May 13, 2022

Ноқонуний фаолият билан ҳалол ризқ топиб бўлмайди!

Чироқчи туманида солиқ қонунчилиги бузилишининг олдини олиш ва ноқонуний тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишга чек қўйиш мақсадида мунтазам равишда профилактик тадбирлар ўтказиб келинмоқда. Хусусан, жорий йилнинг ўтган даврида ўтказилган назорат тадбирлари натижасида 449 та ЯТТ ва 266 та хусусий корхоналар давлат рўйхатидан ўтиб, қонуний фаолият юритиши таъминланиб, ҳудудда 970 га яқин қўшимча иш ўрни яратилди.

Аммо олиб борилаётган тарғибот-ташвиқот ва профилактик тадбирларга қарамай, тумандаги бозорлар ҳудудлари ҳамда бошқа жойларда айрим фуқаролар томонидан ҳамон яширин ва ҳужжатсиз тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш ҳолатлари учраб турибди.

Бугун туман Давлат солиқ инспекцияси бошлиғи Ғанишер Караманов бошчилигида инспекция ходимлари туманда ноқонуний тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишга чек қўйиш мақсадида навбатдаги назорат тадбирларига чиқишди.

Ўтказилган назорат тадбирларида биргина май ойининг ўтган қисқа вақти давомида 84 нафар тадбиркор давлат рўйхатидан ўтиб, қонуний фаолият юритиши таъминланди.

Ноқонуний фаолият билан ҳалол ризқ топиб бўлмайди. Юқоридаги мисоллардан тадбиркорлар тўғри хулоса чиқарсалар, келгусида содир бўлиши мумкин бўлган кўпгина қонунбузарлик ҳолатларининг олди олинган бўлади. Шунинг учун тадбиркорлар ҳамда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишни бошламоқчи бўлган фуқароларимиздан давлат рўйхатидан ўтиб, ҳалол ва қонуний тарзда фаолият юритишларини сўраб қоламиз.