Суд амалиётида давлат айбловчисининг суд муҳокамасида иштироки

Жиноят ишларини юритишнинг Ўзбекистон Республикаси жиноят-процессуал қонунчилигида белгиланган тартиби қонунийликни мустаҳкампашга, жиноятларнинг олдини олишга, шахс, давлат ва жамият манфаатларини кафолатли ҳимоялашга қаратилган. Ўзбекистон Республикасининг Асосий Қомуси - Конституциямизнинг 13-моддасида қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадрқиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади.

Давлат фуқароларнинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамланган ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлайди. Ушбу вазифаларни бажаришга масъул давлат органлари, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар орасида прокуратура идоралари алоҳида ўрин эгаллайди. Ўзбекистон Республикаси прокуратураси Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори раҳбарлик қиладиган прокуратура органларининг ягона марказлаштирилган тизими бўлиб, унинг асосий вазифалари - қонун устуворлигини таъминлаш, қонунийликни мустаҳкампаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ҳамда эркинликларини, жамият ва давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини, Ўзбекистон Республикаси конституциявий тузумини ҳимоя қилиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактика қилишдан иборат.

Ушбу вазифалар ижроси "Прокуратура тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 4-моддасига мувофиқ прокуратура органлари фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича амалга оширилади. Прокурорнинг жиноят суд ишини юритиш жараёнидаги ваколатлари Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 33 ҳамда 34-моддаларида белгилаб қўйилган. Ушбу нормаларга асосан Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ва унга бўйсунувчи прокурорлар суриштирув ва дастлабки тергов босқичларида Узбекистон Республикаси қонунларининг аниқ ва бир хилда ижро этилиши устидан назоратни амалга оширади. Шу билан бирга, прокурор суд муҳокамасида қатнашиб, ЖПКнинг 409-моддасида назарда тутилган ваколатларни амалга оширади.

Судларда жиноят ишларини юритишда прокурор ваколатлари самарадорлигининг мезонлари нималардан иборат, суд хатоларининг олдини олиш ва бартараф этишда прокурорнинг иштироки қай тартибда қурилиши керак?

Қонуншунос Л.П.Чумакованинг фикрича, умумий процессуал фаолият бўлган жиноят суд иши юритишнинг турли босқичлари аҳамияти талқинидан келиб чиқиладиган бўлса, прокурорнинг бирламчи вазифаси бу судда малакали давлат айбловини таъминлаш бўлиб, бошқа барча босқичлар ушбу вазифага эришишга хизмат қилиши керак. Бошқа бир қатор процессуалист олимлар, чунончи С.Н.Алексеев, В.А.Лазаревалар ҳам шундай фикр тарафдорлари бўлиб ҳисобланадилар. Ўзбекистан мустақилликка эришгунига қадар амалда бўлган "СССР прокуратураси тўғрисида"ги Қонунга кўра прокурорнинг ушбу йўналишдаги фаолияти судларда жиноят ишлари кўрилишида қонунлар ижросини назорат қилиш сифатида белгиланган эди.

Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг мамлакатимизда ҳуқуқий давлатни шакллантиришга қаратилган ислоҳотлар бошланиши, ва аввало, Ўзбекистан Республикаси Конституциясига мувофиқ мустақил суд ҳокимиятининг майдонга кириб келиши билан прокурорнинг суддаги иштироки билан боғлиқ ҳуқуқий нормаларни қайта кўриб чиқиш зарурати юзага келди.

Қонунчиликда юз берган бундай ўзгаришлар жиноят суд ишини юритишда прокурорнинг ўрни ва роли камайтирилганлигидан далолат бермайди. Прокурорлар зиммасига судда фаол, малакали иштирокни таъминлаш орқали одил судловни амалга оширишда қонунийликни мустаҳкамлаш кафолати сифатида судларга яқиндан ёрдам бериш вазифаси юклатилди. Прокурор ўзининг суд жараёнидаги иштироки билан далилларнинг ҳар томонлама ва тўлиқ текширилиши, ишнинг ҳақиқий ҳолатлари аниқланиши, қонуний ва адолатли суд ҳукми қабул қилинишига эришишда судга кўмаклашувчи шахс сифатида майдонга чиқиши лозим.

Ю.ф.д., профессор Б.Х.Пўлатов прокурорнинг суд жараёнидаги иштироки хусусида тўхталар экан: "Прокурор суд муҳокамасида иштирок этиши билан далилларни ҳар томонлама тўлиқ, холис текширишда, жиноий жавобгарликка тортилган шахснинг айбини аниқлашда, у содир этган жиноятга тўғри ҳуқуқий баҳо беришда, судланувчига қонунга асосланган, адолатли жазо тайинлашда судга ёрдам беради. Суд муҳокамаси тарбиявий вазифани бажариши учун прокурорлар суд минбаридан содир этилган жиноятни оммавий муҳокама қилиш муҳитини яратиш мақсадида фойдаланишлари лозим", деб кўрсатган.

Жиноят суд иши юритиш иштирокчилари - бу муайян ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга бўлган, жиноий процессуал ҳуқуқий муносабатларда иштирок этувчи шахслардир. Жиноят процессининг айрим иштирокчилари эса асосий процессуал функцияларни, яъни айблаш, ҳимоя қилиш ва ишни ҳал этиш каби вазифаларни бажариш орқали суд жараёнида муҳим роль ўйнайдилар.

Жиноят ишлари бўйича суд жараёнларида иштирок этувчи ҳар бир субъектнинг процессуал мақоми ўзига хос хусусиятларга эга. Шубҳасиз, суд жиноят судлов процессида марказий ўринни эгаллайди. Шу билан бирга, тортишув тарафлари бўлиб ҳисобланган прокурор ҳам, ҳимоячи ҳам жиноят судловида кенг ваколатларга эга бўлган процесс иштирокчилари бўлиб ҳисобланадилар. Жиноят судлов процессида прокурор зиммасига кенг қамровли вазифалар юклатилган. Суд жараёнида иштирок этувчи прокурор бу нафақат давлат айбловчиси, балки жиноят процесси принципларига қатъий амал қилган ҳолда прокурор иштирокини малакали таъминлаш орқали фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларида мустаҳкамланган шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ҳуқуқ ва эркинликлари, жамият ва давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоялаш чораларини кўриши лозим бўлган мансабдор шахсдир.

Жиноят суд процессида иштирок этувчи прокурор иш бўйича судланувчи шахсга қўйилган айбловнинг қай даражада асосли эканлиги, далиллар билан тасдиқланганлиги, қонуний баҳоланганлиги хусусида ўзининг фикрини баён этиш орқали судланувчининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш билан бирга айнан шу жиноят иши доирасида жабрланувчи тариқасида жалб этилган шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилувчи, иш бўйича сўроқ қилинаётган гувоҳларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари поймол этилишининг олдини олувчи шахс ҳамдир.

Айрим давлатларнинг жиноят-процессуал қонунчилигида худди шундай давлат айбловчиси томонидан айблов хулосаси ўқиб эшиттирилиши белгиланган бўлиб, далилларни судга тарафлар, яъни айблов тарафи ва ҳимоя тарафи тақдим этиши ҳамда улар томонидан савол-жавоблар ўтказилиши белгиланган. Бу, яъни биринчи бўлиб далилларни айблов тарафи тақдим этиши ҳамда айбловчи томонидан тақдим этилган далиллар текширилганидан сўнг ҳимоя тарафи томонидан тақдим этилган далиллар текширилиши белгиланган. Бизнинг миллий қонунчилигимизда суд терговининг шу тарзда ўтказилишини белгилаш ЖПКнинг 25-моддасида белгиланган судда ишларни юритишдаги тортишув принципининг янада тўлақонли амалга ош ирилишига таъсир ўтказиши мумкин. Бу, албатта, муҳокамани талаб этадиган нуқтаи назардир.

2020 йил 24 июлда Президентимиз томонидан имзоланган “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармон суд соҳасидаги масалаларни ҳал қилишга қаратилгани билан муҳим ҳужжат бўлди.

Фармон билан прокурорнинг судда иштирок этиши тартиби илғор хорижий тажриба ва халқаро стандартларга мослаштирилмоқда. Мутлақо янги амалиёт, яъни давлат айбловчиси айбловдан воз кечган тақдирда реабилитация асосларига кўра жиноят ишини тугатиш, тарафлар мурожаати мавжуд бўлган ҳолдагина прокурор томонидан суддан ишларни чақириб олиш, бошқа шахсларнинг ташаббуси билан қўзғатилган фуқаролик ва иқтисодий ишларнинг кўрилишида прокурор ўз ташаббуси билан иштирок этишини истисно этиш назарда тутилмоқда. Бу эса, судларнинг мустақиллигини, қонунда мустаҳкамланган судда тортишув ва тенглик принципларини реал амалга оширишга хизмат қилади.

Нуриддинов Шухрат Нуриддинович,
Ўзбекистон Республикаси Судьялар Олий кенгаши
ҳузуридаги Судьялар олий мактаби тингловчиси

Нишонов Бекзод Шухратович,
Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими бошлиғи