Тасаттур ва тафаккурда Ислом деган қизлар (МУҚАДДИМА)

Ерга тушган уруғ ва қор парчалари сабр билан кутар тупроқ остида. Уруғ қордан озиқланиб, тупроқнинг остидан «дунёга келади». Тупроқ баракадир – бирни эксанг, мингни ундиради. Aёл ҳам тупроқ каби барака, қуёш каби шафқатлидир. Фарзанд эса она бағрида худди Марям онамиз Ҳанна онамизнинг бағрида ўсганидек улғаяди. Сўнгра, Марям онамиз Ҳанна онамизнинг давомчиси бўлгани сингари улар ҳам оналарининг давомчилари, издошлари бўладилар. Aммо Марямларнинг бу йўлда на курашуви тугайди ва на душманлари…

Қиблага юзланиб саждага бош қўйган, саждада убудиятни ҳис қилган ҳар бир аёл Марямдир, Оишадир (алайҳимас салам). Оишага ўхшаган аёл фарзанд кўрмаса ҳам у она мартабасидадир. Ҳар бир ислом қизи азалдан онадир. Чунки аёл фақат фарзанд туғиши билан эмас, меҳри билан онадир. Оналик меҳрдир. Шунинг учун ҳам, энагага ишонмай, ўзи фарзандининг тепасида бедор тонг оттирган, хуррак отадиган отанинг олдида ўтириб бўлса ҳам, ёлғиз фарзанди учун ҳалак бўлган инсон шунчаки «аёл» эмас, у ҳақиқий «она»дир.
Она фарзандига хизмат қилишдан чарчамайди, эринмайди, «Ярим кечаси нега мени уйғотасан?» деб фарзандини уришмайди. Уйқусида ҳам, уйғоқлигида ҳам боласининг бошини силаган мушфиқ онанинг қўллари ҳамиша меҳрлидир. Совуқ уйларни ҳам онанинг меҳри иситади. Шунинг учун онаси бевақт вафот этган фарзандлар энг яқинларидан қочиб, оналарининг қабрлари бошига борадилар.

Шамолда тебранган сарв шохлари фарзанднинг қулоқлари остида «Болам!» дея шивирлайди. Қутб шамоли ҳам, чўлдан эсган иссиқ шамол ҳам, денгиз шабадаси ҳам, барчаси «она»нинг овозини элтиб эсади. Шунинг учун изғирин оналарга илиқдек туюлади, қаҳратон қишда ҳам этлари жунжикмайди. Фарзандлар онаси ётган қабристонни у ерда онаси борлиги учун қаттиқ яхши кўрадилар. Ўқишдан уйга қайтган бола биринчи онасини сўрайди. Онасини кўриши, онасининг ҳидидан тўйиши, терлаган сочини онаси силаши, мактабда устозидан танбеҳ олган ёки мақтов эшитган бўлса, буни биринчи онасига айтиши керак. Чунки уни кўпроқ онаси яхши тушунади.
Бола мактабдан ёки паркдан қайтганда тўрт девордан иборат уйни яхши кўришининг сабаби ҳам онасидир. Шу туфайли она вафот этгач фарзанд учун отасининг дарвозаси ёпилади. Отанинг иккинчи хотини она эмас, бегона аёл бўлади. Чунки бегона аёл инсоннинг ўз онасидек меҳр беролмайди. Қишлоқдан шаҳарга фарзандини кўришга келганда ўзи билан сумка-сумка нарсалар олиб келадиган она бу дунёдан ўтгач, отанинг боғи мўл бўлса ҳам қуриқдай кўринади, дарвозаси очиқ турса ҳам ёпиқдай кўринади.

Бизни оёққа туришни ўргатган ҳам, қишлоққа, қавму қариндошларга ошно қилиб қўйган ҳам онадир. Касаллик исканжасидан азоб чекиб ётган кўз қорачиғи учун жарроҳлик хонаси ортида дуо қилаётган тўқсон ёшли аёлга куч берган ҳис оналик бўлмай, нима ҳам бўларди?!
Етимнинг йиғи овозини эшитганида бўғзига бир нарса тиқилгандек унга тасалли беришга уринаётган, унинг кўз ёшларига чидай олмай у билан қўшилишиб йиғлаётган «қизлар» ҳам она ҳисобланадилар. Чунки оналик инсоннинг фитратида бор. Аёл туғиши билан эмас, меҳр-муҳаббати ва шафқати билан она саналади. Қизининг тезроқ 18 ёшга тўлиб уйидан кетишини кутган, бор меҳр-муҳаббатини ит болаларига тақсимлаган миллионлаган МАДАМ бир онанинг ўрнини босармиди?!

Давоми бор...


Таржимон: Абдуллоҳ Раҳим

Манзилимиз: @Chinormasjidi