November 9, 2021

Тиббиётнинг бирламчи бўғинига ажратиладиган маблағлар икки баробарга оширилади – Шавкат Мирзиёев

Сўнгги беш йилда юрак-қон томир касалликлари 20 фоизга, ҳатто ёшлар орасида ҳам кўпайган. Шавкат Мирзиёев ҳар бир одамнинг соғлиги муҳимлигини таъкидлади.

Бугун, 9 ноябрь куни президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида тиббиёт соҳасидаги муаммолар ечимига оид видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда. Йиғилишда мамлакат аҳолиси орасида юрак-қон томир касалликларидан ўлим ҳолатлари юқорилигича қолаётгани қайд этилди.

“Очиқ айтиш керак, туман ва шаҳарларда ихтисослашган, юқори технологик тиббий хизматлар кўрсатиш, шифокорлар малакаси билан боғлиқ кўплаб масалалар ҳали ўз ечимини топгани йўқ.Сайловолди дастурида тиббиётни халқимизни рози қиладиган тизимга айлантириш бўйича катта марраларни белгилаб олдик. Бунинг учун, тиббиётнинг бирламчи бўғинига ажратиладиган маблағларни 2 баробарга ошириб, аҳоли ўртасида кенг тарқалган касалликларни камайтириш бўйича алоҳида дастур қабул қилишни белгилаб олдик. Шу боис, бугунги йиғилишда ушбу вазифалар ижросини аҳоли саломатлигини таъминлашдаги энг муҳим соҳалардан бири бўлган кардиология йўналиши мисолида кўриб чиқамиз.Айтиш жоизки, 30-70 ёшдаги аҳоли ўртасида ўлим ҳолатларининг 53 фоизи ҳануз юрак-қон томир касалликларига тўғри келмоқда (дунёда 31 фоиз). Сўнгги беш йилда юрак-қон томир касалликлари 20 фоизга (330 минг нафар), ҳатто ёшлар орасида ҳам кўпайган. Мана шу рақамлар ўзи вазиятни кўрсатиб турибди.Бир нарсани аниқ тушуниб олиш лозим. Агар бирламчи бўғинда касалликлар ва ушбу касалликларга мойиллиги бор аҳолини аниқлаш ишлари тўғри йўлга қўйилса, мазкур рақамлар анча кўпроқ бўлади, бу ҳам ҳақиқат. Мисол учун, 40 ёшдан юқори аҳолининг 20-25 фоизида гипертония аломатлари мавжуд бўлиб, расмий касаллар сонидан 4-5 баробар юқори.Умуман, ўтказилган хатловлар натижасига кўра, республика бўйича 4 миллионга яқин аҳоли орасида юрак-қон томир касалликлари аниқланган бўлиб, умумий аҳолининг 12 фоизини ташкил этади. Айниқса, бундай касалликларга чалинган аҳоли сони Наманганда – 18 фоиз (450 минг нафар), Фарғонада – 17 фоиз (600 минг), Бухорода – 14 фоиз (230 минг), Қашқадарёда – 13 фоиз (470 минг) ташкил этиб, республика кўрсаткичидан юқори”, дея президент сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Юрак-қон томир касалликларини барвақт аниқлаш, уларнинг олдини олиш ва даволаш бўйича янги тизим жорий қилиниши айтилди.

“Энди маҳалла раисларининг, участка нозирларининг иши камайди. Аҳолини соғлом турмуш тарзига жалб қилиш керак. Мен учун ҳар бир одамнинг соғлиги муҳим. Тошкент шаҳри, Бухоро, Навоий ва Тошкент вилоятларида юрак-қон томир касалликларининг оғир асоратлари қолган ҳудудларга нисбатан баланд.Кардиология марказининг Бухоро, Фарғона ва Тошкент вилоятларидаги филиалларда ангиография ускунаси бўлмагани боис, стентлаш амалиёти йўлга қўйилмагани оқибатида ушбу ҳудудлардан республика марказларига 1,5 минг нафар бемор мурожаат қилган.Шу билан бирга, юрак-қон томир касалликларини барвақт аниқлаш, уларнинг олдини олиш ва даволаш бўйича дастурда мутлақо янги тизим жорий қилинади. Энг аввало, бу борада бирламчи бўғинда аҳоли билан бевосита маҳаллада ишлайдиган “тиббиёт бригадалари” ва оилавий поликлиникалар ролини тубдан ошириш лозим”, деди президент.

Юрак-қон томир касалликларни эрта аниқлаш ва олдини олиш мақсадида:

  • келгуси йилдан 40 ёшдан ошган барча аҳоли (10 миллион нафар) оилавий поликлиника ва тиббий бригадалар орқали йилига камида бир марта манзилли скирингдан ўтказилади;
  • туман лабораториялари коагулометр ва зарур реактивлар билан таъминланади;
  • юрак-қон томир касалликлар аниқланган аҳолининг ягона электрон реестри юритилади;
  • юрак-қон томир касалликлари учун эналаприл каби дорилар доимий равишда 200 мингдан зиёд эҳтиёжманд аҳолига бепул тарқатилади;
  • туман ҳокимлари ҳар бир маҳаллада “гипертония саломатлик мактаблари”ни ташкил этади. Бу мактаб – овқатланиш маданияти, пиёда юриш тизими, беморлар ўз касаллигини доимий назорат қилиб боришини ўргатиш, дегани;
  • оилавий шифокор пунктлари ва поликлиникаларда ҳамшираларнинг вазифалари ҳам қайта кўриб чиқилиб, уларнинг функциялари кенгайтирилади.

“Бу мақсадлар учун, келгуси йилда ҳар бир туманга 350 миллион сўмдан, жами 70 миллиард сўм ажратилади. Умуман, бирламчи бўғинга дори ва тиббий буюмлар учун келгуси йилда бюджетдан 580 миллиард сўм берилади. Бу – жорий йил харажатларидан 3 баробар кўп, дегани”, – деди давлат раҳбари.