November 8, 2021

Жаҳолатга қарши маърифат

Инсоният қадим-қадимдан буён жаҳолатга, бидат ва хурофотга қарши маърифат билан курашишга интилиб келади. Чунки, унга қарши куч ишлатилса, зўравонлик воситасида кураш олиб борилса, жаҳолат аввалгидан баттарроқ кучайиб кетиши мумкин. Жаҳолатга қарши маърифат усули ҳозирги даврда, башарият тараққиёт борасида жуда илгарилаб кетган ХХI аср ибтидосида ғоят муҳим касб этмоқда.

Ҳозирги вақтда кўз ўнгимизда дунёнинг турли жойларида рўй бераётган иқтисодий ва ижтимоий, ахборот-коммуникация манзарасидаги чуқур ўзгаришлар, турли мафкуралар тортишуви кескин тус олаётган бир вазиятда, барчамизга аёнки, фикрга қарши фикр, ғояга қарши ғоя, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш ҳар қачонгидан кўра муҳим аҳамият касб этмоқда. Ҳаммамизга маълумки ҳар қандай касалликнинг олдини олиш учун аввало киши организмида унга қарши курашувчи иммунитет ҳосил қилинади. Шундай экан биз фуқароларимиз онгида ҳам она Ватанимизга бўлган муҳаббатимиз, қадимий бой тарихимизга, ота-боболаримиз каби ўз динимизга садоқат туйғуларини янада шакиллантиришимиз, келажак авлодларга етказиб, керак бўлса уларнинг онгида ва қалбида мафкуравий, маънавий иммунитетни кучайтиришимиз муҳим ўрин тутади.

Токи фуқароларимиз миллий ўзлигини, шу билан бирга, дунёни чуқурроқ англайдиган, замон билан баробар қадам ташлайдиган инсонлар бўлишсин. Ана шундагина жоҳил ақидапарастларнинг "даъват”и ҳам аҳлоқ-одоб тушунчаларини рад этадиган, бизлар учун мутлақо бегона ғоялар ҳам уларга ўз таъсирини ўтказа олмайди.

Шу мақсадда бугун Чироқчи туманида ҳамкор ташкилотлар вакиллари иштирокида жойларда давра суҳбатлари ва учрашувлар ўтказиб келинмоқда. Учрашувларда миллий ўзлигимизга салбий таъсир кўрсатган миллий қадриятларимизни ривожланиб боришига тўсқинлик қилган, ўзлигимиздан айирмоқчи бўлганларни, эски замонлардан қолиб келаётган номаъқул одатлар айниқса, ҳудбинлик ва лоқайдлик, қариндош-уруғчилик ва маҳаллийчилик, манфаатпарастлик ва коррупсия, ўзгаларни менсимаслик каби иллатлардан жамиятимизни бутунлай ҳалос этиш тўғрисида ҳам очиқ сўз юритилмоқда.

Маънавият жамият тараққиёти, миллат камолоти ва шахс баркамоллигини белгилаб берувчи асосий омил ҳисобланади. Чунки, маънавият ривожлангандагина жамиятда иқтисодий ва ижтимоий – сиёсий барқарорлик вужудга келади, ҳамда мамлакат ва миллат тараққий этади. Бу ўз навбатида шахснинг баркамоллигига ва унинг ривожланиши учун зарур бўлган замин бўлиб хизмат қилади.

Маънавий-маърифий баркамолликнинг қирралари ва мезонлари қаторига мустақиллик тафаккури ва миллий ифтихор ҳам киради. Мустақиллик тафаккурини ҳар бир кишида шакллантириш ниҳоятда зарур. Токи, мустақиллик тафаккури ва миллий ифтихор, ғурур бўлмас экан, фидокорлик, ватанпарварлик, миллатпарварлик каби хислатлар жўш урмайди. Маънавий баркамол, комил инсонни тарбиялаш вазифаси қанчалик мураккаб бўлмасин уни амалга оширганимиздагина пировард мақсадга эришиш мумкин.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, инсон ўзлигини англаши даҳлдорлигини билиши атроф муҳитдаги воқеликларга бефарқ бўлмасдан , дунёвий ва диний билимларни чуқур ўрганиш ва билиш доимо изланишда бўлса албатта "Жаҳолатга қарши маърифат” кураша олади.

✍️Бердиёр ХАЛИЛОВ, Дин ишлари бўйича Қўмитанинг Қашқадарё вилоят Чироқчи туман бош мутахассиси.