November 10, 2021

ЧИРОҚЧИ ТУМАНИ ҲОКИМИ ИЖТИМОИЙ ТАРМОҚЛАРДАН НАЖОТ ИЗЛАГАН ОИЛА МУАММОСИГА ЕЧИМ ТОПДИ ВА ОИЛАНИ ЎЗ НАЗОРАТИГА ОЛДИ

Куни кеча ижтимоий тармоқларда Чироқчи тумани "Торжилға" маҳалласида истиқомат қилаётган оила ачинарли аҳволда кун кечираётганлиги хусусида мақола эълон қилинди. Ижтимоий тармоқ кузатувчилари ўртасида катта мунозараларга сабаб бўлган мазкур ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида оила яшаётган манзилга бордик.

Чироқчи тумани ҳокими Хуррам Жураев бошчилигида ишчи гуруҳ вакиллари ҳамрохлигида Торжилға маҳалласида истиқомат қилаётган ижтимоий ҳимояга муҳтож оила хонадонига бориб улар билан суҳбатлашдик. Мухин Виладимир хонадонига борган туман масъул раҳбарлари фуқаронинг турмуш шароити билан танишиш асносида фуқаронинг муаммоларига ечим излашди. Рухий касаллика чалинган оила бекаси Дилором Худойбердиева малакали шифокорлар томонидан тиббий кўрикдан ўтказилди ва саломатлигини тиклаши учун вилоят рухий касалликлар шифохонасига даволанишга юборилди.

Шунингдек, меҳнатга лаёқатсиз фуқарога ногиронлик нафақаси тайинлаш хусусида керакли хужжатлар тайёрланиб тез фурсатда ногиронлик гуруҳи олиши маълум қилинди. Бундан ташқари оиланинг тўнғич фарзанди Камола Худойбердиевага Еттитом қўрғонида бунёд этилаётган тикувчилик фабрикасида ишлаш таклифи берилиб Камола Худойбердиеванинг ишга кириш учун хужжатларини тўплаш ва расмийлаштиришда ёрдам бериш учун маҳалла раисига тегишли топшириқлар бериб, ушбу жараённи ўз назоратига олди.

Шунингдек, оилабоши Мухин Виладимирга қарийиб бир гектар ер майдонига эга томорқасидан самарасиз фойдаланиш ўрнига имтиёзли банк кредити олиб, томорқасида иссиқхона қуриш таклифи берилиб кредит олиш учун хужжатларни расмийлаштириш кераклиги тушунтирилди. Албатта, бу орқали оила ўзининг шахсий даромадини ошириш имкониятига эга бўлади. Ахир айтишадику, меҳнатдан келса бойлик турмуш бўлар чиройлик деб.

Чироқчи тумани ҳокими Хуррам Жураев ижтимоий ҳимояга муҳтож оила вакиллари билан бўлган суҳбати давомида оила фарзандларига қишки уст бошлар совға қилди ва мактаб ёшидаги Жаҳонгир ва Рамазонлар учун мактаб формалари олиб берди.

Шунингдек, оилага бир ойлик озиқ — овқат махсулотлари ҳам етказиб берилди.

Бирор марта тегишли давлат ташкилотларига на секторга, на туман ҳокимлигига мурожаат қилмаган оила қавм-қариндошлардан ёрдам сўрашдан хижолат бўлиб, ижтимоий тармоқлардан нажот излади. Ижтимоий тармоқларда турли мунозараларга сабаб бўлган ёшгина қизчанинг мурожаатини эшитган қариндошлар эса унинг ҳаракатларини ёшликка юйиб ҳеч қачон яқинларини ташлаб қўймасликларини билдиришди ва янги қурилган иморат ҳам қариндошлар ёрдамида қурилганлигини ҳамда яқин кунларда оилани янги имроатга кўчиб ўтишида ёрдамларини аямасликларини айтишди. Албатта мутасадди ташкилотлар ҳам бу вазиятга жим қараб туришмайди ва оилага ёрдам қўлини узатишади.

Темир дафтар, Аёллар дафтари ва Ёшлар дафтари рўйхатига киритилган оила вакиллари ҳамиша маҳалла эътибори марказида бўлган. Хусусан, оилага мунтазам равишда бирламчи озиқ-овқат маҳсулотлари ва моддий ёрдам пуллари етказиб берилган. Аёллар дафтарига киритилган оила бекаси Дилором Худойбердиевага эса бепул дори воситалари етказиб берилган ва махсус шифохоналарда даволаниб келган. Оила қандай кун кечирмоқда.? Оиланинг тўнғич фарзанди Камола Худойбердиева Чироқчи деҳқон озиқ — овқат бозоридаги савдо дўконларининг бирида сотувчи бўлиб ишласа, иккинчи фарзанд Боймирза Виладимиров эса Тошкент шаҳрида истиқомат қилаётган янги қурилган иморатнинг қурилишида катта ёрдам қилган тадбиркор тоғаси Мансур Ўролов ёнида меҳнат қилиб оиланинг моддий даромадини оширишга ёрдам қилмоқда.

Дарҳақиқат, оила айни кунларда вақтинчалик икки хонали маҳаллий аҳоли тилида (вириминка) уйда уч нафар фарзандлари билан яшаб келмоқда.

Дардманд аёлини парваришлаб, фарзандларига бош бўлаётган оила боши икки фарзанди билан ҳалол меҳнат қилиб йиғиб терганига ва албатта, қариндош ўруғ ёрдамида яхши ниятлар билан 15х27 ҳажимдаги 8 хонали янги уй жой қураётганлиги ва иморатнинг том қисмини ёпиш учун шефир олишда бугун бироз қийналиб турганлигини туман ҳокими Хуррам Жураев билан бўлган суҳбатда маълум қилди.

Ижтимоий ҳимояга муҳтож оиланинг янги қураётган хонадони учун туман ҳокими 240 дона шефир олиб беришини ва бугуннинг ўзида шефирлар етказиб берилишини фуқарога тушунтирди. - Ижтимоий ҳимояга муҳтож ҳар бир оила доимий эътиборимизда ва қўлимиздан келганча кўмакка муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаймиз, - дейди Чироқчи тумани ҳокими Хуррам Жураев фуқаро билан бўлган суҳбатида. Халқимизда эҳтиёжманд одамларни йўқлаб, меҳр-мурувват кўрсатишдек эзгу қадриятлар тобора мустаҳкамланаётган жамиятимизда ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмайди.