October 7, 2020

Мўминларнинг оналари ҳақида савол-жавоб: ХАДИЖА БИНТ ХУВАЙЛИД розияллоҳу анҳо

44-савол: «Саҳиҳул Бухорий»да Хадижа розияллоҳу анҳонинг фазли ҳақида ривоят қилинган ҳадислардан келтиринг.

Жавоб:

1. Алий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг «(Дунё) аёлларининг энг яхшиси Марямдир, (умматим) аёлларининг энг яхшиси эса Хадижадир»,– деяётганларини эшитдим».[1]

2. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга уйланмасларидан олдин вафот этган Хадижадан рашк қилганчалик у зотни бирорта аёлларидан рашк қилмаганман, чунки мен у зотнинг уни (кўп) эслаганларини эшитар эдим. Аллоҳ у зотга (Хадижага) жаннатда ғовак дурдан бўлган бир уйнинг башоратини беришни амр қилган. У зот қўй сўяр, ўшандан етганича унинг дугоналарига ҳадя қилар эдилар».[2]

3. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Хадижани кўп эслаганларидан ундан рашк қилганчалик бирор аёлдан рашк қилмаганман. У зот менга у вафот этганидан уч йил кейин уйланганлар. Аллоҳ таоло [ёки Жаброил алайҳиссалом] у зотга унга жаннатда ғовак дурдан бўлган бир уйнинг башоратини беришларини буюрган экан».[3]

4. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бирорта аёлларидан Хадижадан рашк қилганчалик рашк қилмаганман. Ўзи уни кўрмаганман, лекин Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни кўп эслар эдилар. Баъзан қўй сўйиб, бўлак-бўлак қилиб, кейин уларни Хадижанинг дугоналарига юборар эдилар. Баъзида у зотга: «Худди дунёда Хадижадан бошқа аёл бўлмагандек...», – десам, «У бундай эди.., ундай эди.., ундан фарзандларим бор»,–дер эдилар».[4]

5. Исмоилдан ривоят қилинади:

«Абдуллоҳ ибн Абу Авфо розияллоҳу анҳумога: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Хадижага башорат берганларми?» – дедим. У: «Ҳа, ғовак дурдан бўлган, ичида ғавғо ҳам, чарчоқ ҳам йўқ бир уйнинг (башоратини)», – деди».[5]

6. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Жаброил Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга келиб, «Эй Аллоҳнинг Расули, Хадижа сизга бир идишда нонхуруш [ёки таом, ёки шарбат] олиб келяпти. Олдингизга келганда унга Раббининг ва менинг номимдан салом айтинг ҳамда унга жаннатда ичида ғавғо ҳам, чарчоқ ҳам бўлмаган, ғовак дурдан бўлган бир уйнинг башоратини беринг», – деди».[6]

7. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Хадижанинг синглиси Ҳола бинт Хувайлид Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига киришга изн сўради. У зот Хадижанинг изн сўрашини эслаб, алланечук бўлиб кетдилар-да, «Аллоҳим! Ҳола (бўлсайди-я)–дедилар. Шунда мен рашк қилиб: «Бир замонлар ўлиб кетган, оғзининг чети қип-қизил қурайшлик бир кампирнинг нимасини эслайсиз? Ахир Аллоҳ сизга унинг ўрнига ундан яхшироғини бериб қўйган-ку?» – дедим».[7]


[1] 3815-ҳадис.

[2] 3816-ҳадис.

[3] 3817-ҳадис.

[4] 3818-ҳадис.

[5] 3819-ҳадис.

[6] 3820-ҳадис.

[7] 3821-ҳадис. Ҳадисларнинг таржимаси «Олтин силсила» китобидан олинди. «Hilol-Nashr» нашриёти, 2014. Манзилимиз @Chinormasjidi