Жондорда тил байрами кенг нишонланди
Жондор туманида ҳам Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги қонуни қабул қилинганининг ўттиз бир йиллигига бағишланган байрам тадбири бўлиб ўтди.
Халқнинг Ватани, давлати каби яна бир буюк, эҳтимолки, бирламчи бойлиги бор. Бу – унинг тили. Айнан тил одамлар гуруҳини бир миллат сифатида бириктиради, яъни халқни – халқ, миллатни – миллат қилади.
Байрам Жондор туманидаги мусиқа ва санъат мактаби биносида туман адлия бўлими, туман ҳокимлиги, туман халқ таълими бўлими ходимлари ва мактаб ўқувчи ёшлари ва педагог ходимлари иштирокида бўлиб ўтди.
Тадбир ёшлар қалбида она тилимизга муҳаббат, миллий ва жаҳон адабиётини теран нигоҳ билан ўқишга қизиқиш уйғотиш, китобхонлик маданиятини ошириш мақсадида ташкил этилган бўлиб, ташкилотчилар томонидан давлат тилининг аҳамияти борасида маърузалар қилинди.
Хусусан, Жондор туман адлия бўлими бошлиғи Умид Шеров томонидан Ўзбекистон Республикасининг "Давлат тили тўғрисида"ги ва "Таълим тўғрисида"ги Қонунларининг мазмун-моҳияти ва аҳамияти юзасидан батафсил тушунтириш берилди.
Шунингдек, тадбир давомида иштирокчиларга ўқувчи ёшлар томонидан турли шеърхонлик тадбирлари ва саҳна кўринишлари амалга оширилди.
Жондор туман адлия бўлими