January 7, 2021

«Қуръони карим мусобақаси – 1442»: илк ғолиб билан суҳбат

Устоз Зайниддин қори Муҳаммад Юсуф хотираларига бағишланган «Қуръони карим мусобақаси – 1442» танловига саралаш босқичининг ҳифз йўналиши бўйича илк ғолиблари билан танишамиз.

Бугунги меҳмонимиз – наманганлик қори Абдусамад Бузурханов. Ёши 30 да. Тадбиркорлик билан шуғулланади.

Биз ғолибимизга бир неча савол билан мурожаат қилдик.

– Ассалому алайкум, саралаш босқичидаги муваффақиятингиз билан табриклаймиз. Гўзал тиловатингиздан баҳраманд бўлдик, раҳмат. Қуръонни ёдлашга неча ёшдан киришгансиз?

– Ваалайкум ассалом. Аллоҳнинг фазли билан 12 ёшда бошлаб, 18 ёшда тўлиқ ёдлаб бўлдим.

– Оилангизда сиздан бошқа ҳофизи Қуръонлар борми?

– Йўқ, шунинг учун мен Қуръонни ёд олганимда мендан ҳам кўра кўпроқ ота-онам хурсанд бўлгандилар.

– Танловга қатнашишингизга нима сабаб бўлди?

– 2018 йилдаги Қуръон мусобақасида Наманган шаҳар босқичида иккинчи ўринни олиб, Республика босқичига чиқиш насиб қилмаган эди. Azon.TV бошлаган хайрли ишни эшитдим-у, танловда қатнашиш иштиёқи туғилди.

– Саралаш босқичида ғолиб бўлганингиз сизга қандай таъсир қилди?

– Ғолиб бўлишни Аллоҳдан чин дилдан сўрагандим, Алҳамдулиллаҳ, ниятимга етказди.

– Танловда қатнашмоқчи бўлганларга қандай маслаҳатлар берасиз?

– Биздан содир бўлган хатоларни такрорламаслик ва ҳакамларни кўрсатмаларига амал қилишларини тавсия этган бўлардим. Бунинг учун нафақат қатнашчилар, балки бутун халқимизга Қуръон танловини кўриб боришга тарғиб қиламан.

– Azon.uz сайти ва Azon.TV‘ларни кузатиб борасизми?

– Албатта, кузатиб борамиз. Айниқса, Azon.TV'даги барча кўрсатувлар, дастурлар, лойиҳалар бир биридан ажойиб. Кўпроқ кўрадиганимиз “Рисолатул Қушайрийя”, “Қуръонни биламизми?”, “Нигоҳ” ва “Иймонлашайлик” кўрсатувлари.

– Танловнинг ўтказилишига эътирозларингиз йўқми? Яна нималарга эътибор қилинса, яхши бўлади, деб ўйлайсиз?

– Танлов юксак даражада ўтказиляпти, деган фикрдаман. Умид қиламанки, албатта, хотимаси ҳам гўзал бўлади.

– Бўш вақтларингизда нима билан машғул бўласиз?

– Китоб ўқишни ёқтираман. Албатта, биринчи ўринда диний китобларни олиб ўқийман. Бадиий асарларни ўқишга ҳам қизиқаман. Ҳозир Чингиз Айматовнинг “Тоғлар қулаётган замон” китобини мутолаа қиляпман.

– Бизга вақт ажратганингиз учун ташаккур айтамиз. Кейинги босқичда ҳам ғолиб бўлишингизга тилакдошмиз.

Ёқуб Умар суҳбатлашди

Манзилимиз @Chinormasjidi