ЭНГ АСОСИЙ ЎЗГАРИШЛАР

1. МАГИСТРАТУРАГА КИРИШ ИМТИҲОНЛАР СОДДАЛАШТИРИЛДИ

Эндиликда фақат 2 та фандан имтиҳон бўлади: мутахассислик фани (100 баллгача) ва чет тили (50 баллгача).

Шунингдек, битирувчининг диплом иловасида қайд этилган ўртача ўзлаштириш кўрсаткичи ҳам қўшилади (100 баллгача).

Магистратурага ўқишга киришда энг кўп (максимал) тўпланиши мумкин бўлган балл — 250 ни ташкил этади.

Халқаро тан олинган чет тилини билиш даражаси ҳақидаги сертификат (TOEFL бўйича камида 72 ёки IELTS бўйича камида 5,5 балл, TestDaF (TDN3), CEFR бўйича камида В2) ёки Давлат тест маркази томонидан бериладиган Чет тилини билиш даражаси ҳақидаги В2 ёки С1 даражасидаги сертификат тақдим этганларга чет тилидан 50 балл қўйилади ва улар чет тилидан кириш синовида иштирок этмайди.

Бундан буён магистратура учун қуйидаги фанлардан имтиҳон бўлмайди:

- илмий ва илмий-педагогик ишларга қобилияти ҳамда қизиқишини аниқлаш мақсадида суҳбат;

- “Информатика ва ахборот технологиялари” фани бўйича;

- Ўзбекистонда демократик жамият қуриш назарияси ва амалиёти фани бўйича.

2. МАҚСАДЛИ ҚАБУЛГА ТОПШИРИШ УЧУН ЎША ҲУДУДНИНГ ДИПЛОМИ ТАЛАБ ЭТИЛМАЙДИ

2017 йилдан бошлаб тиббиёт йўналишларида, кейинчалик аграр ва қишлоқ хўжалиши йўналишида ҳам мақсадли қабул асосида давлат гранти бўйича ўқишга қабул қилиш бошланган эди.

Илгари қоида бўйича, мақсадли қабулга топшириш учун фақат ўша ҳудуддаги коллеж-лицейда ўқиган бўлиши керак эди. Яъни навоийлик абитуриент Навоий вилоятига ажратилган мақсадли қабул учун даъвогарлик қилмоқчи бўлса, у албатта коллеж ёки лицейни Навоийда тугатган бўлиши шарт эди. Бундай тақиқ бирмунча кулгили чекловларни келтириб чиқарар эди. Масалан, андижонлик абитуриент Фарғона тиббиёт коллежида ўқиган бўлса, унда у на Андижон бўйича, на Фарғона бўйича мақсадли қабулга топшира олар эди. Бундай вазиятда абитуриент шунчаки тиббиёт йўналишида давлат грантида ўқиш ҳуқуқидан автоматик маҳрум бўлиб қолар, фақат контрактга даъвогарлик қила олар эди.

Ниҳоят 27.04.2019 йилдаги Вазирлар Маҳкамасининг 360-сонли қарори билан мақсадли қабулга қўйилган ушбу тақиқ бутунлай бекор бўлди.

Бу нима дегани?

Эндиликда муайян ҳудудда доимий яшайдиган (паспортдаги маълумот бўйича) исталган абитуриентлар, улар қайси ҳудудда таҳсил олганидан қатъи назар, мақсадли қабулга даъвогарлик қила олади. Масалан, андижонлик абитуриент Фарғонада ўқиганми, Тошкентда ўқиганми, Самарқандда ўқиганми, фарқи йўқ, энди у Андижон учун ажратилган мақсадли қабулга топшира олади.

Демак, бундай буён давлат грантига кириш учун барчада бирдек имконият пайдо бўлади.

3. ҚИНҒИР ЙЎЛ БИЛАН ЎҚИШГА КИРГАНЛАРНИ ОТМДАН ЧЕТЛАТИШ ТАРТИБИ БЕЛГИЛАНДИ

Қарорга мувофиқ, суд қарорига кўра кириш имтиҳонларида белгиланган тартибни бузганлиги аниқланганда (ушбу ҳолатда талабалар сафидан четлаштирилганлар талабалар сафига қайта тикланмайди.

4. ОДОБ-АҲЛОҚ ҚОИДАЛАРИНИ БУЗГАН ТАЛАБАНИОТМДАН ЧЕТЛАТИШ ТАРТИБИ БЕЛГИЛАНДИ

Талабани ОТМдан четлатиш тартибига яна бир кичик ўзгариш киритилди, яъни эндиликда талаба ОТМнинг одоб-аҳлоқ қоидаларини бузган бўлса ҳам, уни талабаликдан четлатиш мумкинлиги белгиланди. Илгари мазкур бандда фақат ўқув интизоми ва ички тартиб-қоидалари саналган эди.

5. 1000 ТАЛИК РЎЙХАТИДАН ЖОЙ ОЛГАН РОССИЯ ФЕДЕРАЦИЯСИ ОТМЛАРИНИНГ ТАЛАБАЛАРИ ЎҚИШИ ЎЗБЕКИСТОН ОТМЛАРИГА СИНОВЛАРСИЗ ТЎЛОВ-КОНТРАКТ АСОСИДА КЎЧИРИЛИШИ БЕЛГИЛАНДИ

QS, ARWU ва THE халқаро рейтингларида кучли 1000 таликка кирган Россиянинг қуйидаги 26 та ОТМларидан ўқишни имтиҳонсиз кўчириш мумкин бўлади:

1. Bauman Moscow State Technical University

2. Far Eastern Federal University

3. Higher School of Economics (HSE University)

4. ITMO University

5. Kazan (Volga region) Federal University

6. Lobachevsky State University of Nizhni Novgorod

7. Lomonosov Moscow State University

8. MEPhI (Moscow Engineering Physics Institute)

9. Moscow Institute of Physics and Technology (MIPT / Moscow Phystech)

10. Moscow State Institute of International Relations (MGIMO University)

11. Moscow State University

12. Novosibirsk State Technical University

13. Novosibirsk State University

14. Peter the Great Saint-Petersburg Polytechnic University

15. Plekhanov Russian University of Economics

16. RUDN University

17. Saint Petersburg State University

18. Samara National Research University (Samara University)

19. Samara State Aerospace University

20. Saratov State University

21. Southern Federal University

22. The National University of Science and Technology MISIS

23. Tomsk Polytechnic University

24. Tomsk State University

25. Ural Federal University - UrFU

26. Voronezh State University

6. СИРТҚИ ТАЪЛИМ ШАКЛИГА ЎҚИШГА ҚАБУЛ ҚИЛИШ ТАРТИБИ БЕЛГИЛАНДИ:

• сиртқи таълимга ҳужжатлар 1 июлдан 30 июлгача қабул қилинади;

• кириш имтиҳонлари 16 августдан 25 августгача камида 3 та фандан ўтказилади;

• ёзма имтиҳонлар шифрланган ҳолда текширилади;

• имтиҳонлар бакалавриат таълим йўналишларига мувофиқ келувчи 3 та фандан тўпланиши керак бўлган максимал 189,0 баллдан, ҳар бир фаннинг ўрнига қараб унинг учун ажратилган энг кўп баллнинг 0 дан 100 фоизгача бўлган оралиқда баҳоланади;

• натижалар имтиҳондан кейин 1-3 кунда таълим муассасасининг расмий сайтида эълон қилинади.