Ҳазрати Лангар ота зиёратгоҳи ҳақида биласизми?
Аввало қисқача тарихий маълумот. “Лангар” атамасининг топономик луғатларда бир неча изоҳи мавжуд. Улардан бирида айтилишича, “Лангар” сўзи муғулча-“Лангур”- атамасининг талаффузда бироз ўзгариши натижасида Лангур-Лангар-Муаззам қабр, катта қабристон, маъноларини беради.
Қашқадарё вилоятининг учта туманидаги тоғ этакларида Лангар ота, Лангар номлари билан аталадиган қишлоқлар бор. Биз сўз юритаётган Чироқчи тумани ҳудудида жойлашган Ҳазрати Лангар ота қишлоғи қўшни Самарқанд вилояти билан чегарадош Ҳисор ва Зарафшон тоғларининг бирлашган нуқтасидан-Ҳазрати Башир тоғларидан Жомга қадар чўзилган Қоратепа, Чақиликалон тоғ тизмалари ўртасидаги Қалқама воҳаси марказидан ўрин эгаллаган. “Лангар”-сўзининг яна бир маъноси –Лангар чўп ёки мувозанат нўқтаси, ўрталиқ қишлоқ маъносига ҳам эга. Бу ўта қадимий манзил қишлоқдан кўра, қишлоқлар ўртасида жойлашган шаҳарча, деб атаса арзийди. Дунё сайёҳлари диққат эътиборини тортган бу Кент айни пайтда Халқаро Экотуризмни ҳам ўзига жалб этган. Қишлоқдаги қабристонлар, зиёратгоҳлар, тарихий обидалар, табиат ёдгорликлари, қоятошлардаги сурат-ёзувлар, Конизар ғоридаги ибтидоий одам маконлари, тош ҳайкалчалар, минг йиллик чинорлар, мангу оқиб ётадиган маъданли булоқлар бу маконнинг ўхшаши йўқлигидан далолат беради.
Қадимшунос олим, академик Рустам Сулаймонов маълумотларига кўра, Лангар ота қишлоғида одамзот беш минг йилдан бери яшаб келади. Қишлоқдаги Гедалисойдан топилган баъзи топилмалар – бронзадан ясалган дудама ханжар, камон ўқи учи, қоратошли қадимий мазор, икки дона оссуарий(сапол тобут), Лангар Ота тарих музейи экспонатлари милоддан олдинги даврларни акс эттиради. Музейдаги энг қадимий ашё Полеозой эраси сув бўлганда бир ҳужайрали жониворларнинг тош қотган ёдгорлиги бор.
Лангар Отадаги катта қабристон салкам йигирма гектарлик ҳудудга эга. Қабристоннинг тенг иккита тепалигида ҳеч қандай пойдеворсиз, ўта пишиқ, тўрт бурчак япалоқ ғиштлардан гумбаз қилиб, катта –кичик иккита хоноқоҳ XVI асрда бунёд этилган. Мақбараларнинг ҳар иккисида ҳам бинонинг қурилиш тарихи, унда кимлар ётгани ҳақида ёзув сақланиб қолмаган. Кичик мақбара Шайх Абул Ҳасан Ишқий авлодларидан бири Ҳазрати Миримшайхга тегишли экани тахмин қилинади. Бу хонақоҳ 11х9,5 м. кенглик ҳажмда баланд пештоқли гумбаз қилиб кўтарилган, унинг ичида катта-кичик 4 та сағана жойлаштирилган.
Авлодлар қўлида сақланаётган Шайх Абулҳасан Ишқий “Шажараси”да ул зотнинг фарзанди Мухриддин шайхнинг ўғли Ҳазрати Миримшайхга алоҳида таъриф ва тавсиф берилган. “Миримшайх –машойихлар суянчи, муътабар табақалар қаймоғи, барча чигал мушкулотларни ҳал қилувчи, “Ҳуд-ҳуд” мисол зот эрди”, дея қайд этилган.
Шарқий хонақоҳ маҳобатли, ўхшаши йўқ, кенг саҳнли чиллахоналари билан бирга 15х12,5 м. ҳажмда, кичигидан бир мунча аввалроқ бунёд этилган. Унинг ичида ҳар хил катталикдаги 8 сағана мавжуд бўлиб, Шайхларнинг мавқейи, даражасига қараб жойлаштирилган. Бу мақбарада ҳам ҳеч қандай ёзувлар сақланиб қолмаган. Бироқ XVII асрда, аниқроғи 1640 йилда тарихчи Маҳмуд бин Валининг ёзишича, Шаҳрисабз ва Ғузор алоҳида бекликларга бўлинган бўлиб, бу жойларда Аштархонийлар ҳукмронлик қилган. Айни шу пайтда Аштархоний ҳукмдорлари бу жойдаги Шайхларга кўпроқ эътибор қаратишган. Бунинг натижасида эса Лангарда иккита улуғвор мақбара қад ростлаган. Икки мақбара ўртасида Қули шайх Ишқий, Бобо шайх Ишқия дафн этилган(вафоти ҳижрий 1039, мелодий 1629/30 йил).
Сайёҳ ва зиёратчиларни қизиқтирадиган яна бир муҳим объект Лангар ота мачитидир. Айтишларича, бу мачит жуда қадимий бўлиб, аввало Оқмачит деган тепаликда бунёд этилган бўлиб, Оқмачит номи билан ишлаб турган ва кейинчалик ҳозирги ўрнига кўчирилган. Мачит устунида ҳижрий 122 йил, деган ёзув мавжуд. Шифтида нақадар гўзал нақшлар туширилган. Уларда асосан Соҳибқирон Темур байроғидаги бумеранг –абадий ҳаёт тасвири акс эттирилган. Мачит тарихий обида сифатида 2017 йил Давлат муҳофазасига олинган. Энг муҳими деярли ўн аср давомида Мачит ёнида диний мадраса ишлаб турган.
Мадраса бинолари жами 14 та гумбазли ҳужралардан иборат бўлиб, 20-аср охирида қатоғон туфайли бузиб ташланган ва ғиштлари чор тарафга ташиб кетилган. Шундан битта гумбазсиз ҳужра колхоз омборхонаси сифатида сақланиб қолган. Собиқ Иттифоқ даврида эски мачит бир неча йил колхоз омборхонаси, кейинчалик дўкон сифатида фойдаланиб келинган. Мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов Қашқадарё вилояти раҳбари бўлиб ишлаган йилларда у киши ташаббус кўрсатиб, мачит ичидаги дўконни чиқартириб, ҳашар йўли билан янги дўкон қўрдирган.
Лангар Ота зиёрати қишлоққа кираверишдаги Қадамжо-Султон Вайс ва саҳобалар учрашган тош супадан бошланади. Кейин қишлоқдаги тепаликда Шайхлар қабри зиёрат қилиниб, эски мачитга кирилади. Қадимда Лангар отага зиёратга келган ҳар бир шоҳу гадо айнан шу Қадамжо зиёратгоҳида отдан тушиб, Шайихлар зиёратига ялангаёқ, яёв тарзда йўл олишган. Шунингдек, қизиқувчилар мачит яқинидаги ҳарсангтошлар устига чизилган тоштахталарда “Қирчовут” уйини учун чизилган жойни кўриб, “Қирчовут” уйинини уйнаб кўришлари мумкин. Шунингдек, қишлоқдаги табиат муъжизалари бўлмиш Тешиктош, Лим-Лим Азиз, Шаршара, Конизор ғори, Садиртош, Қучқор тош, Қозон тош каби жойлар ҳар бир кишида табиатга бўлган қизиқишни ошириши табиий.
✍️Акбар РАҲМОНОВ, Журналист.