Моҳи рамазон келди
Эй аҳли Ўзбекистон, моҳи рамазон келди, Файзга тўлиб жаҳон, моҳи рамазон келди. Мехрибонлик ойи бу, саховатнинг жойи бу, Ҳар уйда хайру эҳсон, моҳи рамазон келди. Савобларга кон бу ой, мусулмонга жон бу ой, Савоб йиғмоққа имкон, моҳи рамазон келди. Энди Шайтон фикрини ўтказолмас, нечунким, Тузоқда бағридир қон, моҳи рамазон келди. Ҳақ деди:”Ас-савму лий ва ана ажзий биҳи“,* Ажрга тўлиб бу он, моҳи рамазон келди. Икки шодлик ифторда рўзадорга насибдур,** Бугун барчаси шодон, моҳи рамазон келди. Катта-кичик қалбида ўзгача руҳ кезмоқда, Бир-бирига меҳрибон, моҳи рамазон келди. Баракатлар самодан ёғилмоқда заминга, Эшигин очди осмон, моҳи рамазон келди. Жону дилидан ҳар ким тутса агар рўзасин, Шаксиз, жойидир жинон***, моҳи рамазон келди. Қадр кечаси келур, қадримизни топармиз, Руҳу Малак ёнма-ён, моҳи рамазон келди.**** Бу шундайин ойдирки, ойлар ичра ойи у, Бу ойда тушди Қуръон, моҳи рамазон келди. Иллатлар кетар биздан, баданимиз соғ бўлур, Дардимизга зўр дармон, моҳи рамазон келди. Эй Махдум, жону дилдан кутиб олгин рўзани, Бир ойлик азиз меҳмон, моҳи рамазон келди.
Маҳмудхон МАХДУМ
(Маҳмуд Ҳасаний)
__
*Рўза Мен учун ва Мен унинг мукофотини бераман (ҳадиси қудсий).
Ҳадиси шарифга ишора.
Манба: Azon.uz Манзилимиз t.me/Chinormasjidi