Олий таълим муассасаларига тест синовлари орқали қабул қилиш тизими такомиллаштирилмоқда

by ДТМ Хоразм вилояти бўлими
Олий таълим муассасаларига тест синовлари орқали қабул қилиш тизими такомиллаштирилмоқда

Шиддат билан тараққий этаётган давлат билимга чанқоқ, юқори салоҳиятли ёшларга кўпроқ эҳтиёж сезади. Шу билан бирга, ёшларга олий таълим олиш борасида қанчалик кўпроқ имтиёз ва имкониятлар яратилса, давлат, жамият ва фуқаро ҳам шунчалик манфаатдор бўлади. Негаки тараққиёт асоси юксак салоҳиятли, кенг дунёқарашли, тоза мафкурали, ватанпарвар ёшлар ҳисобланади. 

Мамлакатимизда ҳам таълим соҳаси ривожланган сари ёшларимизнинг олий маълумотли касб эгаси бўлиш истаги тобора ошиб бормоқда. Шулар ва хорижий давлатларнинг таълим соҳаси тажрибасини ўрганиш натижалари ёшларимизга янада кенг имкониятлар яратиш эҳтиёжини келтириб чиқармоқда. Шуларни инобатга олиб, ушбу қарор лойиҳаси ишлаб чиқилди. Унга Президентимизнинг Олий Мажлис депутатларига қилган Мурожаатномаларида қайд этилган ва “2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегиясини «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурида ўз аксини топган ўзгаришлар доирасида ишлаб чиқилган таклифлар киритилди, шунингдек, етакчи хорижий давлатлар тажрибаларини ўрганиш натижалари ҳисобга олинган.

Қарор лойиҳасига келсак, унда қуйидагилар назарда тутилмоқда:

Аввало айтиш керакки, 2019/2020 ўқув йилида 744 000 нафардан ортиқ ўқувчи мактаб, академик лицей ва касб-ҳунар коллежларини тугатади. Агар таълим муассасаларини олдинги йилларда битирганлар билан биргаликда ҳисобласак, жорий ўқув йили қабулида тахминан 1 300 000 нафарга яқин абитуриентлар олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига ўқишга кириш учун ҳужжат топшириши кутилмоқда. Бу улкан рақам.

Ташкилий жиҳатларнинг кўп вақт ва куч талаб қилиши, абитуриентлар сонининг кескин ортиши муносабати билан олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича кириш тест синовларини июль-август ойларида ўтказиш таклиф этилмоқда, шунингдек, тест синовларини 2018 йилдаги тажрибадан келиб чиқиб, катта сиғимли бино ва иншоотларда ўтказишни давом эттириш режалаштирилмоқда. Шу жойда бир нарсани алоҳида таъкидлаб ўтиш керак. Абитуриентга ўзи рўйхатдан ўтадиган, аниқроғи, доимий истиқомат жойда тест синовида иштирок этиш имконияти яратилмоқда. Масалан, абитуриент Андижон вилоятидан бўлиб, Ўзбекистон миллий университетига кириш учун ўша ердаги Давлат хизматлари марказида рўйхатдан ўтган бўлса, абитуриент тест синови жараёнида Тошкент шаҳрига келмай, Андижон шаҳрининг ўзида тест синовида иштирок этади. Бу ортиқча вақт, маблағ сарфланишининг, сарсонликларнинг олдини олади. Бундай ҳолат бизда олдин кузатилмаган эди.

Булардан ташқари, биринчидан, абитуриент бир вақтнинг ўзида 3 та таълим йўналишида (учтагача олий таълим муассасасида фанлар мажмуасига мувофиқ келувчи жами учта таълим йўналишида) танловда иштирок этиши белгиланмоқда. Бунда учтагача таълим йўналишини танлашда тест синови топшириладиган фанлар мажмуаси ва уларга балл бериш кетма-кетлигининг мослиги эътиборга олинади. 

Аниқроқ айтганда, абитуриент жорий ўқув йили қабули учун ўтказиладиган кириш тест синовларида Математика (3.1 балл), физика (2.1 балл), Она тили ва адабиёт (1.1 балл) фанларидан иборат бўлган 3 та таълим йўналишини, масалан, ЎзМУнинг “Математика”, ТДТУнинг “Энергетика” ва Урганч давлат университетининг “Математика” таълим йўналишларини танлаши мумкин.

 2020/2021 ўқув йили қабулидан бошлаб эса абитуриент Биология (3.1 балл), Кимё (2.1 балл), Она тили (1.1 балл), Математика (1.1 балл), Ўзбекистон тарихи (1.1 балл) фанларидан иборат бўлган 3 та таълим йўналишини, масалан, ЎзМУнинг “Биология”, ТТАнинг “Даволаш иши” ва БухТИнинг “Педиатерия иши” таълим йўналишларини танлаши таклиф этилмоқда.

Иккинчидан, олдинги ўқув йиллари қабули учун ўтказилган кириш тест синовлари таҳлилларига кўра абитуриентлар орасида умумтаълим фанларидан битта ёки иккита фанни чуқурроқ ўзлаштиришга ҳаракат қилаётганлар сони ошиб бораётганлиги кузатилмоқда. Бу ҳолат абитуриентларнинг бошқа умумтаълим фанларига бўлган қизиқиши пасайишига, бу фанлар бўйича фикрлаш доираси паст даражада бўлиб қолиш эҳтимолининг ошиб боришига сабаб бўлади.

Ўрганилган ҳалқаро тажрибалар натижаларига таяниб айтганда, кўпгина давлатларда абитуриент олий таълим муассасасига киришда бир нечта фандан тест синови топширади, масалан:

АҚШда 3 та +қўшимча фанлар (математика –мажбурий фан сифатида);

Жанубий Кореяда – 4 та фан (она тили, математика, инглиз тили -мажбурий фан, 1 та касб билан боғлиқ фан);

Россияда 3 ёки 4 та фан (рус тили ва математика мажбурий фан);

Хитойда 3 та+бир нечта (хитой тили ва адабиёти, математика, чет тили – мажбурий фан, битта ёки бир нечта касб билан боғлиқ фанлар);

Туркияда 1-босқичда 10 та фан мажбурий, 12 та фан (танланма асосида) (мажбурий фанлар таркибидаги математика ва турк тили асосий ҳисобланади);

Қозоғистонда 5 та фан (3 та мажбурий: математика, қозоқ тили (рус тили), Қозоғистон тарихи);

Озарбайжонда 5 фан (математика ва она тили - мажбурий фан сифатида) топширади. Бу дунё таълим соҳасида кенг тарқалган ҳолат. 

Кўринадики, барча ҳолатларда тил ва математика фанлари иштирок этмоқда. Қолаверса, юқорида қайд этиб ўтганимиздек, болаларимиз кейинги пайтларда ўзи танлаган таълим йўналишига оид фанлардан яхши тайёрланиб, бошқа умумтаълим фанларини ташлаб қўймоқдалар. Бошқа фанларни “менга керак бўлмайди” деб ҳисоблашади, яъни ортиқча “юк” деб қабул қилмоқдалар. Бундай ҳолат таълимда яхшиликка олиб келмайди. Ахир, юқори даража ривожланаётган давлатда юқори салоҳиятли кадрлар жуда-жуда муҳим. Тараққиётнинг бирламчи талаби бу. Ўйлаб кўринг, техника, тиббиёт таълим йўналишларини танлаган ёшларда она тилиси, тарихи билими жуда паст бўлса, улар қандай қилиб халқаро мезонга, халқаро стандартларга жавоб беради, қандай қилиб халқаро ҳамкорлик олиб бора олади. Ахир улар эмасми, халқаро даражада фаолият олиб борганда, биринчи навбатда ўз мамлакати манфаати, шаъни, обрўйи доирасида иш кўрадиган, улар эмасми халқаро ҳамкорларга юрти тарихи ҳақида гапириб берадиган, қизиқтирадиган.

Шуларни ҳисобга олган ҳолда 2020/2021 ўқув йили қабулидан бошлаб:

тест фанлари мажмуаси икки бўлимга ажратилиб, 1-бўлимга барча тест топширувчи абитуриентлар учун мажбурий 3 та фан – она тили, математика ва Ўзбекистон тарихи, 2-бўлимга даъвогарлик қилинаётган таълим йўналишига мос иккита фанни киритиш таклиф этилмоқда. Мажбурий фанлар бўлимидаги тест топшириқлари соддалаштирилган бўлиб, абитуриентларнинг умумий саводхонлиги ва таянч билимларини баҳолашга йўналтирилади. Тест топшириладиган фанлар мажмуасини шакллантиришдан олдин, албатта, кенг жамоатчилик ва мутахассисларнинг фикрлари ўрганилади.

Учинчидан, энг юқори баллнинг 30 фоиз ва ундан юқори балл тўплаган абитуриентларга фанлар бўйича тест синовлари натижалари акс этган ва 3 йил муддатга амал қиладиган сертификат бериш тартибини жорий этиш масаласи киритилди. Ушбу тартиб доирасида сертификатга эга бўлган, жорий йилда ўқишга тавсия этилмаган ёки ўқишни хоҳламаган абитуриентлар, хоҳишига кўра, кейинги 2 йилда бўладиган тест синовларида иштирок этмаслиги ва сертификатдаги балл бўйича белгиланган муддатда ва тартибда танловларда тўловларсиз иштирок этиш имконияти таклиф этилмоқда. Бу абитуриентга ўқишга кириш имкониятини янада кенгайтиради.

Тўртинчидан, таҳлиллар натижасига кўра, таълим муассасаларида, ташкилот ва корхоналарда айрим ёшларимизнинг ёзиш кўникмаси талаб даражасида эмаслиги (ҳатто оддий ариза ёза олмаслиги) жиддий ўйлашга сабаб бўлаяпти. Шу боис, келгуси ўқув йилидан бошлаб ёшларнинг ёзиш кўникмаларини аниқлаш мақсадида “Ўзбек тили”, “Рус тили”, “Қорақалпоқ тили” фанлари бўйича алоҳида синовларни ташкил этиш таклиф этилди. Ушбу тест синовлари давомида тўпланган балларни кириш тест синовларида ҳам ҳисобга олиш режалаштирилмоқда.

Бешинчидан, жорий йилдан бошлаб барча абитуриентларни тест синовлари ва танловда иштирок этиши учун ўзлари истиқомат қиладиган жойлардаги Давлат хизматлари марказлари орқали рўйхатдан ўтказиш тизими босқичма-босқич йўлга қўйилади. 

Бу жараён Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги билан биргаликда тайёрланаётган ва Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан тасдиқланаётган алоҳида “Олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун ҳужжатларни қабул қилиш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламенти” асосида тартибга солинади.

Олтинчидан, маълумки, хорижий давлатларда барча кириш тест синовлари тўлов асосида ташкил этилади. Таҳлиллар асосида аниқланишича, тест синовларига тайёргарлик кўрмасдан келаётганлар, тест топшириш жараёнида кимнингдир ёрдамини кутаётганлар учрамоқда. Ҳар йили тест синови бошлангандан кейин 30% га яқин абитуриент 0.5 соат ичида тест жараёнидан чиқиб кетмоқда. Шу билан бирга, давлатнинг тест жараёнларини очиқлиги, шаффофлиги ва холислигини таъминлаш учун катта миқдордаги маблағларни сарфлашга тўғри келмоқда. 

Таклиф этилаётган қарор лойиҳасига мувофиқ олдинги ўқув йилларида таълим муассасаларини тугатган абитуриентлардан тест синовларида иштирок этиши учун энг кам иш ҳақининг бир баробарига тенг миқдорида йиғим жорий этилмоқда (тўлиқ давлат таъминотидаги етим болалар, I ва II гуруҳ ногиронлар бундан мустасно). Ушбу йиғимлар Давлат тест маркази фаолиятини ривожлантириш жамғармасига йўналтирилади. Жорий йил битирувчилари учун тест синовлари давлат ҳисобидан ўтказилиши белгиланмоқда. 

Жамоатчиликка бу йиғимлар абитуриентларнинг ўзларига қайтишини тушунтира олишимиз керак. Масалан, маблағларнинг қайтиши уларга яхши шарт-шароит яратиш, айнан биноларни тайёрлаш, тартиббузарликларни аниқлайдиган, олдини оладиган техника воситаларини қўллаш, биноларнинг мўътадил ҳароратини таъминлаш, сув, ручка, сифатли тест материалларини тайёрлаш, уларни жойларга етказиш ва олиб келиш, натижаларни тезкор ҳисоблаш ва абитуриентга етказиш, назоратчиларни тайёрлаш, малакасини ошириш эвазига адолатлилик, шаффофлик, холисликни таъминлаш ва бошқача кўринишларда бўлиши мумкин. Яна бир гап – таълим муассасаларини олдинги ўқув йилларида тугатган абитуриентлар бир маротаба тўлов эвазига 3 йил давомида имконият, имтиёзлардан фойдаланади. Чунки, юқорида айтиб ўтганимиздек, бир маротаба тест синовларида тўплаган баллари уларга яна 2 йил давомида тест синовларига иштирок этмаслик ва шу муддат мобайнида ўзи танлаган олий таълим муассасаларида белгилаган таълим йўналишлари бўйича мутлақо тўловсиз танловларда иштирок этиш имкониятини яратади.

Тест ўтказилган куннинг эртасига абитуриентнинг фанлар бўйича тест синовидан умумий тўплаган баллари Давлат тест марказининг расмий веб-сайтида эълон қилинади.

Тест синовлари тўлиқ якунлангандан кейин абитуриентларнинг умумий тўплаган баллари бўйича бир ҳафта муддат ичида олий таълим муассасаларининг тегишли таълим йўналишларига танлов ўтказилади. 

Ўтган ўқув йилида 5 285 нафар гуруҳ назоратчилари тест синовлари жараёнида иштирок этди. Жорий ўқув йили қабулида ҳам таълим муассасалари раҳбар ва педагог ходимлардан шартнома асосида гуруҳ назоратчиларини шакллантириш ҳамда уларга Давлат тест маркази фаолиятини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан иш ҳақи тўлаш таклиф этилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги тест синовлари жараёнини ёритиш мақсадида шахсни идентификациялаш воситалари, видеофиксация қурилмалари, мобиль алоқа тўлқинини тўсувчи, бармоқ изларини текширувчи, металлодетекторлар, мониторлар билан ҳар йили тест синовлари ўтказиладиган биноларни жиҳозланиши белгиланмоқда.

Еттинчидан, Давлат тест маркази қошида юридик шахс мақомига эга бўлган Халқаро ўқув-илмий маркази ташкил этиш таклиф этилмоқда.

Халқаро ўқув-илмий марказ шартнома асосида қисқа ва узоқ муддатли тестология йўналиши бўйича малака ошириш ўқув курсларини ташкил этади.

Малака ошириш курсига республиканинг барча таълим муассасаларидан тестология билан шуғулланишни хоҳлаганлар қатнашиши мумкин. Малака ошириш курсларига хориждаги малакали мутахассисларнинг жалб этилиши назарда тутилмоқда.

Хориж тажрибасига кўра чет тилини билиш даражасини баҳолаш билан шуғулланадиган ташкилотларда (Гёте институти, Кэмбридж университети ва бошқалар) ўқув курслари ташкил этилиш амалиёти қўлланилади. Бунга асосий сабаблардан бири даражаси баҳоланаётган тилни малакали мутахассислар томонидан ўқитиш ҳамда тест топшириқларини аппробациядан ўтказиш, яъни ўқувчилардан олинган тестлар орқали янги тестларнинг валидлигини текшириш ҳисобланади. 

Халқаро ўқув-илмий марказининг навбатдаги вазифаси тегишли ташкилотлар билан келишилган ҳолда чет тилини билиш ва эгаллаш даражасини баҳолаш бўйича халқаро тан олинган ташкилотлар синовларини ҳамкорликда ташкиллаштиришдан иборат бўлиши белгиланмоқда, яъни халқаро ташкилотлар билан тегишли шартномалар тузилган тақдирда мазкур фаолият йўлга қўйилади.

Шу ўринда муҳим эслатма: Қарор лойиҳасини ишлаб чиқишда Корея, Германия, Япония, Хитой, Туркия, Россия ва Қозоғистон каби давлатларнинг илғор тажрибалари ўрганилган. Бу ҳали лойиҳа, айни пайтда жамоатчилик томонидан кенг муҳокама қилинмоқда, таклифлар берилмоқда. Шундан келиб чиқадиган бўлсак, ҳозирги қайд этиб ўтилган янгилик ёки ўзгаришлардан қайсисидир қабул қилинмаслиги, умуман бошқача шаклга бўлиши ёхуд янгилари қўшилиши мумкин. 

Лекин бир нарса аниқ ва ўзгармас – ушбу қарорнинг қабул қилиниши олий таълим муассасаларида қабул жараёнини соддалаштириш, тест синовларининг янада очиқлиги, холислиги ва шаффофлигини таъминлаш, абитуриентларга имкониятлар ҳамда имтиёзлар яратиш тизимини тубдан яхшилашга хизмат қилади.

Давлат тест маркази
Хоразм вилояти бўлими
Телеграм канали: @dtmxorazm
Телеграм бот: @dtmxorazmbot
Веб саҳифа: http://dtmxorazm.zn.uz
February 28, 2019
by ДТМ Хоразм вилояти бўлими