Давлат хизматлари агенлиги eltuz.com сайтида жойлаштирилган мақолага ўз муносабатини билдирмоқда.

ҲУРМАТЛИ БАҲОДИР ШАРИФ!

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган улуғвор ғояни сўзсиз амалга ошириш ўтган йилда Адлия вазирлиги ҳузурида Давлат хизматлари агентлиги ташкил этилди.

Ҳеч шубҳасиз таъкидлаш жоизки, ўтган қисқа давр мобайнида ушбу тузилма нафақат тадбиркорларга, балки бутун халқимизга тезкор ва сифатли хизматларни кўрсатадиган ишончли идорага айланиб улгурди.

Агентлик ўз фаолиятида асосий эътиборни давлат хизматларини соддалаштиришга, турли бюрократик тўсиқларни бартараф этишга ҳамда аҳолига тезкор ва қулай бўлган давлат хизматларини кўрсатиш тизимини жорий этишга қаратиб келмоқда.

Бугунги кунда Давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатилаётган айрим хизматлар Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига мувофиқ пуллик асосда кўрсатилмоқда.

Шундай бўлсада, айрим ривожланган, капиталистик давлатлардан фарқли равишда мамлакатимизда барча ижтимоий соҳадаги давлат хизматлари (таълим, соғлиқни сақлаш, пенсия, меҳнат ва бошқалар) мутлақо бепул асосда кўрсатилади.

Мақолада таъкидланганидек, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 4 октябрдаги

797-сон қарори билан тасдиқланган Судланганлик ҳақида маълумотнома бериш бўйича давлат хизмати кўрсатишнинг маъмурий регламентига мувофиқ, ушбу хизматни кўрсатганлик учун энг кам ойлик иш ҳақининг 10 фоизи миқдорида йиғим ундирилади.

Ушбу йиғимлар суммаси қуйидаги тартибда тақсимланади:

20 фоизи – Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги бюджетдан ташқари жамғармасининг шахсий ҳисоб рақамига ўтказилади;

20 фоизи – Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги бюджетдан ташқари жамғармасининг шахсий ҳисоб рақамига ўтказилади (ушбу маблағларнинг аксарияти жойлардаги Давлат хизматлари марказлари ходимларининг ойлик иш ҳақларига йўналтирилади).

10 фоизи – Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг махсус ҳисоб рақамига ўтказилади (агар давлат хизмати ЯИДХП орқали кўрсатилса);

қолган маблағлар — Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетига ўтказилади.

Таъкидлаш жоизки, мазкур қарор тасдиқланишидан аввал, Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси – regulation.gov.uz сайтига жойлаштирилган бўлиб, аҳолининг таклиф ва эътирозлари инобатга олинган.

НИМА САБАБДАН ПУЛЛИК ТАРЗДА КЎРСАТИЛМОҚДА?

Эътибор берган бўлсангиз, илгари мазкур хизмат вилоятларда Ички ишлар бошқармаларининг тегишли таркибий бўлинмалари орқали, республикада эса, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Ахборот маркази томонидан бепул асосда кўрсатилган.

Шундай бўлсада, фуқароларимиз ушбу турдаги маълумотномани олиш учун вилоят маркази ёки Тошкентга камида икки маротаба қатнашларига мажбур бўлишган (биринчи маротаба мурожаат қилиш учун, иккинчи маротаба – тайёр ҳужжатни олиш учун). Сабаби, бу турдаги ҳужжатларни олиш учун камида 10-15 кун, айрим ҳолларда эса, ойлаб кутишга мажбур бўлишган.

Айниқса, аксарият ҳолларда ушбу ҳужжатнинг Ички ишлар вазирлигининг Ахборот маркази томонидан тасдиқланган варианти талаб қилиб келинган. Оқибатда фуқароларимиз кўп ҳолларда Тошкент шаҳрига узоқ вилоятлардан қатнашга мажбур бўлишгани ҳар биримизга аён.

Бу эса, фуқароларимизга моддий жиҳатдан (тегишли транспорт ва бошқа харажатлар) ҳам ўз таъсирини кўрсатгани айни ҳақиқат  .

ҲОЗИР-ЧИ?

Эндиликда, Вазирлар Маҳкамасининг юқоридаги қарорига асосан, судланганлик тўғрисидаги маълумотномаларни аҳолимиз ўз яшаш манзилидаги тегишли Давлат хизматлари марказларига мурожаат қилиш орқали олишлари мумкин.

Эътиборли жиҳати, ушбу маълумотнома Давлат хизматлари марказларига мурожаат қилинган кундан бошлаб, 2 иш кунидан кечиктирмасдан (одатда, мурожаат қилган куннинг эртаси куниёқ) фуқароларга тақдим этилмоқда.

Бу орқали фуқароларнинг ҳам вақти, ҳам маблағи тежалмоқда.

УШБУ ЙИҒИМ НИМАГА САРФЛАНМОҚДА?

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, хизмат учун ундирилаётган бу йиғимлар:

– аҳолига қулай ва тезкор хизматларни жорий этиш, бу борада соҳадаги замонавий ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш, идоралараро тезкор ахборот алмашинув тизимини йўлга қўйиш;

– Давлат хизматлари марказларининг моддий-техник базасини ривожлантириш;

– Давлат хизматлари марказлари ходимларининг ойлик иш ҳақлари учун (қонунчиликка кўра, Марказ ходимларининг ойлик иш ҳақлари Давлат бюджетидан эмас, балки айнан ушбу хизматлар учун ундирилаётган йиғимлар ҳисобидан қопланади) сарфланмоқда.

Зеро, ушбу йиғимлар давлат органларининг моддий-техник базасини янада яхшилаш орқали келгусида фуқароларимиз учун бунданда қулай, сифатли ва тезкор хизматлар кўрсатилишини таъминлашга йўналтирилаётганига эътибор қаратилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Давлат хизматлари марказларида фуқароларга, айниқса тадбиркорлик субъектларига қулайликлар яратиш мақсадида бир қатор пуллик хизматлар жорий этилди.

Шулардан бири – навбатсиз хизмат кўрсатиш бўлиб, бу хизмат деярли барча ривожланган мамлакатларда (Европа мамлакатлари, Жанубий Корея, Япония, Азарбайжон, Қозоғистон, Грузия, Россия Федерацияси кабиларда) мавжуд бўлиб, бундан кўзланган асосий мақсад – турли вазиятларда (масалан, бирор муҳим ва кечиктириб бўлмайдиган ҳолларда) фуқаро ва тадбиркорлик субъектларига тезкор хизмат кўрсатиш орқали уларга қулайлик яратишдир.

Бундай хизматларни кундалик ҳаётимизда деярли барча хизматларда (такси, вокзал, аэропорт, шифохоналар ва бошқалар) ҳам кузатиш мумкин.

Шу нуқтаи назардан, Давлат хизматлари марказларида ҳам навбатсиз хизматлар кўрсатиш хизмати жорий этилган.

БУНДА, ШУНГА АЛОҲИДА ЭЪТИБОР ҚАРАТИШ ЛОЗИМКИ, навбатсиз хизмат кўрсатиш орқали навбатда турган бошқа фуқароларнинг қонуний манфаатларига, уларнинг иззат-нафсига таъсир кўрсатмаслик мақсадида, ушбу хизматлар мутлақо алоҳида операторлар томонидан алоҳида жойларда кўрсатилмоқда.

Яъни, навбатда турган фуқаро, бошқа пулдор фуқаронинг касри билан кўпроқ кутишга мажбур бўлмоқда, деган нотўғри фикрни аҳоли ўртасида шакллантирмаслик лозим.

Шунга кўра, бу ҳолатни “жамиятни табақалаштириш сифатида баҳолаш, пули борнинг иши осон битади, пули йўқ эса сарғайиб навбатда тураверади” қабилидаги хулоса мутлақо ноўриндир.

Хулоса ўрнида, Сизга мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги ўзгаришларга нисбатан ўз фуқаролик ва журналистик позициянгизни фаоллик билан билдириб келаётганингиз учун миннатдорчилик билдирамиз.

Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги.