Депутат январь ойининг ўзида 78 нафар аҳолини иш билан таъминлади
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон либерал-демократик партияси Наманган вилоят Кенгаши депутати Олимхон Бабаханов ва маҳаллий Кенгаш депутати Ғиёсиддин Бабаханов Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномаси ҳамда “2020 йил – Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожланиш йили” Давлат Дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, айниқса аҳоли билан тўғридан-тўғри очиқ мулоқотни йўлга қўйиш, уларни қийнаб келаётган муаммоларни аниқлаб, бартараф этишга кўмаклашиш мақсадида “Фуқароларни қабул қилиш хонаси” ташкил этдилар.
Наманган шаҳри, Уйчи кўчасида жойлашган қабул хонанинг очилишида шаҳар ҳокими Шавкатжон Абдурозаков ва маҳаллий Кенгаш депутатлари ҳам иштирок этдилар.
Маълум бўлишича, депутатлар томонидан маҳалла аҳлини кичик бизнес, айниқса уй шароитида оилавий тадбиркорлик ва ҳунармандчилик фаолиятига кенг жалб этиш ҳамда ишга муҳтож қатламнинг бандлигини таъминлаш борасида тизимли ишлар ташкил этилиб, аҳоли вакилларига бизнесни юритиш бўйича ҳуқуқий маслахат ва тегишли тавсиялар бериб келинмоқда.
Эндиликда ҳудуддаги аҳоли вакиллари, айниқса ёшлар ва аёллар бизнес сир асрорларини бепул ўрганишлари мумкин. Депутатлар ташаббуси Савдо-саноат Палатаси вилоят кенгашининг “Тадбиркорликка кўмаклашиш маркази” ҳамкорлигида “Бизнесни режалаштириш” мавзусида кунлик ўқув семинарлари ўқитиб борилади.
Яна, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга замонавий билим ва касб-ҳунарлар ҳамда хорижий тилларни пухта эгаллашларига кўмаклашиш мақсадида ҳар ойнинг душанда ва пайшанба кунлари инглиз тили буйича ҳам бепул сабоқ бериб борилади.
Бундан ташқари, маҳаллалардаги ижтимоий кўмакка муҳтож аҳоли вакиллари назоратга олиниб, моддий ва маънавий жихатдан доимий равишда қўллаб-қувватлаш ишлари олиб борилмоқда.
Январ ойи давомида маҳалладаги кам таъминланган оилаларга дори-дармонлар учун маблағ, суюлтирилган газ баллони ҳамда момиқ сочиқ махсулотлари ҳомийлик асосида етказиб берилди.
Депутатлар томонидан январь ойи давомида яратилган янги иш ўринлари ҳисобига 78 аҳоли иш билан таъминланди.
- Мақсадимиз халққа енгиллик яратиш, - дейди маҳаллий Кенгаш депутати Ғиёсиддин Бабаханов. – Мана бугуннинг ўзида 20 нафардан ортиқ фуқароларни мурожаатларини тингладик, улардан ишга жойлашиш истагини билдирган 5 нафари иш билан таъминланди, 5 нафарига молиявий ёрдам кўрсатилди.
Мурожаатлар мобайнида ҳал этилиши вақт талаб этадиган масалалар юзасидан тегишли ташкилотларга депутатлик сўровлари юборилиб, ижобий ҳал этишга чоралари кўрилмоқда.
Юлдуз ЮЛДАШЕВА, O‘zLiDeP Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби.