October 22, 2020

Бухоро вилоятида интеллектуал мулк соҳасини ривожлантириш юзасидан амалий учрашувлар ўтказилди.

Жорий йилнинг 12 октябрь куни давлатимиз раҳбари раислигида интеллектуал мулк объектлари муҳофазасини такомиллаштириш бўйича ўтказилган йиғилишда берилган топшириқларнинг ижросини ўз вақтида ва сифатли ташкил этиш, шунингдек ҳудудларнинг интеллектуал мулк муҳофазаси бўйича хозирги кундаги ҳолати ва истиқболдаги режаларини ўрганиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлиги раҳбарияти томонидан жойларга чиққан ҳолда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарлари, жойлардаги мутасадди ходимлар ҳамда тадбиркорлик субъектлари билан амалий учрашувлар ўтказиб келинмоқда.

Шундай амалий учрашувларнинг навбатдагиси бугун Бухоро вилоятида ўтказилди.

Бухорода ўтказилган учрашув давомида тадбиркорларга миллий бренд яратишнинг ўзига хос жиҳатлари, товар белгисини рўйхатдан ўтказиш тартиби тадбиркорлар ва патент эгалари, илм-фан вакиллари ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш масалалари муҳокама қилинди.

Бундан ташқари соҳа мутахассислари томонидан интеллектуал мулкни патентлаштириш жараёнининг мулкни муҳофаза қилишда аҳамияти, товар белгисини компания имиджини яратишда тутган ўрни ҳақида атрофлича маълумотлар берилди.

Сўзга чиққанлар фақат бир ҳудудга хос бўлган маҳсулотнинг географик кўрсатгичда рўйхатдан ўтказиш, ушбу маҳсулот мазкур ҳудуд нуфузини оширишда алоҳида ўрин тутишини таъкидлашди.

Шунингдек, тадбирда интеллектуал мулк соҳасининг яна бир муҳим тармоғи бўлмиш муаллифлик ва турдош ҳуқуқлар ҳимоясини интернет тармоғида таъминлаш, адабий ва бадиий асарларда муаллифлар рухсатисиз фойдаланишни олдини олиш бўйича ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.

Тадбирда сўзга чиққанлар мамлакатимизда интеллектуал мулк соҳасини янги босқичга олиб чиқиш учун ўзига хос иноваторлик мактабини яратиш муҳим эканлигини қайд этишди.

Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими