Кўҳна шаҳарда қардош меҳмонлар

Аввалроқ хабар берилганидек, мамлакатимизга Озарбайжон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизмати ва Ижтимоий инновациялар бўйича давлат агентлиги делегацияси ташриф буюрган эди.

Мазкур хизмат сафари доирасида делегатлар Бухоро вилоятида бўлиб, кўҳна шаҳардаги Давлат хизматлари агентлиги бошқармаси ва Давлат хизматлари марказида кўрсатилаётган хизматлар сифати ҳамда яратилган шарт-шароитлар билан танишишди.

Меҳмонлар марказ билан танишар экан, ташриф буюрувчиларга қулай бўлиши учун залда ўрнатилган йўл кўрсатгичлар, ахборот дисплейлари, ҳар бир мурожатчини вақтини тежашга ва тўғри йўналтиришга хизмат қилаётган ёрдамчилар ҳамда инфокиосклар уларни диққатини тортди.

— Марказда яратилган шароитлар менда катта таассурот қолдирди, —дейди делегация раҳбари Улви Меҳдиев. — Бу ерда барча нарсалар пухта ўйланган. Кўрсатилаётган давлат хизматларининг электронлаштирилгани фуқаролар учун қулай бўлиб, вақтларини тежашга ва уйларида турган ҳолда давлат хизматларидан фойдаланишларига имкон яратаяпти. Мақсадимиз ўзаро тажриба алмашиб, фуқароларга қисқа муддатда давлат хизматларини кўрсатиш сифатини янги босқичга олиб чиқиш.

Шунингдек, меҳмонлар марказдаги эски ҳайдовчилик гувоҳномасини янги намунадагисига алмаштириш, биометрик пасспорт олиш, ФҲДЁ ва нотариат органлари хизматидан фойдаланиш хоналари билан танишиб, мазкур тажриба фуқароларга янада қулайлик яратишини алоҳида таъкидлади.