Мурожаат ижобий ҳал этилди
Шофиркон туман Нурафшон МФЙ Юқори Юқсун қишлоғида яшовчи фуқаро Я.В.нинг фермер хўжалиги ер майдони олиб қўйилганлигидан норози бўлиб, туман ҳокимининг тегишли қарорини бекор қилишни сўраб ёзган мурожаати вилоят адлия бошқармаси томонидан ўрганилиб қуйидагилар аниқланди.
Фермер хўжалиги раҳбари Я.В.нинг аризаси олинмасдан туман ҳокимининг 2019 йил 28 январдаги қарори билан фермер хўжалигининг жами 2,7 гектар ер участкаси захира ер фонди ҳисобига қайтарилганлиги аниқланди.
Бундан ташқари, фермер хўжалигининг туман захира ер фонди ҳисобига қайтарилган ер участкаси туман ҳокимининг қарорига асосан тумандаги бошқа фермер хўжалигига қўшиб берилган.
Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 24-моддасида ер участкаларини ижарага олиш шартномасини муддатидан олдин бекор қилиш тарафларнинг келишуви билан, бундай келишувга эришилмаган тақдирда эса, суднинг ҳал қилув қарори билан амалга оширилиши, 36-моддасида бутун ер участкасига ёки унинг бир қисмига эгалик қилиш ҳуқуқи ёхуд ундан доимий ёки муддатли фойдаланиш ҳуқуқи, шунингдек ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқи ер участкасидан ихтиёрий воз кечилганда бекор қилиниши кўрсатилган.
Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 31 январдаги 22-сон қарори билан тасдиқланган “Фермер хўжалигининг ер майдонини мақбуллаштириш ва уни тугатиш тартиби тўғрисида”ги низомнинг 13-бандида ер майдонини узоқ муддатли ижарага олиш шартномасини бекор қилиш ва фермер хўжалигини тугатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари (туман (шаҳар) ҳокими) томонидан тақдим этиладиган даъволар асосида, иқтисодий суд қарорига биноан амалга оширилиши, 21-бандида туман (шаҳар) ҳокими халқ депутатлари туман Кенгашининг ер участкасини ижарага бериш шартномасини бекор қилиш ёхуд ер майдонини мақбуллаштириш тўғрисидаги қарори асосида, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда, халқ депутатлари туман Кенгашининг қарорини, Комиссиянинг хулосасини, туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг хулосасини, далолатномани ва бошқа зарур ҳужжатлар ҳамда материалларни илова қилган ҳолда фермер хўжалиги раҳбари билан ер участкасини ижарага бериш шартномасини бекор қилиш ёхуд унинг ер участкаси майдонини мақбуллаштириш тўғрисида фермер хўжалиги раҳбарига таклиф киритиши, шартномани бекор қилиш тўғрисидаги таклиф фермер хўжалиги раҳбари томонидан рад этилганда ёки Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 384-моддасида белгиланган муддатда жавоб олинмаганда туман (шаҳар) ҳокими, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда, халқ депутатлари туман Кенгашининг қарорини, Комиссиянинг хулосасини, туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг хулосасини далолатномани ва бошқа зарур ҳужжатлар ва материалларни илова қилган ҳолда фермер хўжалиги билан ер участкасини ижарага бериш шартномасини бекор қилиш юзасидан иқтисодий судга даъво аризасини юбориши белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 12-моддасида давлат органининг ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлмаган ҳамда фуқароларнинг ёки юридик шахснинг фуқаролик ҳуқуқларини ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузадиган ҳужжати суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкинлиги кўрсатилган.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексининг 26, 27-моддаларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 апрелдаги ПҚ-3666-сонли қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тўғрисида”ги Низомга асосан вилоят адлия бошқармаси томонидан тадбиркор манфаатини кўзлаб Шофиркон туман маъмурий судига Мансабдор шахснинг хатти-ҳаракатларидан норозилиги ҳақида ариза киритилди.
Натижада Шофиркон туман маъмурий судининг ҳал қилув қарорига асосан Шофиркон туман ҳокимининг 2019 йил 28 январдаги қарорини ҳақиқий эмас деб топиш, тўғрисидаги аризаси қаноатлантирилиб, фуқаро мурожаати ижобий ҳал этилди.
Ижтимоий-иқтисодий соҳада ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш бўлими бош маслаҳатчиси Анвар Раҳманов