November 5, 2020

Адлия органлари тизимида “Бепул ҳуқуқий маслаҳат билан ҳар бир уйга” шиори остида ҳуқуқий тарғибот тадбирлари амалга оширилмоқда.

«Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак», Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг эл-юртимиз қалби ва онгидан чуқур жой олган бу сўзлари бугун мамлакатимизда барча соҳа ва тармоқларда амалга оширилаётган туб ўзгариш ва ислоҳотларни ҳаракатлантирувчи қудратли кучга, таъбир жоиз бўлса, уларнинг ғоявий ўзагига айланди. Халқимизнинг ҳаётий талаб ва эҳтиёжларини таъминлаш, одамларимизни рози қилиш йўлидаги залворли ишлар айнан ана шундай эзгу ва ҳаётбахш ғоялар асосида олиб борилиб, тобора янги маъно ва мазмун билан бойиб бормоқда.

Дарҳақиқат, айни пайтда "Бепул ҳуқуқий маслаҳат билан ҳар бир уйга" шиори остида аҳоли билан ишлаш, уларга ҳуқуқий маслаҳат бериш ва энг асосийси уларнинг муаммолари билан қизиқиш борасида адлия идораси ходимлари “Мадад” нодавлат нотижорат ташкилотининг ҳудудий бюроси ходимлари билан биргаликда фаол ҳаракатларни олиб бормоқдалар.

Жумладан, жорий йилнинг 4 ноябрь куни адлия ходимларидан иборат ишчи гуруҳ ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда Бухоро туманидаги “Гала-Осиё” ва “Боғикалон” маҳаллаларида уйма-уй юриб аҳоли билан бевосита мулоқот қилишиб, мулоқот жараёнида қишлоқ аҳолисини қийнаб келаётган коммунал, бандлик, меҳнат муносабатлари ва бошқа масалалар юзасидан мурожаатлар қабул қилинди. Хусусан, мулоқотда фуқароларнинг иш билан таъминлаш, моддий ёрдам, ногиронлик аравачаси билан таъминлаш билан боғлиқ мурожаатлари ҳам иш юритуви учун қабул қилинди ва жойида ҳал этиш чоралари кўрилди.

Гала-Осиё маҳалласида яшовчи фуқаролар Б.Арабова, М.Пирова, Ф.Файзиевларнинг ижтимоий ҳимояга муҳтожликлари сабабали, моддий ёрдам бериш юзасидан адлия бўлимига қилган мурожаатлари “Саҳоват ва кўмак” жамғармасининг туман бўлинмаси билан ҳамкорликда ижобий ҳал этилиб, мурожаатчиларнинг хонадонларига кундалик истеъмол товарлари ва бошқа маҳсулотлар етказиб берилиши таъминланди.

Шунингдек, “Боғикалон” маҳалласида яшовчи фуқаро Ғ.Қодировнинг гуруҳ ногирони эканликлари сабабли, ногиронлик аравачаси билан таъминлаш борасидаги мурожаатлари туман адлия бўлими ва туман тиббий ижтимоий хизматлар шўъбаси томонидан биргаликда ҳал этилиб, ногиронлик аравачаси етказиб берилди.

Тадбирлар жараёнида бепул ҳуқуқий маслаҳат олиш борасида яратилган шароитлар, хусусан, Адлия вазирлигининг “Ҳуқуқий ахборот” канали, вилоят адлия бошқармасининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари, онлайн мурожаат қилиш усуллари, адлия органлари тизимидаги телеграм бот каналлар ва ишонч телефонлари ҳақида ҳам маълумотлар бериб борилмоқда.

Бухоро туман адлия бўлими