Сайёр қабул: мурожаатларга ижобий ечим топиш механизми

Мамлакатимизда инсон манфаатлари олий қадрият даражасига кўтарилди. Бугун барча давлат идоралари фаолиятида аҳолининг мурожаатлари билан ишлаш бўйича сифат жиҳатидан мутлақо янги тизим яратилди. Жойларда ўтаётган сайёр қабуллар, халқнинг дардини эшитиш, уларнинг муаммоларини ҳал этишда, шак-шубҳасиз, кутилган натижаларни бермоқда.

Зеро, Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халқимизга хизмат қилиши керак!

Шу маънода, Қашқадарё вилояти ҳокими З.Мирзаев Чироқчи тумани "Шўрбозор" маҳалласида фуқаролар билан навбатдаги сайёр қабулини ўтказди.

Тадбирда вилоят Халқ қабулхонаси раҳбари, вилоят ва туман сектор раҳбарлари, вилоят корхона, ташкилот, муассасалар раҳбарлари иштирок этди. Сайёр қабулда аҳолининг мурожаатлари атрофлича ўрганиб чиқилди.

Табдир аввалида, мутасадди раҳбарлар Чироқчи туманида 2021 йилда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастури доирасида амалга оширилаётган ишлар бўйича тайёрланган лойихалар тақдимотини вилоят ҳокими бошчилигида сектор раҳбарлари ҳамда жамоатчилик вакилларига намойиш этишди.

Хусусан, тадбир иштирокчилари “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастури доирасида туманда ичимлик суви таъминоти, электр энергияси, табиий газ таъминотини яхшилаш, ички йўлларни асфальтлаш, қум-шағал аралашмасини ётқизиш, кўприкларни таъмирлаш ва саломатлик йўлакларини қуриш, туман марказини ободонлаштириш тўғрисидаги дастурларнинг тақдимоти билан яқиндан танишишди.

Бундан ташқари йиғилишда туманда аҳолини арзон уй-жойлар билан таъминлаш бўйича янги механизмнинг афзалликлари ва уй-жойга эҳтиёжмандларни танлаб олиш тартиби тўғрисида, қуриладиган уйлар сони, категориялари ва жойлашув манзиллари тўғрисида, амалга оширилиши лозим бўлган ишлар, талаб қилинадиган маблағ дастур лойиҳалари ҳақида ҳам батафсил маълумотлар берилди.

Шундан сўнг, вилоят ҳокими З.Мирзаев Чироқчи туманида 2021 йилда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастури ҳамда “Шўрбозор” маҳалласида бажарилаётган ва бажарилиши режалаштирилган ишларнинг ижросини таъминлаш юзасидан вилоят ташкилот ва идора раҳбарлари ҳамда туман сектор раҳбарларига ўз фикр ва мулоҳазаларини билдириб, тегишли тавсия ва топшириқлар берди.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида фуқаролардан тушган мурожаатларнинг қарийб 80 фоизи жойида ҳал этилмоқда. Шу сабабли "Шўрбозор" маҳалласи аҳолисидан ташқари, қўшни ҳудудлардан ҳам фуқаролар ўз муаммоларига жавоб топиш учун сайёр қабулга келишди.

Бугунги кунда халқ билан учрашиб, жойларга чиқиб уларнинг дардига қулоқ тутиш, шу орқали аҳолининг розилигига эришиш ҳар бир раҳбарнинг бош вазифасига айланди. Бу галги сайёр қабулда 21 нафар фуқаро томонидан 28 та масалани ўртага ташланди. Ушбу мурожаатлардан 16 таси жойида ҳал этилди. 5 таси бўйича ҳуқуқий тушунтириш берилди. 7 таси масалани ҳал этиш учун ўрганиш жараёнида.

"Бегламиш" маҳалласилик Наргиза Қурбонмуротова сайёр қабул давомида яшаш хонадонида уй кутубхонаси ташкил этиш мақсади борлигини билдирди. Вилоят ҳокими Наргизанинг мурожаатини ижобий ҳал этиб унга кутубхона ташкил этиш учун 15 миллион сўм миқдорида пул ажратилишини маълум қилди. Сайёр қабул давомида Наргиза Қурбонмуротовага туман ҳокими Хуррам Жураев томонидан 508 турдаги бадиий адабиётлар тўплами ҳам совға қилинди.

– Бугунги сайёр қабул жуда яхши ташкил этилибди. Одамлар ўз муаммоси ва миннатдорлигини раҳбариятга етказишди. Менинг ҳам мурожаатим шу ернинг ўзида ижобий ечим топди. Бунинг учун вилоятимиз ва туманимиз раҳбарларига ўз миннатдорлигимни айтаман, – дейди бегламишлик Наргиза Қурбонмуротова.

"Шўрбозор" маҳалласи аҳолисининг кўплиги, ҳудуднинг ўзига хослиги, суғориладиган, лалми, дашт ва адрлик жойлардан иборат эканлиги билан туманда бошқа маҳаллалардан ажралиб туради. Шу сабабли аҳоли мурожаатларининг қамрови, мазмуни ва хусусияти анча фарқланади. Эндиликда шахсий муаммолардан кўра, жамоавий, ижтимоий ҳамда тадбиркорлик билан боғлиқ мурожаатлар сони ортиб бормоқда. Бу, аввало, шундан далолат берадики, одамларимизнинг руҳияти ҳамда дунёқараши, ҳаётга, ўз меҳнатининг натижасига муносабати ўзгараётганидан далолатдир.

Зеро, халқ билан мулоқот, уларнинг дарду ташвиши билан яшаш энг асосий мақсад бўлиб, унинг рўёби юртимиз равнақига, унинг янада гуллаб-яшнашига, фуқароларнинг тинч, осуда, фаровон ҳаёт кечиришларини таъминлашга хизмат қилиб келмоқда.