April 14, 2021

Кредит олишни хоҳлайсизми?

Ҳеч кимга сир эмаски, фуқаролар банклардан кредит олиш масаласида мунтазам равишда кўплаб қийинчиликларга дуч келишади. Бу каби қийинчиликлар инсонни зада қилди дейишимиз мумкин, бироқ, ўйлаб кўрадиган бўлсак, бу ва бу каби қийинчиликларнинг асосий сабаби ўз ҳақ-ҳуқуқимизни билмаслигимиздир.

Одатда бизга кредит олиш нийяти пайдо бўлиши билан банк томон шошиламиз ва ўшбу банкдаги кредит бўлимига оғзаки равишда ўз номимизга кредит расмийлаштирмоқчилигимизни айтиб, мурожаат қиламиз. Кредит бўлими бизнинг муржаатимизни тинглаб бўлгач жуда катта эхтимол билан қуйидаги сўзларни айтади "Кечирасиз бизда ресурс тугаб қолган эди ёки кредит муддати ёпилган". Шундан сўнг биз банкирга пул (пора) таклиф қиламиз ёки тарвузимиз қўлтиғимиздан тушган иложсиз шахс сингари уйга қайтамиз.

Сизда кредит олиш нийяти бор экан ҳеч қачон оғзаки равишда қилган мурожаатингизга кредит йўқ деган жавоб билан чекланиб қолманг, энди асосий эътиборимизни ёзма равишда мурожаат қилишга қаратинг ва мурожаат қилган банкингиздан кредит йўқлиги ҳақида ёзма жавоб хати талаб қилинг. «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида» ги қонуннинг 68-моддасида "Мижозларнинг мурожаатлари банкка келиб тушган кундан эътиборан ўн беш кундан кечиктирмай, қўшимча ўрганиш ва (ёки) текшириш, қўшимча ҳужжатларни сўраб олиш талаб этилганда эса бир ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилиши ва ёзма ёки электрон шаклда жавоб берилиши керак" деб белгилаб қўйилган. Ушбу, жавоб хатини илова қилган ҳолда Марказий банкка мурожаат қилишингиз ва ҳақиқий вазиятга ойдинлик киритишингиз сизни мурожаатингиз ижобий ҳал қилинишида муҳим рол ўйнайди.

Шу ўринда, яна бир фуқароларни банкдан кредит олишида ортиқча овворагарчиликни келтириб чиқарувчи ҳолат сифатида фуқароларнинг кредит расмийлаштиришда тақдим этиши керак бўлган ҳужжатларни билмаслигини келтириб ўтишимиз мумкин. Кредит олиш учун қайси ҳужжатлар тақдим этилиши кераклигини «Истеъмол кредити» ва «Ҳар бир оила – тадбиркор» дастури бўйича ажратиладиган кредитлар мисолида кўриб чиқамиз.

Ёдда тутинг! Қарз олувчи – жисмоний шахслар "Истеьмол кредит"и олиш учун банкка қуйидаги ҳужжатларни тақдим этиши керак:

▪️ кредит ажратиш ҳақида ариза;

▪️ паспорт ёки шахсни тасдиқловчи бошқа ҳужжат;

▪️ қарз олувчининг даромадларини тасдиқловчи иш жойидан бериладиган маълумотнома ёки қарз олувчининг даромадлари миқдорини тасдиқловчи бошқа ҳужжат;

▪️ кредитни қайтаришни таъминловчи ҳужжатлар (масалан, жисмоний ёки юридик шахсларнинг кафолати, мулк ёки қимматли қоғозлар гарови, кредит қайтарилмаслиги рискини суғурталаш ҳақидаги суғурта полиси).

"Ҳар бир оила-тадбиркор" дастури бўйича ажратиладиган кредит олиш учун банкка қуйидаги ҳужжатларни тақдим этиши керак:

▪️ариза (ёзма);

▪️паспорт нусхаси;

▪️жисмоний шахсларга кредит қайтарилишининг таъминоти сифатида ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар раҳбарлари ва маҳалла фуқаролар йиғини томонидан оилавий тадбиркорликни ривожлантириш учун бериладиган кредитлаш бўйича тавсиянома.

Қарз олувчининг аризаси келиб тушган кундан бошлаб, тижорат банки томонидан белгиланган муддатда ушбу ариза бўйича асослантирилган қарор қабул қилади. Кредит бериш бўйича ижобий қарор қабул қилинганда қарз олувчи ва тижорат банки ўртасида кредит шартномаси тузилади.

Жахонгир Ашуров, Ҳуқуқий тарғибот ва маьрифат бўлими етакчи маслаҳатчиси