Бухорода "Мурғак қалб" акцияси доирасида тадбир ташкил этилди
Ўзбек халқи азал-азалдан болажон халқ ҳисобланади. Юртимизнинг қайси бир гўшасига борманг, болаларга кўрсатилаётган ғамхўрликларнинг гувоҳи бўласиз, фарзандлар кўзидаги қувончни кўриб, қалбингиз фахр ва ғурурга тўлади.
Дарҳақиқат, сўнгги йилларда болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, ёш авлодни жисмонан ва маънан соғлом қилиб вояга етказиш, уларни ватанпарварлик ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш давлат сиёсати даражасига кўтарилган бўлиб, бу борада бир қатор ижобий ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, имконияти чекланган болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмларини такомиллаштириш, уларнинг жадал ижтимоий мослашуви учун кенг имкониятлар яратиш, тарбия муассасаларининг иш фаолиятини яхшилаш, шунингдек, жисмонан соғлом ва маънавий етук авлодни тарбиялаш давлатнинг муҳим омилига айланиб, бу борада давлат органлари томонидан турли акциялар ташкил этиб келинмоқда.
Ана шундай акциялардан яна бири жорий йилнинг 16 июнь куни Бухоро ногиронлиги бўлган болалар учун «Мурувват» интернат уйида ташкил этилди.
"Мурғак қалб" деб номланган акция вилоят адлия бошқармаси ташаббуси билан ташкил этилган бўлиб, унда Бухоро шаҳар, Ромитан, Пешкў, Қоровулбозор ва Когон туман адлия бўлимлари томонидан интернат уйи тарбияланувчилари холидан хабар олинди.
Тадбир давомида болалар ўртасида "Қувноқ старт" спорт мусобақалари, ҳар хил кўргазмали чиқишлар тадбир иштирокчилари томонидан илиқ кутиб олинди ҳамда фаол иштирокчилар адлия ходимлари томонидан турли эсдалик совғалари билан тақдирландилар.
Дарҳақиқат, акция доирасида ўтказилган тадбир орқали энг олий мақсадга эришилди - болажонларга янада қувонч ва кўтаринки кайфият улашилди.
Жаҳонгир АШУРОВ, Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими етакчи маслаҳатчиси