April 14, 2021

Адлия аралашгач мурожаат ижобий ҳал этилди

Когон тумани, "Геофизика" МФЙ ҳудудида яшовчи фуқаро А.Ҳикматов вилоят адлия бошқармасига мурожаат қилиб, Бухоро шаҳар ҳокимлиги томонидан савдо дўкони буздирилганлиги сабабли компенсация тўлаб берилмаётганлигидан норози бўлган.

Мурожаат адлия ходимлари томонидан ўрганилганда тегишли ҳужжатларга асосан Бухоро шаҳри, Хожа Нуробод кўчасидаги 57,4 кв.метр ер участкасида жойлашган 6-7-сонли савдо дўкони фуқаро А.Ҳикматовга тегишли бўлган, бироқ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 19 майдаги ПҚ-2980-сонли “2017-2019 йилларда Бухоро вилояти ва Бухоро шаҳрининг туризм салоҳиятини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, Бухоро вилоят ҳокимининг 2017 йил 24 майдаги тегишли Қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида Бухоро шаҳар ҳокимининг 2017 йил 23 июндаги “Бухоро шаҳрининг тарихий қисми (Шаҳристон бозори ҳудуди)да “Ҳунармандлар шаҳарчаси ва усти ёпиқ бозор” қуришга рухсат бериш тўғрисида”ги 888-сонли қарори билан Бухоро шаҳрининг тарихий қисми ҳисобланган “Шаҳристон бозори” ҳудудида “Ҳунармандлар шаҳарчаси ва усти ёпиқ бозор” қурилиши белгиланган ва Бухоро шаҳар ҳокимининг 2017 йил 23 июндаги 888-сонли қарорига асосан мурожаат муаллифига тегишли бўлган Бухоро шаҳрининг тарихий қисми ҳисобланган Ҳожа Нуробод кўчасидаги 6-7-сонли савдо дўкони ер майдони шаҳар ҳокимлиги томонидан олиб қўйилган.

Аниқланишича, Бухоро шаҳар ҳокимлиги ва фуқаро А.Ҳикматов ўртасида шаҳар ҳокимлиги томонидан давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилган
57,4 кв.метрдан иборат савдо дўкони ўрнига Бухоро шаҳар, “Оқмасчит” кўчасидан 600 кв.метр ер майдони ажратиб бериш ҳақида 2020 йил 18 сентябрда келишув битими имзоланган. Аммо фуқаро А.Ҳикматов Бухоро шаҳар ҳокимлигига буздирилган савдо дўкони ва олиб қўйилган ер участкаси учун 600,0 кв.метрдан иборат ер майдони ажратиш ҳақидаги қарор чиқариб бериш сўраб бир неча марта мурожаат қилган бўлсада, ҳозирги кунга қадар шаҳар ҳокимлиги томонидан мурожаатлар ижобий ҳал қилинмаган.

Бухоро шаҳар ҳокимлигининг 2020 йил 9 ноябрдаги хатида Бухоро шаҳар ҳокимлиги А.Ҳикматовга ер майдони бериш бўйича қарздорликни ўз зиммасига олмаслиги, ушбу фуқаро билан 2020 йил 18 сентябрда тузилган келишув битими амалдаги қонунчиликка зид эканлиги, А.Ҳикматовга тегишли ер майдони шаҳар ҳокимлиги захира ерлари ҳисобига қайтарилмаганлиги сабабли фуқаронинг мурожаати қаноатлантирилмасдан қолганлиги, шаҳар ҳокимлиги томонидан 2020 йил 18 сентябрдаги келишув битими тан олинмаслиги маълум қилинган.

Шундан сўнг, вилоят адлия бошқармаси томонидан фуқаронинг манфаатида Бухоро шаҳар ҳокимлигига нисбатан ер ажратиш мажбуриятини юклаш ҳақида шикоят билан мурожаат қилинган ва Бухоро туманлараро Маъмурий судининг 2021 йил 11 февралдаги ҳал қилув қарори билан Бухоро шаҳар ҳокимлиги зиммасига А.Ҳикматовга буздирилган савдо дўкони жойлашган ер майдонига тенг миқдорда ер ажратиш мажбурияти юклатилган.

Бироқ, Бухоро шаҳар ҳокимлиги томонидан фуқаро А.Ҳикматовга буздирилган савдо дўкони учун компенсация тўлаш масаласи ҳал қилинмаган.

Ваҳоланки, ўша даврда амалда бўлган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 29 майдаги 97-сонли қарори билан тасдиқланган “Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларга ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 2-бандига мувофиқ, ер участкаси ёки унинг бир қисмини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш ер эгасининг розилиги билан ёки ердан фойдаланувчи ва ижарага олувчи билан келишув бўйича - тегишли равишда туман, шаҳар ҳокими, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг қарори бўйича ёхуд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига кўра амалга оширилиши, 8-бандига кўра, ер участкаларини олиб қўйиш компенсациянинг қуйидаги турлари: жумладан, фуқароларга уй-жой майдонининг ижтимоий нормасидан кам бўлмаган бошқа тенг қийматли обод турар жойни мулк қилиб бериш ва дов-дарахтлар қийматини тўлаш; бузилаётган уйлар, бошқа иморатлар, иншоотлар ва дов-дарахтлар қийматини фуқароларга тўлаш, шунингдек, ер участкасини олиб қўйиш муносабати билан мулкдорларга етказилган зарарларни қоплаш; ер участкаси давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши оқибатида етказилган зарарларни тўлалигича қоплаш; фуқароларга ва юридик шахсларга тегишли бузилиши керак бўлган уйлар, иморатлар ва иншоотларни кўчириш ва янги жойда тиклаш, шунингдек, ер участкасини олиб қўйиш муносабати билан мулкдорга етказилган зарарларни қоплаш; янги жойда уйлар, иморатлар қуриш ҳамда уларни фуқаролар ва юридик шахсларга мулк қилиб бериш, шунингдек, ер участкасини олиб қўйиш муносабати билан мулкдорга етказилган зарарларни қоплаш йўли билан амалга оширилиши кўрсатиб ўтилган.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 166-моддасига асосан мулк дахлсиздир ва қонун билан қўриқланади.

Ўзбекистон Республикасининг 2012 йил 24 сентябрдаги “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги ЎРҚ-336-сонли Қонунинг 7-моддасига асосан мулкдорнинг давлат органлари билан ўзаро муносабатларида мулкдор ҳуқуқларининг устуворлиги принципи амал қилади, унга мувофиқ қонун ҳужжатларидаги хусусий мулк ҳуқуқини амалга ошириш билан боғлиқ ҳолда юзага келадиган барча бартараф этиб бўлмайдиган зиддиятлар ва ноаниқликлар мулкдорнинг фойдасига талқин этилиши белгиланган.

Шунингдек, ушбу Қонунинг 17-моддасига асосан хусусий мулк бўлган мол-мулк национализация, мусодара ва реквизиция қилинмаслиги, хусусий мулк бўлган мол-мулкни, шу жумладан ер участкасини национализация ва реквизиция қилинган ҳолларда олиб қўйиш, агар қонунда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, мулкдорга унинг бозор қиймати, шунингдек бундай олиб қўйиш муносабати билан мулкдорга етказилган зарарнинг ўрни тўла қопланиши шарти билангина амалга оширилиши, мулкдор хусусий мулк бўлган мол-мулкини национализация, мусодара ва реквизиция қилиш тўғрисидаги қарор устидан суд тартибида шикоят қилишга ҳақли кўрсатиб ўтилган.

Юқоридагиларга асосан, вилоят адлия бошқармаси томонидан мурожаат муаллифини манфаатини кўзлаб, буздирилган савдо дўкони учун компенсация ундириб бериш ҳақида ФИБ Бухоро туманлараро судига даъво ариза киритилди.

Суднинг 2021 йил 25 мартдаги ҳал қилув қарорига асосан жавобгар Бухоро шаҳар ҳокимлигидан белгиланган тартибда манфаатдор фуқаро А.Ҳикматов фойдасига ер участкасининг давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши муносабати билан бузилган савдо дўкони биноси учун жами 101 163 498 сўм компенсация тўлови ундирилиши белгиланди.

АНВАР РЎЗИЕВ, Ижтимоий-иқтисодий соҳада ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш бўлими катта маслаҳатчиси