Давлат хизматлари агентлиги масъул ходими навбатдаги брифингда иштирок этди.

by Davlat xizmatlari agentligi - Агентство государственных услуг
Давлат хизматлари агентлиги масъул ходими навбатдаги брифингда иштирок этди.


“Тараққиёт стратегияси” марказида республикамиз Адлия вазирлиги ҳамда мазкур марказ томонидан ташкил этилган брифинг бўлиб ўтди.


Кун мавзуси — 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурини ижро этиш учун мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижаларини кенг жамоатчиликка улашиш.

Тадбир давомида Давлат хизматлари агентлиги бўлим бошлиғи Бекзод Сафаров юртбошимизнинг “Ўзбекистон Республикаси Президентининг туман (шаҳар)лардаги Халқ қабулхоналари ҳузуридаги Давлат хизматлари марказлари (ДХМ) биноларининг давлат-хусусий шериклик шартлари асосида қурилишини ташкил этиш тўғрисида”ги  қарори ижроси юзасидан ахборот берди.

Хусусан, ҳозирда 190 та марказ биносини қуриш учун ер участкаси ажратилган ҳамда бино иншоотлар юзасидан ҳоким қарорлари қабул қилинган. 79 та ДХМ биноси бўйича давлат-хусусий шериклик шартлари асосида қуриб битказиш ва реконструкция қилиш юзасидан келишувга эришилган.

Бундан ташқари, ДХМ биноларининг 85 таси маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан, қолган 3 таси эса Адлия вазирлигининг бюджетдан ташқари жамғармаси маблағлари ҳисобидан қурилиши режалаштирилмоқда.

Ҳозирда 93 та ДХМ биноларини қуриш ишлари бошлаб юборилган бўлиб, 5 та замонавий бино эса фойдаланишга топширилган. Масалан, Наманган, Фарғона, Қўқон, Қорасув шаҳарлари ва Бектемир тумани Давлат хизматлари марказлари.

Жорий йил якунига қадар қарийб 50 та ДХМ биноларини қуриб (қайта реконструкция қилиб) топшириш режалаштирилган.
November 16, 2018