Чироқчида Отабек Шукуров ташаббуси билан "Беш ташаббус"мажмуаси очилди
Сўнги йилларда Давлатимиз раҳбари бошчилигида юртимизда ёшларга эътиборни кучайтириш, ёш авлодни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, уларда ахборот технологияларидан тўғри фойдаланиш кўникмасини шакллантириш, ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш, ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Мамлакатимиз аҳолисининг 30 фоизи 14 дан 30 ёшгача бўлган ёшлардир. Уларнинг таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши учун замонавий шароит ва имкониятлар яратилган. Шу билан бирга, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказишни ташкил этиш хусусида ҳам қатор амалий ишлар олиб борилмоқда. Ёшлар қанчалик маънавий баркамол бўлса, турли ёт иллатларга қарши иммунитети ҳам шунча кучли бўлади.
Ижтимоий, маънавий-маърифий соҳалардаги ишларни янги тизим асосида йўлга қўйиш бўйича Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган Беш муҳим ташаббус асосида Чироқчи туманида ҳам қатор амалий ишлар олиб борилмоқда.
Жумладан, футбол бўйича Ўзбекистон Миллий терма жамоаси аъзоси Отабек Шукуров ташаббуси билан Чироқчи тумани "Янгиқурилиш" маҳалласида 3 қаватли "Беш ташаббус" мажмуаси қуриб фойдаланишга топширилди.
Бугун "Беш ташаббус" марказининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Шу муносабат билан ташкил этилган тантанали тадбирда Қашқадарё вилояти ҳокими Зойир Мирзаев бошчилигида вилоят сектор раҳбарлари, Чироқчи тумани ҳокими Хуррам Жураев ва туман сектор раҳбарлари, вилоят ҳамда туман мутасадди ташкилот раҳбарлари ҳамда маҳалла фаоллари ва оқсақоллари, ёшлар иштирок этишди.
Марказнинг очилиш маросимидан сўнг вилоят ҳокими З.Мирзаев бошчилигида меҳмонлар марказ фаолияти билан яқиндан танишди, спортчилар ва ўқув маркази ўқувчилари ва мураббийлари билан суҳбатлашди ва ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Вилоят раҳбари Зойир Мирзаев марказ фаолияти билан танишар экан Отабек Шукуровнинг ишларига омад тилаган ҳолда марказ фаолиятини юқори баҳолади ва бундан кейин ҳам ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёр эканлиги таъкидлади.
Таъкидлаш жоизки, ёш авлодни миллий ва умуминсоний қадриятлар, ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, жамиятда муносиб ўринни эгаллаши, фаровон турмуш кечириши учун муносиб шароит яратиш йўлида бугун Чироқчида туман ҳокими Хуррам Жураев бошчилигида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.
"Беш ташаббус" марказида ёшларнинг ташаббус ва ғояларини бирлаштириш, янги лойиҳалар тайёрлаш, ёшларни тадбиркорликка ўргатиш, тил ўргатиш, муҳокамалар майдони яратиш, турли соҳаларда маҳорат дарсларини ўтиш, спорт билан шуғулланишлари учун барча имкониятлар яратилган.
Замонавий кўринишда бунёд этилган 3 қаватли мажмуада 100 нафар ёшлар ўз иш ўрнига эга бўлишган бўлса, бир вақтнинг ўзида 1000 га яқин ёшлар марказда фаолияти йўлга қўйилган спортзалида шуғулланиш, ўқув марказларида тил ўрганиш имкониятига эга бўлишди. Бундан ташқари касб-ҳунар эгаллаш ниятида бўлган ёшлар учун мебил ишлаб чиқариш цехи фаолияти ҳам йўлга қўйилган.
Шунингдек, марказда аҳоли дам олиши учун ҳам барча қулайликлар яратилган. Бир сўз билан айтганда марказда келган ҳар қандай инсон ўзи учун бирор янгилик олмасдан кетмайди.