Мамлакат иқтисодиёти барқарорлиги йўлида туризм соҳасидаги имтиёзлар
Коронавирус пандемияси хар бир давлатнинг ижтимоий, иқтисодий, сиёсий жиҳатдан ривожланишига сезиларли таъсир ўтказди. Бу борада энг кўп зарар кўрган соҳа туризм соҳаси деб айтсак муболаға бўлмайди. Бугунги кунда юзага келаётган иқтисодий инқирозни енгиб ўтиш учун туризм соҳасини ривожлантириш ҳар доимгиданда кўпроқ ҳамжиҳатлик, тезкор чоралар ва яқин ҳамкорликни амалга оширишни талаб қилади. Давлатимиз олиб бораётган сиёсатнинг туб мазмун-моҳияти ҳам иқтисодий барқарорликни таъминлаш ҳамда ривожланиш йўлида туризим соҳасини ривожлантириш хисобланади. Президентимизнинг 2020 йил 28 майдаги “Коронавирус пандемиясининг салбий таъсирини камайтириш учун туризм соҳасини қўллаб-қувватлашга доир кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-6002-сонли Фармони айни пайтда мамлакатда туристик фаолият билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш борасида янги имкониятлар эшигини очиб берди.
Фармонга кўра 2020 йилнинг 1 июнидан бошлаб «яшил» ва «сариқ» тоифадаги ҳудудларда санитария-гигиена меъёрлари ва талабларига қатъий риоя этган ҳолда ички туризмни қайта йўлга қўйиш билан биргаликда ёндош ташкилотларнинг фаолиятини бошлашига ҳамда фуқароларга мамлакат ҳудудига киришга рухсат этиладиган мамлакатлар рўйхати белгиланиб, унга асосан кириш туризмни босқичма-босқич қайта тиклашга рухсат берилди.
Шунингдек, Туроператорлар, турагентлар, шунингдек, жойлаштириш воситалари учун:
2020 йил 1 июндан 31 декабрга қадар фойда солиғи ставкаси белгиланган ставкага нисбатан 50 фоизга камайтирилади;
2020 ва 2021 йил якунлари бўйича зарарларни Солиқ кодексида назарда тутилган миқдор билан чекламаган тарзда ўтказиш ҳуқуқи берилади;
2021 йил 1 январгача бўлган даврда туристик (меҳмонхона) йиғимини ҳисоблаш ва тўлаш тўхтатилади.
Шунингдек, жойлаштириш воситаларига алкоголь маҳсулотлари билан чакана савдо қилиш ҳуқуқи учун маҳаллий йиғимни тўлашни 2021 йил 1 январгача бўлган муддатга давлат солиқ хизмати органларини хабардор қилиш ва кейинчалик уларни 12 ой мобайнида тенг қисмларда тўлаш асосида фоизсиз кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш) ҳуқуқи тақдим этилади.
2020 йил 1 июндан 31 декабрга қадар бўлган даврда қуйидагиларга белгиланадиган мезонлар асосида 12 ой муддатга бир марталик мақсадли фоизсиз ссудалар ажратилади:
туроператорларга 2019 йилдаги ўртача ойлик иш ҳақи фондининг 3 бараваридан ошмайдиган миқдорда;
жойлаштириш воситаларига ҳар бир ётоқ ўрни учун БҲМнинг 5 баравари миқдорида.
Шунингдек, туризм соҳасидаги “стартап” лойиҳалар ва инновацион бизнес ғояларни умумий 1,5 миллиард сўм миқдорида қисман субсидиялаш орқали қўшимча кўмак кўрсатилади.
2020 йил 1 июндан 2021 йил 31 декабрга қадар бўлган даврда:
республика ҳудудларида (Тошкент шаҳри бундан мустасно) хорижий ошхона ёки алоҳида йўналиш бўйича ихтисослашган тематик овқатланиш шохобчалари, овқат ва озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бериш, шунингдек, сувенир маҳсулотларини етказиб бериш бўйича хизматларни ташкил этиш бўйича лойиҳа ташаббускорларига лойиҳа қийматининг 30 фоизи, лекин ҳар бир лойиҳа учун 100 миллион сўмдан ортиқ бўлмаган миқдорда;
янги туризм маҳсулотлари ва йўналишларини ишлаб чиқиш ва тарғиб қилишга гидлар учун 5 миллион сўм, туроператорлар учун 10 миллион сўм миқдорида грантлар ажратиш орқали қўшимча кўмак кўрсатилади.
Шу билан бирга, жойлаштириш воситаларини (меҳмонхоналар, дам олиш уйлари ва б.) қуриш учун тижорат банклари томонидан аввал берилган кредитлар бўйича 2020 йил 1 мартдан 1 июнгача бўлган даврда туризм соҳаси субъектларининг фоиз харажатлари субсидияланади.
Хулоса қилиб айтанда, мазкур Фармон иқтисодиётни барқарор ривожлантиришга, барча минтақаларни ва турдош тармоқларни комплекс равишда илдам ривожлантиришнинг етакчи кучи бўлиш имкониятига эга мамлакат иқтисодиётининг стратегик тармоғи сифатида туризмни жадал ривожлантиришни таъминлашга, шунингдек Ўзбекистоннинг жозибадор туризм маркази сифатидаги ижобий қиёфасини шакллантиришга имконият яратиб беради.
БЕКЗОД НИШОНОВ, Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими бошлиғи