Давлат хизматлари агентлиги жорий йилнинг 1-чораги натижаларини эълон қилмоқда

by Davlat xizmatlari agentligi - Агентство государственных услуг
Давлат хизматлари агентлиги жорий йилнинг 1-чораги натижаларини эълон қилмоқда

Давлат хизматлари агентлиги ўз фаолиятида ҳамиша очиқлик ва шаффофлик тамойилларига амал қилади. Агентлик томонидан қилинаётган барча ишлар унинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари ҳамда веб-сайти орқали жамоатчиликка ҳавола этилади.

2019 йилнинг 1 чораги ҳам Агентлик фаолияти учун самарали бўлди.

Хусусан, Агентлик ва унинг ҳудудий бошқармаларига 2019 йил 1 апрелга қадар жами 1850 та мурожаат келиб тушган. Бу, бир тарафдан фуқароларнинг Давлат хизматлари агентлигига бўлган умиди ва ишончи ортганидан далолат берса, бошқа тарафдан, соҳада ўз ечимини кутаётган тизимли муаммолар мавжуд эканлигини кўрсатиб берди.

Мурожаатларнинг энг кўп қисми Тошкент шаҳрига (422 та) тўғри келса, энг кам мурожаатларни Сирдарё вилоятида (40 та) кўришимиз мумкин.

Келиб тушган мурожаатлар ичида бефарқ бўлмаган фуқаролар томонидан давлат хизматлари тизимини такомиллаштиришга қаратилган таклифлар ҳам мавжуд.

Мурожаатларни куриб чиқиш натижалари, албатта оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилган.

Бугунги кунда Давлат хизматлари агентлигига келиб тушаётган мурожаатларни доимий таҳлил қилиш ҳамда уларни ўз муддатида ижро этишни назорат қилиш механизми шакллантирилган. Хусусан, Агентликнинг электрон ҳужжатлар дастури орқали келиб тушаётган аризаларнинг таҳлили ва уларнинг ижро муддатини назорат қилиш тизими мавжудлиги бир қатор муаммолар ва камчиликларни бартараф этишга имкониятини яратмоқда.

Масалан, келиб тушган мурожаатлар таҳлил қилинганда, уларнинг аксарияти ўзбошимчалик билан қурилган иморатларни қонунийлаштириш ҳамда болаларни боғчага жойлаштириш масалаларига оид эканлиги аниқланди.

 Биргина Президент виртуал қабулхонаси орқали келиб тушган мурожаатлар таҳлили, жами келиб тушган мурожаатларнинг сонига нисбатан 36 % ер участкалар, бино ва иншоотларга кадастр ҳужжатларни тайёрлаш ва расмийлаштириш, хусусан, ўзбошимчалик билан қурилган иморатга нисбатан мулк ҳуқуқини олиш юзасидан келиб тушганлиги маълум бўлди.

Мурожаатларнинг сабаблари ўрганилганда, давлат хизматлари кўрсатиш жараёнида масъул идораларнинг иш ҳажми кўплиги, айнан ушбу тадбирга бириктирилган ходимларнинг сони камлиги, айрим идоралар ҳаттоки компьютер билан таъминланмаганлиги ва интернет тармоғига уланмаганлиги, шу билан бирга “Кадастр-2” ахборот тизимига интеграция қилинмаганлиги ёки аксарият ходимлар ушбу тизимдан фойдаланишни тўлиқ ўзлаштирмаганлиги аниқланди.

Жумладан, комиссия аъзоси – туман (шаҳар) қурилиш бўлимларида 1-2 нафар ходим бўлгани ҳолда, уларга ушбу акция доирасида амалга оширилиши лозим бўлган бошқа ишлар ҳам қўшимча вазифа сифатида юклатилган. Бу каби ҳолатларни комиссия аъзолари ҳисобланувчи барча давлат органлари фаолиятида ҳам кузатиш мумкин.

Биргина 2019 йилнинг ўтган даври мобайнида Давлат хизматлари марказига ҳар ҳафта давомида қарийб 33 мингтадан ортиқ мазкур масаладаги аризалар келиб тушаётганлиги ва комиссия аъзоларидан ҳафта давомида ўртача 160-170 тадан мурожаатни кўриб чиқиб, ҳал этиш талаб қилинаётганлигини инобатга олсак, ушбу ҳолатлар масъул ходимлар томонидан акция доирасидаги вазифаларнинг ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли амалга оширилишига имкон бермаётганлигини кўришимиз мумкин.

Ўрганиш давомида соҳада муайян ишлар амалга оширилганлиги билан бир қаторда, ваколатли органлар томонидан аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатишда айрим қонун бузилиши ҳолатларига ҳам йўл қўйилганлиги аниқланди.

Ваколатли органлар томонидан давлат хизматлари кўрсатишда республика бўйича жами 78 199 та қонун бузилиш ҳолатлари аниқланди. Шундан, 73 631 та ҳолатда давлат хизмати кўрсатиш муддати бузилган, 144 та ҳолатда ортиқча ҳужжат талаб қилинган, 3 583 та ҳолатда тўғридан-тўғри давлат хизмати кўрсатилган, 308 та ҳолатда мурожаат асоссиз равишда рад этилган ва 531 та ҳолатда бошқа қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилганлиги маълум бўлди. Шунингдек, марказлар орқали кўрсатилаётган хизматлар, уларни олишда муаммолар мавжуд ёки йўқлиги юзасидан интернетда ижтимоий сўров ўтказилиб, натижалари Агентликнинг телеграм каналида эълон қилинди.

Давлат хизматлари агентлиги жамоатчилик билан мулоқотни ўрнатишга қаратилган ишларни давом эттирмоқда. 

April 15, 2019