“Болалар тарбияси билан боғлиқ бўлган низоларни ҳал қилишда судлар томонидан қонунларни қўллаш амалиёти
Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 66-моддаси талабига кўра, бола отаси, онаси, бобоси, бувиси, ака-укалари, опа-сингиллари ва бошқа қариндошлари билан кўришиш ҳуқуқига эга. Ота-онасининг никоҳдан ажралиши, никоҳнинг ҳақиқий эмас деб топилиши ёки ота-онанинг бошқа-бошқа яшаши боланинг ҳуқуқларига таъсир қилмайди.
Ота ва она алоҳида яшаган ҳолда бола уларнинг ҳар бири билан кўришиш ҳуқуқига эга. Ота-она турли давлатларда яшагани тақдирда ҳам бола улар билан кўришиш ҳуқуқига эга.
Ушбу кодекснинг 71-моддасида «Ота-она ўз болаларига нисбатан тенг ҳуқуқ ва мажбуриятларга эгалиги», ушбу кодекснинг 73-моддасида «Ота-она ўз болаларини тарбиялаш ҳуқуқига эга ва тарбиялаши шарт»лиги кўрсатилган.
Мазкур кодекснинг 76-моддасида «Болалардан алоҳида яшаган ота (она) бола билан кўришиш, унинг тарбиясида иштирок этиш ва таълим олиши масаласини ҳал этишда қатнашиш ҳуқуқига эга»лиги ҳамда шу модданинг 3-қисмида «Ота-она боладан алоҳида яшайдиган ота(она)нинг ота-оналик ҳуқуқларини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги ёзма равишда келишув тузишга хаклидир. Агар ота-она келиша олмасалар низо ота-она (ёки улардан бири)нинг талабига биноан суд томонидан васийлик ва ҳомийлик органи иштирокида ҳал қилинади. Суднинг ҳал қилув қарори бажарилмаганда айбдор ота-онага нисбатан қонун ҳужжатларида назарда тутилган чоралар қўлланилади»-деб кўрсатилган.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 1998 йил
11-сентябрдаги «Болалар тарбияси билан боғлиқ бўлган низоларни ҳал қилишда судлар томонидан қонунларни қўллаш амалиёти тўғрисида»ги
23-сонли қарорининг 3-бандига кўра, «Суд бошқа-бошқа турадиган ота-оналар ўртасида бўлган уларнинг қайси бири билан қайси боласи яшаш учун қолиши тўғрисидаги низоларни ҳал этишда Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 71-моддасида белгиланган ота ва онанинг ҳуқуқ ва мажбуриятларининг тенглигига асосланган ҳолда, вояга етмаган болаларнинг манфаатларига ва ҳоҳишларига мос келадиган ҳал қилув қарори чиқариши лозим. Бунда суд ота-онадан бирининг моддий маиший аҳволи устунлигининг ўзи боланинг унга олиб бериш учун асос бўла оладиган шарт ҳисобланмаслигини назарга олган ҳолда, боланинг ота-онадан, ака-ука, опа-сингилларидан қайси бирига боғланиб қолганлигини, ота-онадан қайси бири болаларига нисбатан кўпроқ ғамхўрлик ва эътибор кўрсатаётганлигини, болаларнинг ёшини ва ота-онадан қайси бирига кўнгил қўйганлигини, ота-онанинг аҳлоқий ва бошқа шахсий фазилатларини, ота-онанинг ҳар бири билан бола ўртасидаги муносабатларни, болани тарбиялаш ва унинг камолати учун шарт-шароитлар (ота-онасининг маълумот тури, иш тартиби, моддий ҳамда оилавий аҳволи ва бошқалар) яратиш имкониятини эътиборга олади.
Юқоридаги қонун талабларига кўра, судларда мазкур тоифадаги ишларни кўришда вояга етмаган болаларнинг манфаатларига ва ҳоҳишларига мос келадиган ҳал қилув қарорлари чиқарилмоқда.
✍️Н.Хамроев, Фуқаролик ишлари бўйича Чироқчи туман суди раиси.