адлия бўлимлари томонидан 2018-2020 йиллар давомида:

  • фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари манфаатларини кўзлаб судларга
    3 минг 300 дан зиёд даъво аризалари киритилган;
  • давлат органлари ва ташкилотларига қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш бўйича 3 мингга яқин тақдимномалар киритилган;
  • фуқаролар ва тадбиркорлардан келиб тушган жами 7515 та мурожаатдан 5842 таси ижобий ҳал қилинди.

Адлия бўлимлари томонидан ҳал этилган масалаларнинг кўпчилигини меҳнат ҳуқуқларининг бузилиши, соғлиқни сақлаш соҳасидаги қонун нормаларига амал қилиниши, ер-мулк соҳасидаги муаммолар ва тадбиркорлик субъектлари фаолиятига тўсқинлик бўлаётган турли ҳолатлар ташкил қилади.

Бундан ташқари адлия бўлимлари томонидан аҳолининг ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятини ошириш борасида ҳам ўз ўрнига ва йўналишига эга бўлиб бормоқда.

Жумладан, адлия бўлимлари орқали ҳуқуқий саводхонликни юксалтириш ишлари “шахс – оила – маҳалла – таълим муассасаси – ташкилот – жамият” принципи бўйича узвий равишда амалга оширила бошланди. 2018-2020 йиллар давомида аҳолининг ҳуқуқий ахборотга бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида 40 мингдан ортиқ турли кўринишдаги ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ўтказилган. Энг эътиборлиси, жамиятда мавжуд ёки такрорланиб келаётган муаммоларни уйма-уй юриб ўрганишга алоҳида масъулият билан ёндошилмоқда. Айниқса жорий йилнинг якунланган биринчи чораги мобайнида маҳаллабай иш тартибига ўтиш орқали ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари билан биргаликда аҳолининг муаммолари ўрганилиб, баъзи юртдошларимизни “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”дан чиқариш ижобий самара бермоқда.

Адлия бўлимлари келгусида ҳам ўз олдиларига қўйилган вазифаларни масъулият билан бажариш орқали юрт равнақи, халқ фаровонлигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшишда давом этмоқда.

ЖАҲОНГИР АШУРОВ, Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими етакчи маслаҳатчиси