Офатлар оқибатида йўқолган ҳужжатни тиклашда тўлов ундирилмайди
Фавқулодда вазиятлар оқибатида зарар кўрган фуқароларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек уларнинг ўзига боғлиқ бўлмаган тарзда йўқотилган ёки яроқсиз ҳолга келган муайян фактни тасдиқловчи ҳужжатларини тиклашда амалий ёрдам кўрсатилишини таъминлаш меҳанизмларини жорий этиш мақсадида жорий йилнинг 22 октябрь куни “Фавқулодда вазиятлардан жабр кўрган фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилишнинг қўшимча чоралари тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди.
Қарорга мувофиқ, 2021 йил 1 январдан Ўзбекистон ва хорижий давлатда табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар, шу жумладан маиший тусдаги офатлар (офатлар) юз берганлиги оқибатида жисмоний шахсларнинг айбисиз йўқотилган ёки яроқсиз ҳолга келган ҳужжатларни тиклашда улар давлат божи ва йиғимлардан озод қилинади.
Офатлар юз берганлигини тасдиқлаш, зарурат бўлганда, ҳужжатни тиклаш ваколати бўлган давлат органининг сўровига асосан:
- Ўзбекистон ҳудудида – Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан бериладиган маълумотнома асосида;
- Хорижий давлатлар ҳудудида – хорижий давлат ваколатли идоралари томонидан берилган ва легаллаштирилган ёки апостиль қўйилган ёхуд халқаро шартномаларга мувофиқ расмийлаштирилган маълумотнома асосида амалга оширилади.
Ўзбекистон ҳудудида офатлар юз берганлиги оқибатида ҳужжатларни тиклаганлик учун ундирилмаган тўловлар, мазкур ҳолатлар юзасидан айбдор шахслар (ташкилотлар) мавжуд бўлса, кейинчалик улардан регресс тартибида ундирилади.
Офатлар юз берганлиги оқибатида жисмоний шахсларнинг айбисиз ҳужжатлар йўқотилса ёки яроқсиз ҳолга келса, уларга нисбатан жазо чоралари қўлланилмайди.
Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими