Президентнинг янги фармони ижросига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди
Бугун, 16 июнь куни вилоят адлия бошқармаси мажлислар залида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 8 июндаги “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–6243-сон Фармони мазмун-моҳиятини ёритиш мақсадида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Анжуман онлайн ва офлайн шаклда ўтказилиб, унда вилоят адлия бошқармаси ходимлари ва давлат ташкилотлари ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотларнинг вакиллари шунингдек, маҳаллий журналист ва мустақил блогерлар иштирок этишди.
Тадбирда дастлаб вилоят адлия бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Анвар Рўзиев сўзга чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2021 йилнинг 8 июнь куни имзоланган "Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони мазмун-моҳияти, мазкур ҳужжатларни қабул қилишдан мақсад ҳамда ҳужжатлар асосида маҳаллий ижро этувчи органлар фаолиятида кутилаётган ўзгаришлар юзасидан маъруза қилди.
Таъкидланишича, ПФ-6243-сон фармонга кўра, 2021 йил 1 августдан:
- ер участкалари хусусий секторга – мулк ва ижара ҳуқуқи асосида ажратилади;
- ер участкалари давлат ташкилотларига доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратилади;
- мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик, доимий эгалик, вақтинча фойдаланиш ҳуқуқи билан ер ажратиш тартиби бекор қилинади;
- қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар очиқ электрон танловорқалифақат ижара ҳуқуқи асосида ажратилади;
- қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар мулк ҳуқуқи ва ижара ҳуқуқи асосида электрон онлайн-аукцион орқали реализация қилинади;
- барча ҳолларда ер участкалари фақат бўш турган ва захирага олинган ерлардан ажратилади;
- давлат-хусусий шериклик лойиҳалари ва ижтимоий лойиҳаларни амалга оширишда ер участкалари давлат ташкилотига доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратилади;
- кўп квартирали уй жойлашган ва унга туташ ер участкаси мулкдорларга умумий фойдаланиш учун доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратилади.
Шунингдек, маъруза давомида Вазирлар Маҳкамаси томонидан ер участкаларини тўғридан-тўғри ижарага бериш тартиби ва ҳолатлари, қонунчилик ҳужжатларида белгиланган бошқача тартибда ер участкаларини ажратишни назарда тутувчи барча тартиблар, имтиёз ва истиснолар тўлиқ бекор қилиниши, давлат ҳокимияти органларининг ер участкаларини тўғридан-тўғри ажратиш ёки бошқача тарзда имтиёз ва истиснолар белгилаш ташаббуси билан чиқиш тақиқланганлиги айтиб ўтилди.
Бундан ташқари анжуман давомида қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳуқуқий муносабатларда фермер хўжаликларининг иқтисодиёт ва жамиятдаги мавқеини ошириш мақсадида адлия органлари томонидан ўтказилаётган “Фермерга мадад” ҳуқуқий акциясини ўтказишдан мақсад ва акция давомида амалга оширилаётган ишлар, акцияни ўтказиш механизмлари хусусида тўхталиб ўтилди.
Шундан сўнг, тадбирда иштирок этган ОАВ вакиллари ва блогерлар томонидан берилган савол ва таклифларга мутасаддилар томонидан жавоблар берилиб, Фармонни қўллаш амалиёти бўйича қизғин баҳс-мунозаралар бўлиб ўтди.
Жаҳонгир АШУРОВ, Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими етакчи маслаҳатчиси