Сайлов - 2021: Ўз келажагинг учун овоз бер!
Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириб бориш қонун устуворлигини таъминлаш ва қонунийликни мустаҳкамлашнинг энг муҳим шартларидан бири ҳисобланади.
Шунга кўра, сайлов жараёнларида ҳар бир сайловчининг шахсан иштирок этиши орқали ўз сиёсий иродасини намоён қилишини тарғиб қилиш, сайловчиларнинг сайлов қонунчилиги бўйича ҳуқуқий билимларини юксалтириш борасида жойларда адлия органлари томонидан тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Хусусан, ўтган ҳафта давомида Шофиркон туман адлия бўлими ходимлари томонидан “Сайлов – 2021: Ўз келажагинг учун овоз бер” шиори остида давлат органлари, ташкилотлар, маҳаллалар кесимида мунтазам тарғибот тадбирлари ўтказилди.
Аҳолининг электорал маданиятини оширишга қаратилган бу турдаги тадбирлар туман тиббиёт бирлашмасида, тумандаги Нурафшон, Талисафед, Қалмақон, Боғиафзал маҳалла фуқаролар йиғинларида, туман Молия бўлимида, тумандаги 5-сон давлат мактабгача таълим ташкилотида семинар ва давра суҳбатлари ўтказилди.
Шунингдек, "Шофиркон деҳқон бозори " МЧЖ радиоузели орқали бозорга ташриф буюрувчилар учун доимий равишда маъруза қилиб борилиши йўлга қўйилди.
Бундан ташқари, маҳалла фуқаролар йиғинларида "Сайлов ҳуқуқшуноси" бурчакларини ташкил этилиб, уларда қонунчиликга оид тарғибот материаллари – буклет ва флаерлар таъминлаб борилмоқда.
Шофиркон туман адлия бўлими