Қонунбузилишларга барҳам берилди

Ҳаммамизга маълумки, Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган бўш турган ер участкаларини бериш ҳамда архитектура-қурилиш ишларини амалга ошириш тартиб-таомилларини мақбуллаштириш мақсадида қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган бўш турган ер участкаларини бериш ҳамда архитектура-қурилиш ишларини амалга ошириш тартиб-таомилларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2019 йил 26 августдаги ПҚ-4427-сон қарорига мувофиқ Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 20 декабрь куни “Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун бўш турган ер участкаларини бериш тартиб-таомилларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 1023-сон қарори қабул қилинган эди.

Мазкур қарорга кўра 2019 йил 1 октябрдан бошлаб жорий этилган тартибга мувофиқ:

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган бўш турган ер участкалари тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун фақат «E-IJRO AUKSION» савдо майдончасида электрон онлайн-аукцион орқали берилади;
жисмоний ва юридик шахсларга «YERELEKTRON» автоматлаштирилган ахборот тизимида аниқ инвестиция мажбуриятлари билан бирга ер участкаси ва режалаштирилаётган қурилиш объекти тўғрисидаги маълумотларни кейинчалик уларни электрон онлайн-аукционга қўйиш масаласини белгиланган тартибда кўриб чиқиш учун жойлаштириш бўйича таклифлар киритиш ҳуқуқи берилди.

Шунингдек, қарор билан тасдиқланган Низомга кўра давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини электрон онлайн-аукцион орқали бериш тартибига сўзсиз риоя этилиши бўйича тизимли назорат ва мониторингини амалга ошириш Давлат хизматлари марказлари, прокуратура органлари ва адлия органлари томонидан амалга оширилиши назарда тутилган бўлиб, тизимли назорат ва мониторинг ер участкаси материалларини тайёрлаш жараёнига аралашмасдан, «YERELEKTRON» ААТ орқали амалга оширилиши кўрсатиб ўтилган.

Шунга кўра, жорий йилнинг 15-25 май кунлари Бухоро вилоят адлия бошқармаси ва туман (шаҳар) адлия бўлимлари томонидан вилоятдаги давлат органлари ва ташкилотлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 20 декабрдаги 1023-сон қарори билан тасдиқланган “Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини электрон онлайн-аукцион орқали бериш тартиби тўғрисида”ги низом талабларига риоя этилиши ҳолати мониторинг тарзида ўрганилди.

Ўтказилган мониторинг давомида тегишли ташкилотлар томонидан «YERELEKTRON» ААТга тўлиқ ва ўз вақтида жойлаштиришда жами 500 га яқин ҳолатда низом талаблари бузилганлиги аниқланди. Айниқса, ер участкалари материалларини келишиш ҳамда хулоса беришда муддат бузилиши ҳолатларига йўл қўйилганлиги маълум бўлди.

Аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан туман (шаҳар) адлия бўлимлари томонидан жами 132 та таъсир чоралар, жумладан, 29 та огоҳнома, 83 та тақдимнома ва 20 та маъмурий таклифлар киритилди.

Бундан ташқари, ўрганишлар давомида адлия органлари аралашуви билан жами 124 та 4,86 га. ер участкаларини онлайн-аукционга чиқариш чоралари кўрилди.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, эркин ва адолатли жамият қуриш учун қонунга таянишимиз ва қонун устуворлигига эришишимиз лозимдир. Зеро, ҳар қандай давлатнинг қудратли ва мустаҳкам бўлиши, хал­қининг тинч ва фаровон ҳаёти амалдаги қонунларнинг устуворлигига боғлиқдир.

АЗИЗ БАРОТОВ, Ижтимоий-иқтисодий соҳада ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш бўлими бошлиғи