Олотда сарсон қилинган тадбиркорга кредит маблағи ажратилиши таъминланди
Олот туман адлия бўлими томонидан тумандаги “Опшоқ” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи “Ali Sar Akfa” хусусий корхонаси рахбари А.Каримовнинг тадбиркорлик қилиш мақсадида Агробанк АТБ Олот филиали томонидан кредит маблағи таъминотчига кўчириб берилмаётгани сабабли у ишини бошлай олмаётганлиги юзасидан қилган мурожаати ўрганиб чиқилди.
Аниқланишича, мурожаат муаллифи Агробанк АТБ Олот филиалига 2 ой олдин кредит ажратиш хусусида мурожаат қилган, бироқ банк филиали масъул ходимларнинг ўз хизмат вазифаларига масъулиятсизлик билан ёки ўзига аён бўлган бошқа манфаатларда ёндошишлари натижасида “Ali Sar Akfa” хусусий корхонасига 30 млн сўм кредит маблағи ўрганиш кунига қадар ажратилмаганлиги оқибатида тадбиркорлик субъекти ўз фаолиятини бошлай олмаётганлиги маълум бўлди.
Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 7 март кунидаги “Ҳудудларда аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш ва оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4231-сон қарорида имтиёзли кредитлар оилавий тадбиркорлик, даромад топишга қаратилган муайян меҳнат фаолияти билан шуғулланиш ва фаолият турини кенгайтириш истагини билдирган аҳоли ҳамда тадбиркорлик субъектларига йиллик 8 фоиз ставкада 3 - 6 ойгача бўлган имтиёзли давр билан 3 йилдан кўп бўлмаган муддатга ажратилиши ҳамда мазкур қарорнинг 8-бандида “Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга асосан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 17 ноябрдаги «Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5242-сон, 2018 йил 27 июндаги ««Yoshlar-Kelajagimiz» Давлат дастури тўғрисида»ги ПФ-5466-сон Фармонлари, 2018 йил 26 апрелдаги «Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-3680-сон, 2018 йил 7 июндаги ««Ҳар бир оила — тадбиркор» дастурини амалга ошириш тўғрисида»ги ПҚ-3777-сон ва 2018 йил 14 июлдаги «Аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги ишларни такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-3856-сон қарорлари асосида имтиёзли кредитлар: вилоятлар ёки туман (шаҳар)лар Марказлари томонидан оилаларнинг хоҳиш ва истаклари, тадбиркорлик субъектлари ва ёшларнинг лойиҳалари, ушбу фаолиятни амалга ошириш учун етарли шароитлари мавжудлиги чуқур ўрганилиб, ҳар бир оила ва тадбиркорлик субъектларининг таклиф этаётган лойиҳаларига кредит ажратиш мақсадга мувофиқлиги тўғрисида бериладиган хулосалар асосида; товарлар (хизматлар) шартнома асосида келишилган нархда етказиб берилгандан (хизматлар кўрсатилгандан) ва лойиҳа эгаси ундан қаноатланиш ҳосил қилганидан сўнг ажратилади ва маҳсулот етказиб берувчи (хизмат кўрсатувчи)нинг ҳисобрақамига ўтказиб берилади.” деб кўрсатиб ўтилган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 7 июнь кунидаги “«Ҳар бир оила-тадбиркор» дастурини амалга ошириш тўғрисида”ги ПҚ-3777-сон Қарорининг 9-бандида тижорат банклари томонидан базавий ҳисоблаш миқдорининг юз эллик бараваригача миқдорда — оилавий тадбиркорликни ривожлантириш учун ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар раҳбарлари ва маҳалла фуқаролар йиғини тавсияномалари асосида ҳамда базавий ҳисоблаш миқдорининг минг бараваригача миқдорда - белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтган кичик тадбиркорлик субъектларига учинчи шахс кафиллиги, суғурта полислари, кредит ҳисобига сотиб олинаётган мол-мулклар гарови, Жамғарманинг кафиллиги ва қонун ҳужжатлари доирасидаги бошқа таъминот турлари асосида кредитлар ажратилиши белгиланган.
Мурожаатни ўрганиш натижасига кўра, юқоридаги аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан “Агробанк” АТБ Олот филиалига қонун ҳужжатларининг бузилишларини, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида тақдимнома киритилди ва мурожаат муаллифига 30 млн.сўмлик кредит маблағларининг ажратилиши таъминланиб, таъминотчи корхонага ўтказиб берилди.
ИХТИЁР ЧУЛЛИЕВ, Олот туман адлия бўлими бошлиғи