Бош Қомусимиз қабул қилинган сана Бухорода кенг нишонланди
Мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ҳаётида муҳим аҳамиятга эга бўлган Конституциямиз қабул қилинган кун Бухорода кенг нишонланди.
Мактабгача таълим ташкилотларидан бошланган тадбирлар бугун, 7 декабрь куни Бухоро шаҳридаги Ёшлар марказида ўтказилган асосий байрам тантанасига уланди.
Унда ҳокимликлар, маҳаллий кенгаш депутатлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, ташкилот, корхона, муассаса раҳбарлари, кенг жамоатчилик вакиллари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси янгради.
Тадбирда вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Ботир Зарипов воҳа аҳлини Бош қомусимиз қабул қилинган кун билан самимий қутлади. Мамлакатимизнинг ҳар томонлама равнақ топишида, одамларнинг бахтиёр яшашида Конституция асосий маёқ бўлаётганига алоҳида урғу берди.
Таъкидланганидек, бундан 28 йил аввал мустақил Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси қабул қилиниши, ҳеч шубҳасиз, мамлакатимиз тарихида янги даврни бошлаб берди. Ислоҳотлар стратегиясини амалга ошириш ва миллий давлатчилик пойдеворини қуришда муҳим қадам бўлди.
Конституциямизда инсон манфаатлари устуворлиги алоҳида кафолатланган. Инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланиши белгиланган.
Бу сиёсат Асосий Қонунимиздаги “Давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилади. Давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъулдирлар”, деб белгиланган қоида талабларига тўла мос келади.
Тантанали маросимда ёшларнинг Конституция моддалари асосида тайёрлаган композициялари, санъат усталари ва ёш ижрочиларнинг концерт дастури намойиш этилди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати