May 14, 2022

Чироқчилик касаначилар жорий йилда 243 тона кумуш тола етиштиришни мақсад қилишган

Жаҳон ипак бозорида ипак маҳсулотларига бўлган талабнинг тобора ошиб бораётганлиги ўз навбатида мамлакатимизда пилла етиштириш ҳажмларини босқичма-босқич оширишни тақозо этмоқда.

Пилла сифатини яхшилаш, боқилган ҳар бир қути қуртдан олинадиган пилла ҳосилини имконияти борича ошириш бир қатор агротехника ва ташкилий тадбирларга амал қилишни талаб этади.

Сўнгги йилларда республикамизда пиллачилик соҳасини ривожлантириш, ишлаб чиқариладиган маҳсулотларнинг турларини кенгайтириш, шунингдек, пиллачилик тармоғи корхоналарининг экспорт ва инвестиция фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Амалга оширилаётган чора-тадбирлар пилла хомашёси етиштириш ҳажмини ошириш, уни қайта ишлаш ҳисобига экспортбоп ипак маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш, шунингдек, республикамизнинг чекка ҳудудларидаги аҳоли, айниқса аёллар бандлигини таъминлаш имконини берди.

Мамлакатимизнинг иқлим шароити ва мавжуд салоҳият қишлоқ хўжалигининг ҳар бир тармоғи каби пиллачиликни ҳам истиқболда янада ривожлантириш муҳим омилдир.

2022 йил пилла мавсумида туманимизда 2 минг 603 нафар касаначиларга ва 553 та фермер хўжаликларида 4259 қути ипак қурти тарқатилди. Жорий йилда 243 тонна режа сифатида белгиланди. Пилла қабул қилиш масканига биринчи куннинг ўзида 1 тонна 200 килограм кумуш тола хирмонга тўкилди.

Чироқчилик касаначилар томонидан етиштирилган пилланинг дастлабки ҳосилини туман ҳокими Нодир Эркаев бошчилигида сектор раҳбарлари хирмонга тўкдилар. Шундан сўнг, хирмон бошида Ҳатми Қуръон ўқилиб ҳосилга барака сўралди.

Мавсумда биринчи бўлиб, “кумуш тола” етиштириб топширган пиллакорлар учун бир пиёла чой ташкил этилиб, совғалар билан тақдирландилар. Пиллакорлар ўзларининг меҳнати билан албатта, белгиланган режани ортиғи билан уддалайдилар.