December 1, 2021

Чироқчида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида семинар ўтказилди

Жорий йилнинг 2 ноябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида аҳолини уй-жой билан таъминлаш ҳамда яшил майдонларни кенгайтириш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида йилига 200 миллион туп дарахт ва бута кўчатларини экиш, шу орқали юртимизда яшил майдонларни кенгайтириш вазифаси юклатилди.

Мазкур вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида юртимизнинг барча ҳудудиларида бўлгани каби Чироқчи туманида ҳам қатор амалий ишлар амалга оширилмоқда.

Бугун Чироқчи тумани марказидан олис Кўкдала маҳалласида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида Қашқадарё вилоят ҳокимлиги, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, Чироқчи туман ҳокимлиги, "Қумдарё давлат ўрмон хўжалиги" ҳамда “Чироқчи томорқа” МЧЖ ҳамкорлигида семинар бўлиб ўтди.

Чироқчида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасидаги кўчат экиш, боғ яратиш ишларида нафақат туман ҳокимлиги, балки тумандаги барча давлат ва нодавлат ташкилотлар раҳбар ва ходимлари, аҳоли вакиллари фаол иштирок этишмоқда.

Чироқчи туманида ташкил этилган семинарда вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича биринчи ўринбосари Улуғбек Узоқов, Чироқчи туман ҳокими Хуррам Жураев ва қўшни Якккабоғ, Қамаши, Шаҳрисабз тумани ва Шаҳрисабз шаҳридан семинарга келган маҳаллаларда жорий этилаётган ҳоким ёрдамчилари ва туман мутасаддилари, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, маҳаллаларда жорий этилаётган ҳоким ёрдамчилари ҳамда маҳаллий аҳоли вакиллари иштирок этди.

Семинар аввалида жонлиқ сўйилиб Ҳатми Қуръон ўқилди. Шундан сўнг, мутасадди раҳбарлар “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида ташкил этилган ярмарка фаолияти билан яқиндан танишишди.

Яшил ҳудуд бунёдкорлари кўргазмали семинар ўтказилган манзилда 1.20 гектар ер майдонида томчилатиб суғориш технологияси асосида яратилаётган боғда иқлим шароитларидан келиб чиқиб, мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экдилар.

Семинар ниҳоясида вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Улуғбек Узоқов ва туман ҳокими Хуррам Жураевлар ҳам яхши ниятлар билан кўчат қадашди.

Бугун Чироқчида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида дарахт экиш, кўкаламзорлаштиришга қаратилган долзарб 40 кунлик ишларида бутун чироқчиликлар ўз ҳиссасини қўшмоқда.