May 14, 2022

Чироқчи тумани ғаллакорлари 4864 гектардан ортиқ майдонда ғалла етиштирди

Тайёргарлик қизғин

Жорий йилда Чироқчи тумани ғаллакорлари 4864 гектардан ортиқ майдонда ғалла етиштирди.

Шу кунларда етиштирилган ғаллани нест-нобуд қилмай йиғиб олиш, ўрим-йиғим мавсумини уюшқоқлик билан ўтказиш долзарб вазифалардан биридир. Шу мақсадда туманимизда ғалла ўрим-йиғимига тайёргарлик ишлари бошлаб юборилган. Хусусан, ғалла майдонлари, донни қайта ишлаш ва қабул қилиш корхоналари ҳамда ўрим комбайнларининг мавсумга шайлиги доимий назоратга олиниб, мавжуд камчиликларни бартараф этиш бўйича тегишли чоралар кўриб борилмоқда.

Бугун Қашқадарё вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалри бўйича ўринбосари Улуғбек Узоқов бошчилигида Чироқчи тумани ҳокими Нодир Эркаев ҳамда сектор раҳбарлари томонидан 2022 йил ғалла ўриш мавсуми олдидан тумандаги комбайнларнинг мавсумга шайлиги ўрганилди.

Чироқчи тумани марказидаги 4-сонли касб-ҳунар мактаби биносида ўтказилган назорат тадбирида ғалла ўриш комбайнларининг техник ҳолати билан бирга муҳандис-техник ходимлар, механизаторлар учун яратилган кундалик эҳтиёж воситалари, уларнинг моддий манфаатдорлик масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, вилоят ҳокими ўринбосари бошчилигида ўтказилган тадбирда жойларда маҳалла фуқаролар йиғинлари раҳбарлари, тажрибали деҳқонлар, фермерлар билан ҳамкорликда ёнғин келиб чиқишининг олдини олиш, ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя этилишини таъминлаш борасида зарур кўрсатма ва тавсиялар берилди.

Чироқчи туманида ғалла ўримига жалб этиладиган 16 комбайн ва 80 та дон ташишга мўлжалланган транспорт воситалари текширувдан ўтказилиб, мавсумга шай ҳолатга келтирилди.

Ғалла мавсумида ёнғин хавфсизлигини таъминлаш, олиб борилаётган тарғибот-тушунтириш ишларининг самарадорлигини янада ошириш мақсадида кўплаб панно ва шиорлар тайёрланиб, йўл четлари ва гавжум жойларга ўрнатилди.